Ўзаро ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори
  • 26 Февраль 2015

Ўзаро ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида бошланган “Қурилиш — UzBuild — 2015”, “Мебель, ишлаб чиқариш технологиялари — Mebel Expo Uzbekistan — 2015” ва “Иситиш, ҳавони тозалаш — Aqua-therm Tashkent — 2015” халқаро кўргазмалари қизғин давом этмоқда. Мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси, “Ўзкоммунхизмат” агентлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси томонидан ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли иқтисодиётимизнинг барча тармоғида барқарор ўсиш суръатлари таъминланмоқда. Масалан, биргина қурилиш саноатини оладиган бўлсак, ушбу тармоқда, айниқса, кейинги йилларда қўлга киритилаётган ютуқлар салмоғи сезиларли даражада ортганига гувоҳ бўламиз. Бултур тизимдаги корхоналар томонидан 4 триллион 553 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилгани ва бу кўрсаткич аввалги йилдагига нисбатан 10,7 фоиз кўп эканлиги ана шундан далолат беради.
Албатта, соҳадаги бундай ижобий ўзгаришлар хорижлик мутахассисларнинг ҳам эътиборини тортмоқда. Буни учала халқаро кўргазмага Австрия, Германия, Италия, Хитой, Швеция, Дания, Испания, Жанубий Корея, БАА, Польша, Финляндия, Франция сингари давлатлардан кўплаб компания ва фирмалар вакиллари ташриф буюргани яққол тасдиқлаб турибди.
— Ўзбекистон ҳар жиҳатдан жадал ривожланаётган мамлакатлар сирасига киради, — дейди Бирлашган Араб Амирликларининг “Mammut Building Systems” компанияси вакили Эмил Тукратов. — Беш йиллик ҳамкорлигимиз давомида бунга яна бир карра амин бўлдик. Яъни ўтган вақт мобайнида енгил конструкцияли иншоотлар қурилиши билан шуғулланувчи корхонамиз мутахассислари юртингизда кўплаб саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш биноларини барпо этишди. Шу кунларда эса “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси томонидан самолётларни таъмирлаш корхонасини қуриш бўйича ўтказилаётган тендерда иштирок этаяпмиз. “Қурилиш — UzBuild — 2015” халқаро кўргазмасида қатнашишдан кўзлаган мақсадимиз эса ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашдир.
“Мебель, ишлаб чиқариш технологиялари — MebelExpo Uzbekistan — 2015” ўн иккинчи халқаро кўргазмасида айни шу тармоқда эришилган ютуқларни намойиш қилиш баробарида, ишлаб чиқаришга илғор инновацияларни жалб этиш, корхоналарни модернизациялаш усуллари ҳам кенг тарғиб қилинмоқда. Аниқроғи, ҳар бир иштирокчи унинг стендларидан ёғочга ишлов беришдан тортиб, уни тайёр маҳсулотга айлантиришгача бўлган жараёнлар, бунинг учун зарур дастгоҳ ва ускуналар билан танишиш имкониятига эга бўлаяпти.
Замонавий архитектура қоидалари асосида бунёд этилган ҳамда сифатли мебеллар билан жиҳозланган иншоот ёки хонадонларнинг сув таъминоти,  ҳаво алмаштириш, иситиш ва совитиш тизими  ҳам шунга мос бўлиши лозим. Шундай маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг маҳсулотлари эса  тўртинчи маротаба уюштирилган “Иситиш, ҳавони тозалаш — Aqua-therm Tashkent — 2015” кўргазмасидан ўрин эгаллаган.
Буларнинг бари ишлаб чиқарувчилар ва ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Жорий йилнинг 27 февралига қадар давом этадиган халқаро кўргазмаларда, шунингдек, турли тақдимот маросимлари ва семинарлар ўтказилиши режалаштирилганки, бу уларнинг иши янада самарали кечишида муҳим омилдир. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn