Ишлаб чиқаришнинг замонавий усули
  • 12 Март 2015

Ишлаб чиқаришнинг замонавий усули

корхоналар фаолиятини ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган  мажлисида алоҳида таъкидланганидек, тадбиркорлик соҳасида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи учун янада қулай шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Дарҳақиқат, бугунги кунда мазкур соҳа вакиллари иқтисодий тараққиётнинг таянч кучига айланмоқда. Буни ўтган йили биргина Хоразм вилоятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 73,9 фоизга етгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Воҳада ишбилармонларнинг эмин-эркин фаолият юритишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилгани туфайли 2014 йили 1201 ана шундай янги субъект иш бошлади. Бу, ўз навбатида, меҳнат билан банд аҳолининг 79,4 фоизини ушбу соҳага жалб этиш имконини берди. Бундай ижобий натижаларга эришишда, албатта, тижорат банклари томонидан тадбиркорларга 365,7 миллиард сўмлик, олдинги йилдагига нисбатан 1,3 баробар кўп кредит ажратилгани муҳим аҳамият касб этди.
Урганч шаҳридаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Ширин” масъулияти чекланган жамияти 2003 йилда ташкил қилинган. Ўшанда бу ерда 13 киши фаолият юритган бўлса, ҳозирги кунда корхонада 48 киши меҳнат қилаяпти. Уларнинг 21 нафари коллеж битирувчиси экани, айниқса, эътиборга моликдир. Шу билан бирга, 10 киши касаначилик асосида ишлаяпти.
Корхона замонавий технологиялар билан жиҳозлангани боис ўтган йили 1 миллиард 426 миллион сўмликдан ортиқ маҳсулот тайёрлашга эришилди. Бу, шубҳасиз, “Ширин”да ишлаб чиқариш қуввати тобора ортиб бораётганлигидан далолатдир.
Гап шундаки, жамоа аҳли цехларни модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, якунланган йилда 550 миллион сўмликдан зиёд техник ва технологик янгилаш ишлари амалга оширилди. 10 та қўшимча иш ўрни яратилди. Ресурс тежамкорлиги туфайли маҳсулот таннархи бирмунча арзонлашди.
Эътиборли жиҳати, корхонада тайёрланаётган маҳсулотлар сифатлилиги боис харидорларга маъқул келаяпти. Ҳамкорлар сафи эса тобора кенгаймоқда. Айни пайтда 30 дан ортиқ савдо шохобчаларига ширинликлар етказиб берилаётгани бунга мисол бўла олади.
— Юртимизда тадбиркорларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан руҳланиб, масъулият билан иш юритаяпмиз, — дейди корхона раҳбари Комилжон Машарипов. — Бу салмоқли ютуқларни қўлга киритишимизда муҳим омил бўлмоқда. Келгусида ҳам аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, иқтисодиётимизни янада равнақ топтиришга муносиб ҳисса қўшамиз.

 

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ
олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn