Истиқболли лойиҳалар иқтисодиётимиз тараққиётини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда
  • 18 Февраль 2015

Истиқболли лойиҳалар иқтисодиётимиз тараққиётини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда

Президентимиз мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида алоҳида таъкидлаганидек, Ўзбекистонда иқтисодиётни ва унинг етакчи тармоқларини ривожлантиришда барқарор юқори суръатларга эришилмоқда.

Хусусан, Жиззах вилояти саноатидаги бундай ўзгаришлар, биринчи навбатда, янги иш ўринларини яратиш, ялпи ҳудудий маҳсулотда соҳанинг улушини кўпайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш орқали четдан олиб келинаётган товарлар ҳажмини қисқартиришда ўз аксини топмоқда. Бунда, албатта, вилоятда саноатни ривожлантириш бўйича 2013 — 2015 йилларга мўлжалланган дастур ижросини таъминлаш мақсадида аниқ ташкилий-амалий тадбирлар рўёбга чиқарилгани ва улар изчил давом эттирилаётгани муҳим омил бўлди.
— Ушбу дастурга мувофиқ, ҳудудимизда  ўтган йили умумий қиймати 331,3 млрд. сўмлик 237 та лойиҳа амалга оширилди, — дейди вилоят иқтисодиёт бошқармаси бошлиғи Тоҳир Абдуназаров. — Уларнинг муваффақиятли бажарилишида тижорат банклари томонидан ўз вақтида ажратилган 56,7 млрд. сўмлик кредитлар алоҳида ўрин тутди.
Шуниси диққатга сазоворки, саноатни ривожлантириш бўйича лойиҳалар  вилоятнинг барча туман ва шаҳарларини қамраб олишига  эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Жиззах туманидаги “Жиззах жун” масъулияти чекланган жамиятида жунни қайта ишлаш йўлга қўйилиши билан 120 та иш ўрни ташкил этилган бўлса, 1,2 млн. АҚШ долларилик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига Жиззах шаҳридаги “Қуёш иссиқлик энергияси” Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонасида қуёш батареялари ёрдамида сув иситадиган ускуналар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, ўаллаорол туманида лойиҳа қиймати 6,5 млрд. сўмлик масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Наргиза текс”  корхонаси фойдаланишга топширилди.
— Корхонамизга хориждан келтирилган замонавий дастгоҳлар ўрнатилгани туфайли йилига 850 минг дона трикотаж маҳсулоти тайёрлаш қувватига эга бўлдик, — дейди унинг раҳбари ўринбосари Беҳзод Акрамов. — Бу юмуш билан 170 нафар ишчи-мутахассис банд. Келгусида эса экспортбоп трикотаж маҳсулотлари  ишлаб чиқариш баробарида, газламалар тайёрлашни ҳам ўзлаштирмоқчимиз.
Маълумотларга қараганда, 2013 йилда вилоятда етиштирилган пахта толасининг, бор-йўғи, 9 фоизи қайта ишланган эди. Истиқболли лойиҳаларнинг асосий қисми енгил саноатда муваффақиятли амалга оширилаётгани боис бир йил ичида мазкур кўрсаткич 36 фоиздан ошди. Чунончи, “Жиззах пластекс” корхонасида 12 минг тонна, “Рустекс инвест” ва “Фориш текстиль груп” қўшма корхоналарида 3,5 минг тоннадан, “Жиззах кентекс” корхонасида 6,5 минг тонна, жами 25,5 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш қувватлари яратилгач, уларда йилига 20,5 минг тонна калава ип  ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлди.
Айни пайтда “Жиззах пластмасса” АЖнинг бўш турган ер майдони, бино ва иншоотлари негизида саноат зонасини ташкил этиш ва бу ерда 10,8 млрд. сўмлик 18 та лойиҳа ижросини таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар кўрилаяпти.
Хулоса ўрнида айтганда, Жиззах вилоятида саноат салоҳиятини ривожлантириш бўйича дастурнинг рўёби иқтисодиётимиз тараққиётини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn