Фермерлик ҳаракати: Қишлоқ хўжалиги тараққиётининг қудратли кучи
  • 12 Февраль 2015

Фермерлик ҳаракати: Қишлоқ хўжалиги тараққиётининг қудратли кучи

Истиқлол йилларида мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи соҳаларидан бири — қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш масаласига устувор аҳамият берилди. Сабаби, давлатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлиги, дастурхонимиз файзи бевосита ушбу тармоқ истиқболига боғлиқ эди.

Шунинг учун аграр секторда ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида бозор муносабатларини жорий қилиш ва хусусий мулкчилик шаклини такомиллаштиришга йўналтирилган чора-тадбирлар ҳаётга изчил татбиқ қилинмоқда.
Бу эса ўзининг юксак самараларини бераётир. Узоққа бормайлик, ўтган йили мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тарихида биринчи марта 8 миллион 50 минг тонналик юксак ғалла хирмони бунёд этилгани, 3 миллион 400 минг тоннадан зиёд пахта етиштирилгани бунинг яққол далилидир.
Очиғи, илгари бундай натижага эришишни фақат орзу қилиш мумкин эди. Негаки, эндигина мустақилликка эришган чоғимизда республикамизда етиштирилган доннинг умумий ҳажми 940 минг тоннани, ўртача ҳосилдорлик эса гектарига атиги 17 центнерни ташкил этган эди, холос. Ўтган қисқа давр ичида Ўзбекистон ғалла мустақиллигига эришиб, донни импорт қилувчи давлатдан уни экспорт қилувчи қудратли мамлакатга айланди. Шунга мос равишда ҳосилдорлик ҳам кўтарилиб, гектар ҳисобига 55 центнерга етди. Ўнлаб илғор фермер хўжаликларида эса  бу кўрсаткич ҳатто 90 — 100 центнерни ташкил этмоқда. Бундай оламшумул ютуқлар замирида, шубҳасиз, Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ хўжалигига мулкчиликнинг янги шакли — фермерлик ҳаракати жорий қилингани, унинг ривожига кенг йўл очиб берилгани мужассам, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Дарҳақиқат, дунёнинг тараққий этган давлатлари тажрибасида ўзини ҳар томонлама оқлаган фермерлик ҳаракати юртимизда ҳам жуда қисқа давр ичида нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчиси, балки аграр соҳани ва у билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқларни ривожлантириш, шунингдек, аҳолининг турмуш даражаси ҳамда сифатини ошириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган қудратли ижтимоий-сиёсий куч сифатида майдонга чиқди.
Бугунги кунда республикамизда етиштирилаётган ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 99 фоизи хусусий сектор улушига тўғри келаётгани бунга тўла асос бўла олади. 
— Дунёнинг бирор давлатида фермерлар учун биздагидек қулай шарт-шароит яратилмаган бўлса керак, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, Қамаши туманидаги “Бозор ўғли Абди” фермер хўжалиги раҳбари Абдимурод Бозоров. — Чунки бевосита Президентимиз ташаббуси ва раҳбарлиги остида фермер хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёз ва преференциялар беришнинг самарали тизими ишлаб чиқилиб, унинг ижроси изчил таъминланмоқда. Бу эса, ўз навбатида, фермер хўжаликларининг молиявий ва иқтисодий жиҳатдан тезда оёққа туриб олишлари учун қулай имконият яратаяпти. Масалан, қишлоқ жойларда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани шакллантириш, ирригация тизимини барпо қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун маблағлар давлат бюджети томонидан молиялаштирилмоқда. Уруғлик, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш материаллари дейсизми, кимёвий воситалар бўладими — буларнинг бари дала бошигача етказиб берилаётир. Энди ўзингиз холисона айтинг: деҳқон учун шароит бўлса, шунчалик бўлади-да!
Юртбошимизнинг “Фермер бой бўлса — мамлакат обод бўлади” деган пурмаъно сўзларидан келиб чиқиб, шунингдек, фермер хўжаликларининг иқтисодий ва молиявий мустақиллигини мустаҳкамлаш, соҳанинг ҳуқуқий асос ҳамда кафолатларини яратиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ер майдонларини мақбуллаштириш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада одамларнинг ерга, мулкка эгалик ҳисси ошиб, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги кўтарилиши баробарида, етиштирилган маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичлари тубдан яхшиланаяпти. Бинобарин, давлатимиз раҳбари кўп бора таъкидлаганидек, “Ҳаммамизга маълумки, совет тузуми даврида хусусий мулк бўлмаган. Биз собиқ совет тузумининг асоратларидан фермерларга ер ажратиб, уларда мулкдорлик ҳиссини шакллантириш орқали халос бўла бошладик. Бугун  фермерлар — мамлакатимизнинг устунига айланди. Устун эса таянч, демакдир. Лекин фақат деҳқончилик ва чорвачилик билан фаровонликка эришиб бўлмайди. Фермерларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш лозим. Чунки фермерлик ҳаракати иқтисодиётимизни ривожлантиришга, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қиладиган қудратли  кучдир”.
Қишлоқ мулкдорлари олдига қўйилган ана шундай улкан мақсадлар босқичма-босқич рўёбга чиқарилаётгани туфайли фермерлик ҳаракати шаклланиш давридан ўтиб, ривожланишнинг ойдин йўлига чиқиб олди.
Гап шундаки, ширкат ва жамоа хўжаликлари тугатилгач, уларнинг негизида дастлаб 220 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари ташкил этилган эди. Ислоҳотларнинг кейинги босқичида, яъни 2008 — 2010 йиллар давомида уларнинг ер майдонлари мақбуллаштирилиб, қишлоқ мулкдорлари яна бир бора сараланди. Пировардида бугунги кунда соҳада иқтисодий салоҳияти юқори бўлган 73 мингдан зиёд илғор фермер хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда.
Ушбу жараёнда фермер хўжаликларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни татбиқ этиш каби масалалар ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Аксинча, бу йўналишдаги ишлар кўлами йил сайин кенгайтирилмоқда. Бу борада, таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари томонидан 2012 йил 22 октябрда имзоланган “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ва унинг қуйи бўғинлари тузилгани айни муддао бўлди.
Фермерлик ҳаракатини ташкил қилиш ва бошқариш тизимидаги мазкур янги тузилма, ўз навбатида, фермерларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини янада кучайтириш, уларнинг ваколатларини кенгайтириш, энг асосийси, соҳага илм-фан ютуқлари ва энг замонавий агротехнологияларни жорий қилиш имконини берди. Бунинг самараси ўлароқ, эндиликда фермерлар бир йўналиш билан чегараланиб қолмаяпти. Улар бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиқиб, қўшимча тармоқларни ишга тушириш, қишлоққа саноатни олиб кириш, етиштирган маҳсулотини шу ернинг ўзида қайта ишлашни йўлга қўйиш, энг асосийси, қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлашда ташаббускор бўлмоқда.  
Ўзбекистон Фермерлари кенгашидан маълум қилишларича, 2013 — 2014 йилларда мавжуд фермер хўжаликларининг 38 мингтаси кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантирилган. Жумладан, уларнинг 563 таси қошида мева-сабзавот, гўшт-сутни қайта ишлаш корхоналари барпо этилиб, 9,8 мингдан ортиғида сервис хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, 8511 гектар ерда анъанавий усулда, 6094 гектар майдонда интенсив боғ, 9574 гектарда токзорлар яратилиб, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик ва асаларичилик тармоқларига қўл урилди. Шунинг ҳисобига 167 мингдан зиёд иш ўринлари очилиб, қишлоқ аҳолисидан яна шунча қисмининг бандлиги таъминланди.
Эътиборлиси, фермерлар томонидан бозор талаби пухта ўрганилган ҳолда,  замонавий технологик ускуналар ёрдамида ишлаб чиқарилаётган ноз-неъматлар ички бозордан мустаҳкам жой эгалламоқда. Уларнинг сифати юқорилиги, нархи эса арзонлиги боис кун сайин харидоргир бўлиб бораяпти. Бунга тўлиқ ишонч ҳосил қилишни истасангиз, ўнлаб фермер хўжаликлари тамғаси туширилган маҳсулотларни татиб кўринг. Шунда ўзингиз ҳам харидорлар сафига қўшилганингизни сезмай қоласиз.
— Президентимиз “Ҳозирги давр фермерлари нафақат деҳқончилик сирларини пухта билиши, айни пайтда у иқтисодчи, ҳисобчи, селекционер, бизнесмен ҳам бўлиши даркор” дея қайта-қайта таъкидлайдилар, — дейди  “Ташаббус — 2014” республика кўрик-танлови ғолиби, Сирдарё вилоятидаги “Аҳмадий” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Кенжаев. — Бунинг учун эса, барча имкониятлар эшиги очиб берилган. Фақат ундан оқилона фойдаланиб, фидокорона меҳнат қилсак, бас. Ўзимиздан қиёс: пахтачилик, ғаллачилик, чорвачиликдан ташқари, сут ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлашни ўзлаштирганмиз. Ушбу йўналишдаги ишимизни ривожлантириш мақсадида яқинда 1 миллиард 810 миллион сўм миқдорида инвестиция киритиш шарти билан қаровсиз бинони ҳам сотиб олдик. Уни қайта таъмирлаб, 200 бош қорамолга мўлжалланган замонавий чорвачилик комплексини ишга туширмоқчимиз. Қарабсизки, чорвамиз сони 365 бошга етиб, юртимиз аҳолисига сут ва гўшт маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми янада ошади.
Шу билан бирга, бозорларни саноат маҳсулотлари билан тўлдираётган фермерлар орасида экспортчилар ҳам кўпаяётгани қувонарлидир. Зангиота туманидаги “Миришкор Сайфутдинова Хонзода”, Қибрай туманидаги “Байтқўрғон Арипов Ҳайитвой”, Сариосиё туманидаги “Абдураҳмон Абдуғаффор давр”, Тайлоқ туманидаги  “Сиёб Шавкат орзу”  фермер хўжаликлари экспорт амалиётининг қалдирғочлари ҳисобланади.
Юртимизда фермер хўжаликлари билан хизмат кўрсатувчи ва таъминот корхоналари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган. Ҳозирги пайтда 2500 та зооветеринария пункти, 1720 та ММП, 1700 та Сув истеъмолчилари уюшмаси, 1370 та ёқилғи қуйиш пункти, 1179 та минибанк, 900 та минерал ўғитлар ва 450 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиш шохобчаси, шунингдек, 270 та агрофирма қишлоқ мулкдорларига хизмат қилаётгани бунинг тасдиғидир. 
Мутахассисларнинг эътироф этишича, бундай саъй-ҳаракатлардан кўзланган ягона мақсад Ер юзи аҳолиси кўпайиб бораётган ҳозирги шароитда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини ижобий ҳал этишдир. Чунки жаҳонда бундай маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши аҳоли сони ва эҳтиёжларининг ўсишидан ортда қолмоқда. Атроф-муҳитнинг экологик жиҳатдан бузилиши, иқлим ўзгаришларининг олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатлари, тез-тез такрорланаётган қурғоқчилик ва сув ресурслари тақчиллиги каби омиллар вазиятни янада мураккаблаштираётир. Оқибатда бугунги кунда сайёрамизда ҳар саккиз кишидан бири тўйиб овқатланмасликдан азият чекаяпти. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ривожланаётган мамлакатларда ҳар бир киши тавсия этилган кундалик 400 грамм ўрнига жуда кам миқдорда — бор-йўғи 150-200 грамм мева ва сабзавот истеъмол қилмоқда.
Чиндан ҳам, Ўзбекистон деҳқончилик ва боғдорчилик бобида юксак салоҳият ҳамда катта тажрибага эга. Бунда, шубҳасиз, фермерлик ҳаракатининг муносиб ўрни бор. Юртимизда ҳар йили 16 миллион тоннага яқин мева ва сабзавот етиштирилаётгани, аниқроғи, аҳоли жон бошига қарийб 300 килограмм сабзавот, 75 килограмм картошка ва 44 килограмм узум тўғри келаётгани, бу эса мақбул деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўплиги ана шундан далолат беради.
Соҳада қўлга киритилаётган улкан муваффақиятларимиз ўтган йили Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференция иштирокчилари — хорижий мамлакатларнинг кўзга кўринган олим ва мутахассислари, нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакиллари томонидан юксак баҳоланди. Хусусан, уларнинг фермер хўжаликларини жадал ривожлантириш мақсадида давлат томонидан имтиёз ва преференциялар бериш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш бўйича миллий тажрибамизни кенг ўрганишга тавсия этишгани ҳар бир юртдошимиз қалбида ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотмоқда. Зеро, Президентимиз ташаббуси билан асос солинган фермерлик ҳаракати ўзбек деҳқонига мулкдор бўлиш, ўз меҳнатидан манфаат кўриш, рағбат топишдек бахт-саодатни берди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn