Мақсадли лойиҳалар самараси
  • 11 Март 2015

Мақсадли лойиҳалар самараси

“Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасидаги корхоналар фаолиятида яққол намоён бўлмоқда

Ҳар бир мамлакат тараққиётида саноат тармоқлари салоҳиятини ошириш, ишлаб чиқаришга инновацион лойиҳаларни татбиқ этиш, умуман, иқтисодиётни юксалтиришда хорижий сармоядорларга яратилган қулай шарт-шароит ва жалб қилинаётган инвестицияларни аниқ мақсадга йўналтириш муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоизки, юртимизда бу борадаги ишларга катта эътибор қаратилаётгани туфайли жойларда кўплаб қўшма корхоналар фаолияти йўлга қўйилиб, уларда тайёрланаётган сифатли маҳсулотлар ички ва ташқи бозорда тобора харидоргир бўлиб бормоқда. Хусусан, Навоий вилоятида
МДҲ мамлакатлари орасида биринчи бўлиб, махсус эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этилгани ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди.
Яқин-яқингача юртимизга болалар гигиеник воситалари четдан келтирилар эди. Табиийки, бу ортиқча вақт ва маблағни талаб этарди. Иқтисодий ҳудудда “Navoiy Hunan Pulp” қўшма корхонаси ишга туширилгач, бу масала нафақат ўз ечимини топди, балки эндиликда мазкур турдаги маҳсулотлар “Pannolino” савдо белгиси остида бир қатор хориж давлатларига экспорт қилинмоқда. Энг муҳими, ушбу маҳсулот ҳавони яхши ўтказади. Таркибида шифобахш экстрактлар мавжудлиги боис гўдакнинг нозик танасига зиён етказ-майди, аллергик реакцияларни келтириб чиқармайди.
— Айни пайтда 18 турдаги гигиеник воситани ишлаб чиқараётган бўлсак, ўтган йили бажарилган модернизациялаш тадбирлари натижасида қадоқлаш сифатини ошириб, дизайнни янада такомиллаштирдик, — дейди корхона бош муҳандиси Лола Ўринова. — Ишлаб чиқаришда сифатга алоҳида эътибор қаратаётганимиз туфайли хорижлик буюртмачиларимиз сони тобора ортмоқда. Жумладан, 2012 — 2014 йиллар мобайнида қарийб 6,5 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, шундан 84 минг АҚШ долларилик қисми чет эллик харидорларга сотилди.
Дарҳақиқат, воҳада хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали  замонавий ва юқори унумдор технологик линияларга асосланган корхоналарда жаҳон бозорларида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш тажрибаси амалда ўзини оқламоқда. Ўтган вақт мобайнида Жанубий Корея, Хитой, АҚШ, Германия, Италия, Ҳиндистон, Сингапур, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар иштирокида умумий қиймати 100 миллион доллардан зиёд бўлган инвестициявий лойиҳалар доирасида 20 га яқин саноат корхоналари ишга туширилгани бунинг исботидир. Пировардида дори-дармон, турли уй-рўзғор буюмлари, қурилишбоп материаллар, автомобилларнинг эҳтиёт қисмлари сингари ўнлаб янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, салкам минг нафар кишининг бандлиги таъминланди.
Бугунги кунда ҳудудда хориж сармоядорлари иштирокида ташкил этилган “Telecom Innovations”, “UzMinda”, “UzEraeCablе” каби қўшма корхоналар барқарор фаолият юритаётган бўлса, жорий йилда уларнинг сони янада кўпаяди. Сабаби, шу кунларда бир нечта корхона иншоотларида қурилиш-монтаж ишлари жадал олиб борилмоқда. Ушбу юмушлар тез орада ниҳоясига етказилиши, шубҳасиз. Негаки, хорижий ишбилармонларга “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги ҳамда “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг -кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонунлар билан бир қатор -имтиёз ҳамда имкониятлар берилаяптики, бу, ўз навбатида, уларнинг қизиқишини тобора оширмоқда.
Бундан англашиладики, яқин вақт ичида бозорларимиз яна кўплаб янги турдаги маҳсулотлар билан бойийди. 

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn