Ўзбекистон маҳсулотларига юксак баҳо
  • 18 Февраль 2015

Ўзбекистон маҳсулотларига юксак баҳо

“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остида тақдим этилаётган маҳсулотларимиз хорижлик харидорлар меҳрини қозониб, соҳа мутахассисларининг юксак эътирофига сазовор бўлмоқда. Буни  озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар “ПродЭкспо — 2015” анъанавий халқаро кўргазмаси якунлари яна бир карра тасдиқлади.

Гап шундаки, 65 мамлакатдан икки мингдан ортиқ фирма ва компаниялар иштирок этган мазкур тадбирда “Ўзвиносаноат-холдинг” компанияси маҳсулотлари юқори баҳоланиши билан бирга, уни етказиб бериш бўйича кўплаб келишувларга эришилди. Энг асосийси, халқаро кўргазма доирасида ўтказилган “2015 йилнинг энг яхши маҳсулоти” танловида Ўзбекистон маҳсулотлари 18 та медаль билан тақдирланди. Бу истиқлол йилларида Президентимиз ташаббуси билан узумчиликни ривожлантириш, етиштирилган ҳосилни чуқур қайта ишлашни янада такомиллаштириш борасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасидир.
Юртимиз иқлими қишлоқ хўжалигининг барча тармоғи, айниқса, узумчиликни ривожлантириш учун жуда қулай. Бу ерда етиштирилган мева ва узум таркибида табиий шакар, амино ҳамда органик кислоталар, саломатлик учун энг муҳим бўлган микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги билан бошқа минтақаларда етиштирилган турдош маҳсулотлардан устун туради.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 13 мартдаги “2013 — 2015 йиллар давомида республикада узумчиликни янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, айниқса, токзорларни кенгайтириш, дунё бозорида машҳур узум навлари майдонларини кўпайтириш борасидаги ишларни жадаллаштириб юборди. “Ўзвиносаноат-холдинг”  компанияси томонидан ушбу ҳужжат талаблари асосида янги токзорлар барпо этиш билан бир қаторда, тизимдаги корхоналар техник ва технологик жиҳатдан янгиланиб, модернизация қилинаётгани жаҳон бозорида харидоргир маҳсулотлар турини янада кўпайтириш имконини бераяпти.
— Халқаро кўргазмада “Ўзвиносаноат-холдинг” компанияси 115 турдаги маҳсулоти билан иштирок этди, — дейди компаниянинг модернизация ва илғор технологияларни жорий қилиш бошқармаси бошлиғи Адолат Вострикова. —  Улар ўзининг юқори сифати билан ҳаммага манзур бўлди. Бундай дейишимиз учун асослар етарли, албатта. Танловга 500 компания томонидан тақдим этилган бир минг беш юз хилдаги маҳсулот орасидан “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи туширилган бизнинг маҳсулотлар саккизта олтин, тўққизта кумуш ва битта бронза медалга муносиб кўрилгани бунинг яққол тасдиғидир.
Мамлакатимиз саноатчилари қўлга киритган ушбу ютуқ рақобатдош маҳсулотларимиз ташқи бозорда тобора мустаҳкам ўрин эгаллаётганининг ёрқин ифодасидир.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn