Қулай шароит ва кенг имконият кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлаяпти
  • 06 Февраль 2015

Қулай шароит ва кенг имконият кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлаяпти

Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, ўтган йили 500 дан зиёд янги корхона, шу жумладан, кичик бизнес субъектлари экспорт фаолиятига жалб этилди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари нафақат мамлакат тараққиётини белгиловчи, балки уни дунё бозорига танитувчи муҳим восита сифатида ҳам намоён бўлмоқда. Шу боис юртимизда ушбу соҳа ривожига катта эътибор қаратилаяптики, бунинг самарасига амалда барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Маълумки, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида тадбиркорларимиз томонидан, асосан, хом ашё ёки ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилар, у ҳам бўлса, яқин қўшни давлатларгагина сотилар эди, холос. Бугунги кундаги манзара эса тамомила бошқача. Хусусан, ишбилармонларимизнинг ҳамкорлик доираси кенгайиб, улар тайёрлаётган маҳсулотлар жаҳоннинг деярли барча минтақасига етказиб берилмоқда. Бу — юртимиз тадбиркорларини дунё танимоқда, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остидаги маҳсулотларнинг харидорлари тобора ортаяпти, деганидир.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2013 йил 8 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарувчи навбатдаги муҳим ҳужжатлардан бири бўлди. Негаки, айнан шу қарор асосида ташкил этилган Жамғармамиз зиммасига тадбиркорларга чет эл бозорларида рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва уни экспортга йўналтиришда зарур ҳуқуқий, молиявий ҳамда ташкилий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, уларни ташқи бозор хатарларидан ишончли ҳимоялаш сингари кўплаб вазифалар юклатилди. Ўз навбатида, Жамғармамиз ҳам ваколат доирасидан келиб чиққан ҳолда, бизнес вакиллари томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар ассортименти ва турларини таҳлил этиш, уларнинг ташқи бозорлардаги рақобатдошлик даражасини аниқлаш, тадбиркорлик субъектларининг экспорт имкониятларини баҳолаш борасида муайян тадбирларни амалга оширмоқда. Масалан, биргина ўтган йилнинг ўзида 2 минг 400 та тадбиркорлик субъектига маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш юзасидан ташкилий, ҳуқуқий ва молиявий хизматлар кўрсатилиши туфайли улар томонидан умумий қиймати 1,25 миллиард АҚШ долларилик шартномалар тузилди. Якунда эса 700 нафарга яқин ишбилармонлар 850 миллион долларлик маҳсулотни чет эллик ҳамкорларига етказиб берган бўлса, 54 та ишлаб чиқариш корхонасида халқаро стандартлар талаблари асосида сифат менежменти тизими жорий этилди.
Бунда, албатта, мутахассисларимиз томонидан 173 та мамлакат бозори ўрганилиб, уларда Ўзбекистоннинг кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат, машинасозлик, қурилиш саноати маҳсулотларига, шунингдек, сайёҳлик, ахборот технологиялари, транспорт ва молия хизматларига эҳтиёж борлиги аниқлангани, доимий равишда янгиланиб борувчи, ўз ичига 19 мингдан ортиқ саноат корхоналари ҳақида маълумот берувчи база шакллантирилгани қўл келди. Ушбу маълумотларнинг Жамғармамиз расмий веб-сайтида мунтазам жойлаштирилаётгани эса тадбиркорларимиз билан ҳамкорлик қилиш истагида бўлган хорижлик ишбилармонлар сафи кенгайишида муҳим омил бўлаётир. Бир йил давомида сайтимизга 80 га яқин давлатлардан фойдаланувчилар кириб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олгани ана шундан далолат беради.
Бундан ташқари, 80 дан ортиқ тадбиркорларимизнинг Германияда бўлиб ўтган “Яшил ҳафта — 2014”, Хитойда ташкил этилган “Умумхитой халқаро саноат кўргазмаси”, “Hong Kong International Wine and Spirits Fair”, “ProWine China — 2014” сингари халқаро кўргазмаларда иштирок этгани ҳам уларнинг жаҳон бозорига чиқишлари учун пухта замин яратди. Чунки ана шу тадбирлар доирасида маҳсулот ва хизматлар экспорти бўйича умумий қиймати 67 миллион АҚШ долларилик келишув битимлари имзоланди. Қолаверса, бундай алоқаларни мустаҳкамлашда  маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш ёки иқтисодиётимиз тармоқларига инвестициялар жалб этиш бўйича келишувларга эришилгани ҳам диққатга сазовордир.
Айни пайтда Корея Халқаро савдо ассоциацияси (KITA) ўртасида экспорт борасида 41 миллион долларлик шартнома тузилган бўлса, Сингапурнинг “JA International Group of Companies” халқаро ташкилоти билан имзоланган меморандум доирасида “Электрон савдо майдони”ни яратиш устида иш олиб борилмоқда.
Бундай чора-тадбирлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилади. Бунинг учун махсус дастур ишлаб чиқилган. Унга кўра, 12 та халқаро кўргазма ва ярмаркада қатнашиш, 60 та корхонада жаҳон стандартларига мос сифат тизимини татбиқ қилиш, 3 мингдан зиёд ишбилармонларни экспорт фаолиятига жалб этиш режалаштирилаяпти. Пировардида тадбиркорларимиз учун бир миллиард доллардан ортиқ маҳсулот ва хизматларни хориж давлатларига сотиш имконияти яратилади.
Мухтасар айтганда, Жамғармамизнинг бу каби ишлари иқтисодиётимизни янада юксалтириш орқали Ўзбекистонни дунё ҳамжамиятига экспортчи давлат сифатида танитишдек эзгу мақсадларга хизмат қилаяпти. Зеро, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жамиятимизни бундан-да тараққий эттиришнинг, фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчидир.

Жаҳонгир МУСТАФОЕВ,
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn