Юқори технологияларнинг катта имкониятлари
  • 31 Январь 2015

Юқори технологияларнинг катта имкониятлари

Мамлакат тараққиётини белгиловчи мезонлар кўп. Агар аҳолининг иш билан таъминланганлик даражаси, иқтисодиёт тармоқларига инвестицияларнинг жалб этилиши, ишбилармонлик муҳитининг шакллантирилиши улар орасида энг асосийлари, деб ҳисобланса, бугунги кунда Ўзбекистон ҳар томонлама ривожланаётган давлатлар сирасига кириши аён бўлади.

Бу ҳақда Президентимиз мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида алоҳида тўхталиб, жаҳон иқтисодиётида ҳали-бери сақланиб қолаётган жиддий муаммоларга қарамасдан, поёнига етган йилда Ўзбекистон ўз иқтисодиётини барқарор суръатлар билан ривожлантиришни давом эттириб, аҳоли турмуш даражасини изчил юксалтириш, дунё бозоридаги ўрнини янада мустаҳкамлашга эришганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Маърузада, шунингдек, ўтган йили кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар туфайли, фермер ва деҳқон хўжаликларини ҳисобга олмаганда, 20 мингдан зиёд янги субъектлар ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 195 мингдан зиёдга етказилгани, соҳа вакилларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2000 йилдан буён 31 фоиздан 56 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 12,9 фоиздан 31,1 фоизга ўсгани, иш билан банд бўлган аҳолининг 76,5 фоиздан кўпроғи шундай корхоналарда меҳнат қилаётгани қайд этилди. Буларнинг барчаси юртимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб изчил амалга ошириб келинаётган ва халқаро ҳамжамият томонидан тараққиётнинг “ўзбек модели” дея эътироф этилаётган ислоҳотлар самарасидир, албатта.
Дарҳақиқат, ҳозирги кунда юртимизда тадбиркорлик нафақат иқтисодиётнинг муҳим таянчи, балки одамларнинг ижодий ва интеллектуал қобилиятини юзага чиқарувчи восита сифатида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Яъни эндиликда мазкур соҳа вакиллари янгиликка интилиб, замон билан ҳамнафас фаолият юритаётгани муваффақиятларга эришишни таъминлаётир.
Масалан, Қизилтепа туманидаги “Бўстон чинниси” хусусий корхонасида тайёрланаётган буюмларнинг сифати хорижникидан асло қолишмайди. Шу боис бу маҳсулотга талаб тобора ортаяпти.
— Мамлакатимизда биз, ишбилармонларга яратилаётган шарт-шароитлар, кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътиборнинг кўлами ниҳоятда кенг, — дейди корхона раҳбари Мухтор Шарипов. — Бундан бир неча йил аввал хориж технологиясига асосланган кичик корхонамизни ишга туширган бўлсак, ўтган вақт мобайнида ички бозорда ўз ўрнимизга эга бўлдик. Жумладан, биргина 2014 йилнинг ўзида харидорларга 20 миллион сўмлик 30 турдаги маҳсулот сотдик. Шунингдек, Маҳаллийлаштириш дастури доирасида электр чойнаклари тайёрлашни ҳам ўзлаштирдик. Ишлаб чиқаришда узлуксизликни таъминлаш ва маҳсулот таннархини арзонлаштиришда каолин, кварц, шпат, даламит сингари хом ашёларни маҳаллий корхоналардан олаётганимиз қўл келмоқда. Корхонамиз қошидаги заводда тайёрланаётган пишиқ ғиштлар эса қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган тураржойларга етказиб берилаётир.
Бугун биз шиддатли ривожланиш даврида яшаяпмиз. Кечагина янгилик сифатида эътироф этилган бирор бир ўзгариш эртага ўз аҳамиятини йўқотиши мумкин. Шунинг учун инновацион лойиҳаларни жорий қилишга, қўшимча имкониятларни ишга солишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Кўриниб турибдики, мамлакатимизда кичик бизнесни ривожлантириш борасидаги ишлар самараси Навоий вилоятида ҳам кўзга яққол ташланаяпти. Айни пайтда воҳада 14 мингга яқин тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётгани, якунланган йилнинг ўзида мақсадли дастурлар доирасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида улар томонидан газлама, шприц, иситиш батареяси, металл профнастил, гипсокартон, металл томёпқич, совутқичли ускуналар, лок-бўёқ каби ўнга яқин янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани ана шундан далолат беради.
Бундай ишлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилади. Яъни 2015 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати қарийб 505 миллиард сўмлик 1222 та лойиҳа рўёбга чиқарилиши кўзда тутилган. Бу келгусида вилоят иқтисодиётини янада юксалтириш баробарида, 10 мингдан зиёд кишини иш билан таъминлаш имконини ҳам яратади.

А. ЗАРИПОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn