Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти хорижий компанияларда катта қизиқиш уйғотаяпти
  • 03 Февраль 2015

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти хорижий компанияларда катта қизиқиш уйғотаяпти

Яқинда Нидерландияда меҳмонхона бизнеси ва ресторан саноати  маҳсулот ҳамда хизматларининг “Horecava — 2015” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири ҳар йили уюштириладиган ушбу анжуманда иштирок этган Европа компанияларининг айрим вакиллари билан суҳбатлашди.

Мулоқот чоғида улар мамлакатимиз ишбилармонлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканликларини таъкидлаб, қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдиришди.
“Hobart” компаниясининг ҳудудий менежери Берт Влаенхард мамлакатимиз вакиллари билан учрашув чоғида замонавий ресторан ва меҳмонхоналарни сўнгги маиший технологиялар билан жиҳозлаш бўйича ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш масаласини муҳокама қилганини айтди.
— Ўзбекистон делегациясининг кўргазмада қатнашиши юртингиз билан янада яқиндан танишиш имкониятини яратди, — деди у. — Республикангизнинг иқтисодий тараққиёти кўрсаткичлари киши эътиборини тортади: 2014 йилда мамлакат иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар 10,9 фоиз ўсганлиги ҳамда уларнинг умумий ҳажми 14,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этгани, шубҳасиз, таҳсинга сазовордир.
Мамлакатингиздаги махсус индустриал зоналар фаолияти ҳамда уларда хорижий инвесторлар учун солиқ ва божхона имтиёзларининг яратилгани Ўзбекистон бозорига муваффақият келтирадиган омиллардандир. Биз жорий йили бўлиб ўтадиган қишлоқ хўжалиги учун минитехнологиялар ва ихчам ускуналарнинг “Uzbekistan Agrominitech Expo” халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдосида иштирок этишга тайёрмиз.
Нидерландиядаги “Rhima” компанияси асосчиси Паул ван дер Топ ўз компанияси 50 йилдан бери идиш ювадиган машиналар ишлаб чиқариш соҳасида фаолият кўрсатиб келаётганини маълум қилди. 
— Ишлаб чиқараётган техникаларимизнинг сифати энг юқори стандартларга жавоб беради, — деди у. — Бугунги кунда компаниямиз маҳсулотларидан дунёнинг кўпгина меҳмонхоналари тармоқларида кенг фойдаланилмоқда.
Республикангизда сайёҳлик инфратузилмасини барқарор ривожлантириш мақсадида замонавий меҳмонхоналар ва дам олиш оромгоҳлари барпо этилаётгани ҳамда хизмат кўрсатиш даражаси тобора ошиб бораётганидан хабардорман. 
Сўнгги йилларда бизнесни йўлга қўйишни енгиллаштириш соҳасидаги ислоҳотлар бўйича Ўзбекистон дунё мамлакатлари орасида юқори ўнталикдан жой олгани кишини қувонтиради. Мамлакатга жалб қилинган жами сармоянинг 73 фоиздан зиёди ишлаб чиқаришни ташкил этишга йўналтирилгани, 40 фоизга яқини эса техника ҳамда технологиялар харидига сарфлангани ўзининг катта самараларини беришига ишончим комил.
Шу боисдан ҳам ўзбек бозори биз учун қизиқарли ва истиқболли ҳисобланади.  Биз Ўзбекистон компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрмиз.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn