Халқаро ҳамкорликнинг янги уфқлари
  • 14 Февраль 2015

Халқаро ҳамкорликнинг янги уфқлари

Ҳар бир мамлакат иқтисодиёти ривожида транспорт-коммуникация тизими муҳим аҳамият касб этади. Мутахассислар эътирофича, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида транзит салоҳияти тобора юксалиб бораётган давлатдир. Айни пайтда юртимизда ушбу йўналишда изчил ислоҳотлар олиб борилаётгани, хусусан, тармоқда замонавий технологиялар асосида халқаро стандартларга мос транспорт инфратузилмасини яратиш бўйича йирик дастур амалга оширилаётгани бунинг яққол тасдиғидир.

Транспорт ва логистика глобал иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан ҳисобланади. Шу боис мазкур соҳага мамлакатимизда катта миқдорда маблағ йўналтирилаётир. Зеро, буларнинг бари азал-азалдан асосий савдо йўллари кесишган Ўзбекистоннинг транспорт-коммуникация ҳамда транзит имкониятларини янада оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлардир. Қувонарлиси, ҳозирги кунга келиб, бу борадаги ишлар ёрқин самаралар бермоқда. “Навоий” интермодал хабининг фаолияти бунга ёрқин мисол бўла олади.
2008 йилнинг август ойида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ва Жанубий Кореянинг “Кorean Аir” авиакомпанияси ўртасида “Навоий” аэропорти базасида консалтинг хизматлари кўрсатиш бўйича битим имзоланган эди. Айнан ушбу ҳужжат, ўз навбатида, Навоий шаҳрида халқаро аэропорт ва логистика марказини ташкил қилишга асос бўлди. 2010 йилнинг августида эса бу ерда Корея Республикасининг “Kyung Sang Machinery Co. Ltd.” компанияси билан ҳамкорликда бир кеча-кундузда 300 тонна юкни қабул қилиш имкониятига эга юк терминали қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда мазкур терминалда 6 та юклаш ва тушириш станцияси, совитиш, музлатиш ҳамда иситиш, шунингдек, тез айнувчи маҳсулотларни сақлаш камералари самарали ишлаб турибди.
Маълумки, Ўзбекистон тўғридан-тўғри денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган давлатлар сирасига киради. Шунга қарамай, интермодал логистика марказининг барпо этилиши билан Навоийда автомобиль, темир ва ҳаво йўллари уйғунлигини таъминлашга эришилди.
— Президентимиз мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида Навоий шаҳри аэропорти негизида ташкил қилинган халқаро логистика маркази Европа, Ҳиндистон, Хитой ва Жануби-Шарқий Осиёга авиация орқали юк ташишни амалга оширишга хизмат қилаётгани, у фойдаланишга топширилганидан буён ўтган вақт мобайнида 200 минг тоннадан зиёд юк ташилганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар, — дейди “Навоий” халқаро аэропорти ижрочи директорининг биринчи ўринбосари Улуғбек Исаев. — Дарҳақиқат, мазкур марказ салоҳияти йилдан-йилга ошиб бормоқда. Ҳозир юк қабул қилиш, уни вақтинча сақлаш ва жўнатиш каби барча транспорт хизматларини мужассам этган ушбу терминал ўртача 300 тонна юкни қайта ишлаш қувватига эга. Бинобарин, бу ерда мультимодал ташувлар, яъни икки ва ундан ортиқ транспорт турларида юкларни юборилган жойдан белгиланган манзилгача етказиб бериш имконияти мавжуд.
— Энг илғор технологиялардан фойдаланаётганимиз туфайли терминалда ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам катта миқдордаги юкни сақлаш ва қайта ишлашга эришаяпмиз, — дейди  “Навоий” халқаро аэропорти юк ташишни ташкил қилиш бўлими бошлиғи Элдор Негматов. — Масалан, 720 квадрат метр майдонни эгаллаган совитиш камерасини олайлик. Унда, асосан, истеъмол товарлари сақланади. 144 квадрат метр ҳажмдаги музлатиш камераси эса 40-45 тонна юкни сақлаш қувватига эга. У тўлиқ автоматик тизим орқали бошқарилади.
Яна бир диққатга молик далил: айни пайтда интермодал хабдан ҳар ҳафтада Осиё ва Европанинг йирик иқтисодий марказларига 25-30 та  парвоз амалга оширилмоқда. Бу Инчеон, Франкфурт, Милан, Брюссель, Дубай, Тяньцзинь, Деҳли, Мумбай каби логистика марказлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келинаётгани самарасидир. Қолаверса, “Korean Air” авиакомпанияси кўмагида интермодал логистика хабида юкларни қайта ишлаш жараёни такомиллаштирилди. Пировардида  ўтган йили қарийб 33 минг тонна қайта ишланган юклар ўз манзилига етказилди.
Бундан ташқари, яқинда “Навоий — Тяньцзинь — Навоий” йўналишида иккинчи қатнов йўлга қўйилгани ҳам ўзига хос янгилик бўлди. Истиқболда ҳафтасига бир марта “Навоий — Дакка — Навоий” йўналишида чартер, “Навоий — Франкфурт — Навоий” йўналишида мунтазам ҳамда Гуанчжоу ва Шанхайга янги парвозлар очиш мўлжалланаяпти.
Мухтасар айтганда, Осиёни Европа билан боғловчи асосий автомобиль ва темир йўл тармоқлари кесишмаларида жойлашган, жуғрофий жиҳатдан ниҳоятда қулай нуқтада барпо этилган “Навоий” халқаро аэропорти негизидаги интермодал логистика маркази халқаро бозорга юкларни транзит қилишда етакчи марказга айланиб бормоқда. Зеро, бундай йирик ва истиқболли лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши пировардида транспорт-коммуникация тизимининг жадал ривожланиши ҳамда қадимий Буюк Ипак йўли чорраҳасидаги Ўзбекистоннинг дунё мамлакатлари билан турли йўналишлардаги алоқалари тобора мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn