Кичик корхонадан — жаҳон бозорига
  • 14 Февраль 2015

Кичик корхонадан — жаҳон бозорига

Мустақиллик йилларида хусусий мулкнинг афзаллиги одамларимиз ҳаётида яққол намоён бўлди. Агар мустабид замонда ташмачилик, ўғирлик, давлат мулкидан уриб қолиш осонликча барҳам топмайдиган иллатлар бўлган бўлса, мулк аниқ эгасининг қўлига ўтгач, ҳеч ким ўз чўнтагига ола қарамаслиги одатга айланди.

Шу тариқа кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожлана бошлади. Бу соҳадаги асосий кўрсаткичга эътибор қилайлик: Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳиссаси 2000 йилда 31 фоизни ташкил этган бўлса, мазкур кўрсаткич, 2014 йил якунига кўра, 56 фоизга етди.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан бундай субъектларга кенг йўл бериш учун барча чоралар кўрилмоқда. Мазкур соҳа иқтисодиётимизнинг етакчи кучига айланиши, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш йўлидаги ҳиссаси янада кўпайиши учун алоҳида ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимизнинг оқилона сиёсати ажойиб муҳитни яратмоқда. Қаранг, ота-боболаримиздан мерос бўлган тадбиркорлик хислатларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ҳар томонлама қулай шароит туғдирилган. Истеъмолчи эҳтиёжига яраша маҳсулот тайёрлаш ёки хизмат кўрсатиш цикли мукаммал ҳисобга олинса (бу ишбилармонлар тилида “бизнес-режа” деб аталади), қонунларга монанд иш юритилса — олам гулистон, ҳар бир фуқаро эмин-эркин фаолият кўрсатиши мумкин. Айтайлик, турли-туман омиллар сабабли ишлаб чиқарилаётган маҳсулот бозорда касодга учраса, вазиятдан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш турини бошқасига ўзгартириш унча қийин эмас. Чунки кичик бизнес жуда катта харажатни талаб қилмайди.
Ҳар йили ўтказиладиган “Ташаббус” кўрик-танловларида мамлакатимиз барча ҳудудидан келган тадбиркорлар фаолияти билан яқиндан танишиб, уларнинг ютуқларидан қувонасиз. Ишнинг кўзини яхши билган, ўз кучи ҳамда имкониятига суяниб, таяниб яшайдиган, ўзини, оиласини боқаётган ва давлатга ҳам катта наф келтираётган мулкдорлар чинакам мўъжизалар яратмоқда. Илгари ички бозорни тўлдиришда ҳал қилувчи роль ўйнаган тадбиркорларимиз эндиликда ўз маҳсулотини  экспорт қилиш ҳадисини олишаяпти.
Экспорт салоҳиятини ошириш мамлакатимиз иқтисодиёти учун қанчалик муҳим аҳамиятга эгалигини тасаввур қилайлик. Халқаро мезонларда ташқи савдо айланмасида импортдан экспорт салмоғи юқори бўлган, яъни ижобий сальдога эришган мамлакатлар нуфузли саналади. Маҳсулот чет эллардаги харидор талабига жавоб бериши учун ҳам сифатли, ҳам арзон бўлиши керак. Қолаверса, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғига эга маҳсулотлар дунёнинг турли томонига тарқалиши ҳар биримизда ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотишини дилимиздан ўтказайлик. Бизнинг маҳсулотимиз хорижий эллардаги истеъмолчи кўз ўнгида Ўзбекистон ҳақида тасаввур уйғотади.
Аслида, жаҳон бозоридан муносиб жой олишнинг ўзи бўлмайди. Анча йиллар мобайнида савдонинг не-не корчалонлари дунё ҳудудларини эгаллаб олишган. Яъни ҳеч қаерда “Қани, бизга нима тақдим этасиз?” деб қараб турган истеъмолчи йўқ. Халқаро бозорни забт этиш учун нозик дидли харидорларга маъқул келадиган, бошқаларникидан афзаллиги билан ажралиб турадиган маҳсулот зарур. Албатта, буни бозорга бориб картошка сотиш билан таққослаб бўлмайди. Қаерда бизнинг маҳсулотга харидор топиш мумкин, уни етказиш учун нималар қилиш керак?!
Ана шу мураккабликларни ечиш учун Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолият юритмоқда. Ушбу Жамғарманинг асосий вазифаси мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилишда зарур ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий ёрдам кўрсатишдан иборатдир.
Жамғарманинг тадбиркорларимизга нақадар зарурлиги қисқа муддатда маълум бўлди. Айтайлик, 2014 йилда 2400 та тадбиркорлик субъектига маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш борасида хизмат кўрсатилди. 1,25 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги шартномалар имзоланди. Якунланган йилда 669 нафар тадбиркор 840 миллион доллардан зиёд маҳсулотни четга етказиб берди. 54 та ишлаб чиқариш корхонасида халқаро стандартлар талаблари асосида сифат менежменти тизими жорий қилинди. Мана, дастлабки натижалар: маҳсулот экспорт қилмоқчи бўлсангиз, асосан, кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат, машинасозлик, қурилиш саноати маҳсулотлари, шунингдек, сайёҳлик, ахборот технологиялари, транспорт ва молия хизматларининг бозори чаққонлигини ҳисобга олиш керак. Номи тилга олинган Жамғарма 173 та мамлакат бозорини ўрганиб, шундай хулосага келди. Жамғарма саъй-ҳаракати билан ўтган йили 80 дан ортиқ тадбиркор Германия ва Хитойда ўтказилган халқаро кўргазмаларда иштирок этиб, жаҳон бозори талаблари билан танишди. Жами 67 миллион АҚШ долларига тенг келишув битимлари тузилди.
Экспорт ишига киришган тадбиркор борки, янги-янги уфқларни эгаллаш сари интилаверади. Бевосита шу соҳада намуна бўлаётган хўжалик субъектлари фаолиятига назар ташлайлик.
Андижонда аёллар пальтоси, плашлар тикишга ихтисослаштирилган “Сезгин плюс” масъулияти чекланган жамияти икки йил олдин хориждан 143 минг АҚШ долларилик замонавий тикув дастгоҳлари олиб келиб, тадбиркорликни йўлга қўйди.
— Четга маҳсулот сотиш учун, аввало, рақобатда ғолиб чиқиш керак, — дейди ушбу корхона иш юритувчиси Нодирбек Абдураҳмонов. — Илгари харидор сифатли кийим учун узоқ жойлардан маҳсулот келтирадиган ишбилармонларга мурожаат қиларди. Энди энг илғор технология асосида ўз матоларимиздан харидорбоп пальто, плашлар тикаяпмиз. 2014 йилда 300 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилдик. Бу илк қадам, албатта. Муҳими, хорижлик харидорлар Ўзбекистон тадбиркорларини тан олишаяпти.
Ромитан туманидаги “Имиджтекстиль” масъулияти чекланган жамиятида эни одатдагидек кенг, яъни 2,20 метрлик газлама ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Ўтган йили қарийб 600 минг АҚШ долларига тенг мато экспортга жўнатилди. Бу йилги мўлжал ушбу кўрсаткични 1 миллион АҚШ долларига етказишдир.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ёки хизматни хориждаги истеъмолчи учун мақбул қилиш ишбилармонлардан журъат ва ишонч билан иш кўришни тақозо этади, албатта. “Ўзмиллийбанк” ҳузуридаги Жамғарма эса шу ниятда интилаётган тадбиркорларни ташқи бозор хатарларидан ишончли ҳимоялаш, маҳсулот ассортименти ҳамда турларини таҳлил этиш, уларнинг ташқи бозордаги рақобатдошлик даражасини аниқлаш ва бошқа хизматларни кўрсатишга тайёрдир.

Шуҳрат ЖАББОРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn