Йигирма мингинчи автомобиль
  • 25 Февраль 2015

Йигирма мингинчи автомобиль

Самарқанд автомобиль заводида йигирма мингинчи автомобиль ишлаб чиқарилди. Шу муносабат билан бу ерда тантанали тадбир бўлиб ўтди. Айтиш жоизки, сиқилган табиий газ билан ишлайдиган “Isuzu NPR82” русумли машина заводнинг 20 000-автомобили сифатида қайд этилди.

Ушбу автомобилнинг тақдимот маросимида “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси, “Isuzu Motors”, “Itochu Corporation” компаниялари вакиллари иштирок этди. Сўзга чиққанлар бундай автоуловлар юқори техник хусусияти ҳамда замонавий дизайни билан Ўзбекистон автомобиль саноати бозорини ривожлантириш ва иқтисодиётини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшишини алоҳида таъкидладилар.
 — Самарқанд автомобиль заводининг йигирма мингинчи автомобили ишлаб чиқарилганлиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда қатнашиш мен учун катта бахт, — дейди “Isuzu Motors” компанияси ижрочи президенти Таканобу Фурута. — Ушбу унутилмас рақамга сиқилган табиий газ ёрдамида ҳаракатланадиган автомобиль тўғри келгани қувонарлидир. Чунки бу машина экологик транспортларнинг янги авлоди сифатида барча талабларга жавоб беради.
Самарқанд автомобиль заводида сиқилган табиий газда ишлайдиган автомобиллар ишлаб чиқариш 2011 йилда йўлга қўйилган. Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган лойиҳа доирасида завод 2014 — 2015 йилларда мингдан зиёд чиқинди ташиш автомобиллари ишлаб чиқаришга буюртма олди. Бундан ташқари, сиқилган табиий газда ишловчи яна уч хил кузовга эга автоуловлар — фургон, бортли ва ўзиағдаргичларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида юртимиздаги бир қатор ободонлаштириш бошқармалари ҳамда махсус санитар тозалаш хизматларининг автомобиль парки янгиланмоқда.

М. ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn