«Ўзбекистоннинг иқтисодиёт тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари диққатга сазовор»
  • 31 Январь 2015

«Ўзбекистоннинг иқтисодиёт тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари диққатга сазовор»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаси юзасидан хорижий мамлакатлар ижтимоий-сиёсий ва эксперт-таҳлил доиралари вакиллари ҳам ўз муносабатларини билдиришмоқда.

Қуйида германиялик мутахассисларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири томонидан қаламга олинган.
Лейбниц номидаги Марказий ва Шарқий Европа аграр тараққиёти институтининг ўқитувчиси Аксель Вольц Марказий Осиё минтақасидаги етакчи мамлакатлардан бири бўлган Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши Германияда катта қизиқиш билан кузатиб борилишини қайд этар экан, республикамизнинг 2014 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларига юқори баҳо берди.
Унинг айтишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маърузасида келтирилган далил ва рақамлар мамлакат иқтисодиёти юқори суръатлар билан барқарор ўсиб бораётганининг далолатидир.  
— 2014 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 8,1 фоизни ташкил этгани жуда катта эътиборга молик кўрсаткич ҳисобланади, — деди немис олими. — Саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда ва бошқа соҳаларда ҳам худди шундай ўсишни кузатиш мумкин.
Германиялик олим Ўзбекистоннинг мамлакат иқтисодиёти етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари диққатга сазовор эканлигини алоҳида таъкидлади.
— Шу билан бирга, республика раҳбариятининг қишлоқ жойларда аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш ва мамлакат минтақалари инфратузилмаларини такомиллаштириш бўйича олиб бораётган оқилона сиёсатини ҳам тилга олиш жоиздир, — деди у. — Шубҳа йўқки, мамлакатингизда замонавий технологиялар ва ноу-хауни амалиётга татбиқ этишга ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлашга устувор даражада эътибор қаратилаётгани янада жадал ривожланишнинг гарови бўлиб хизмат қилади.  
Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги собиқ элчиси Вольфганг Нойен мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланиш борасида қўлга киритган муваффақиятларига қуйидагича баҳо берди:
— Мен Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй бераётган ўзгаришларни доимо катта қизиқиш билан кузатиб бораман. Ушбу навқирон давлат охирги ўн йил давомида эришган муваффақиятлар, ҳақиқатан ҳам, кишида катта таассурот уйғотади.
Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар янада ривожланиб бораётгани бизни қувонтиради. Чунки ўзаро ҳамкорлик йиллари мобайнида салмоқли ютуқлар қўлга киритилди.
Германия ва Ўзбекистон икки томонлама муносабатлар кўламини кенгайтириш ҳамда чуқурлаштириш йўлидан бормоқда. Шуни қайд этишни истардимки, кўп йиллардан бери немис компаниялари Ўзбекистон бозорида фаолият кўрсатмоқда. Мисол учун, “Claas” компаниясида қишлоқ хўжалиги техникалари, Самарқанддаги “MAN Auto-Uzbekistan” қўшма корхонасида эса юк автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда. Қурилиш соҳасида дунёга машҳур “Knauf” компанияси билан Бухорода ташкил этилган қўшма корхонада гипс маҳсулотлари тайёрланмоқда. Булардан ташқари, Тошкентда “Deutsche Kabel AG” ҳам иш олиб бормоқда. Бундай мисоллар талайгина. Президент Ислом Каримов томонидан қайд этилган муваффақиятларда мазкур немис компанияларининг ҳам муайян ҳиссаси борлигидан фахрланамиз.
Ишончим комилки, бозор механизмларини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни модернизациялаш ҳамда ўзбекистонлик ва хорижлик сармоядорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай чора-тадбирлар мамлакатингизда келгусида ҳам ҳаётга изчил татбиқ этилаверади.  

«Жаҳон» АА.
Берлин

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn