Инвестиция — янгиланиш ва тараққиёт омили
  • 13 Февраль 2015

Инвестиция — янгиланиш ва тараққиёт омили

Президентимиз мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида таъкидлаганидек, бултур иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларида замонавий ва юқори унумдор технологиялар билан  жиҳозланган 154 та йирик объект ишга туширилди. Бунинг учун 4 миллиард 200 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилди.

Дарҳақиқат, юртимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли иқтисодиётимиз барча тармоғида ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Айниқса, қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани, хорижий сармоядорларга имтиёз ва енгилликлар берилаётгани натижасида жойларда кўплаб замонавий корхоналар ташкил этилиб, ички ва ташқи бозорга сифатли маҳсулотлар етказиб берилаяпти. Масалан, поёнига етган йилда Самарқанд вилоятида Инвестиция дастури доирасида жалб этилган маблағлар ҳажми 2,2 триллион сўмни ташкил қилган бўлса, шундан 32,8 миллион долларга тенг қисми тўғридан-тўғри хорижий сармоялардир. Пировардида ҳудудда фаолият юритаётган корхоналар томонидан 152,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, белгиланган режа 5,2 фоиз зиёди билан уддаланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 18 ноябрдаги “Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан эса, “8 Март” масъулияти чекланган жамиятига сармоядорлар томонидан инвестиция киритилгач, у нафақат оёққа туриб олди, балки барқарор ривожланиб, 300 кишини бирлаштирган йирик тўқимачилик корхоналаридан бирига айланди.
Корхона раҳбари Исматилла Омоновнинг айтишича, 2013 йилда бу ерда матоларни бўяш, бичиш ва қадоқлашга ихтисослаштирилган “Зарафшон текстиль” масъулияти чекланган жамияти ҳам ишга туширилди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш мақсадида қарийб 5 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳаллий инвестиция жалб этилиши баробарида, коллежларнинг салкам 200 нафар битирувчиси доимий иш ўрни билан таъминланди. Ўтган йили улар томонидан тайёрланган 4 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилингани диққатга сазовордир.
Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, 2014 йил охирида “8 Март” МЧЖ муассислигида болалар, эркаклар ва аёллар учун жинси шимлар тикишга ихтисослаштирилган навбатдаги учинчи субъект —“Afrosiyob jeans” корхонаси фойдаланишга топширилди. Мазкур лойиҳа 2,5 миллион АҚШ долларилик маҳаллий сармоя эвазига рўёбга чиқарилди. 
— Бугунги кунда корхонамизда 200 нафарга яқин киши меҳнат қилмоқда, — дейди унинг раҳбари Алишер Ҳусаинов. — Ҳозирча маҳсулотларимизни маҳаллий буюртмачиларга етказиб бераяпмиз. Тез орада хориж бозорларига ҳам чиқишни режалаштирганмиз. Бунинг учун имконият ҳам, шарт-шароит ҳам етарли.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар амалда ўз самарасини бермоқда. Бунга тараққиёт сари дадил одим ташлаётган “8 Март” масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти яққол мисол бўла олади.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn