Изчил янгиланиш ва сифатли хизмат юртимиз темир йўлларида юк ва йўловчи ташиш ҳажмининг ортишида муҳим омил бўлмоқда
  • 31 Январь 2015

Изчил янгиланиш ва сифатли хизмат юртимиз темир йўлларида юк ва йўловчи ташиш ҳажмининг ортишида муҳим омил бўлмоқда

Пойтахтимизда “Ўзбекистон темир йўллари” давлат-акциядорлик компанияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда тизимда қўлга киритилган ютуқлар ва келгусида рўёбга чиқарилиши режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида сўз юритилди.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида мамлакатимизда темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва янги йўлларни қуриш орқали транспорт йўлакларини кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида соҳада юк ва йўловчи ташиш салмоғи тобора ошаяпти. Ўтган йили компания томонидан 80 миллион тонна юк ташилиб, юк айланмаси 22,9 миллиард тонна-километрни ташкил этгани, 20 миллион йўловчи ўз манзилига етказилиб, 329,6 миллион АҚШ долларилик экспорт хизматлари кўрсатилгани ана шундан далолат беради.
Қолаверса, Инвестиция дастурига мувофиқ, компаниянинг молиялаштириш манбалари ҳисобидан 669,9 миллион долларлик маблағлар ўзлаштирилиши янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш имконини берди. Жумладан, жалб этилган сармоялар “Мароқанд — Қарши”, “Қарши — Термиз” темир йўл участкаларини электрлаштириш, “Тошкент — Самарқанд” йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи поездларни йўлга қўйиш, икки томонлама қатновга эга бўлган, “Жиззах — Янгиер” электрлаштирилган темир йўл тармоғини қуриш ҳамда тизимдаги ишлаб чиқариш корхоналарини янгилашга йўналтирилди. 54 локомотив, 1488 та юк вагони модернизация қилиниб, 650 та юк ва 30 та йўловчи вагони қурилди.
Президентимизнинг 2013 йил 18 июндаги “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линияси  қурилишини  ташкил этиш чора-тадбирлари  тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу ерда  бунёдкорлик ишлари жадал давом эттирилиб, шу мақсадда 403,5 миллион доллар миқдорида маблағ сарфланди.
Компания бош менежери-бош муҳандиси Шерзод Исматуллаевнинг айтишича, ҳозирги кунда тизимда яна бир нечта лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Умумий қиймати 400 миллион долларлик “Самарқанд — Бухоро” темир йўлини электрлаштириш шулар жумласидан бўлиб, бу ерда амалий ишга аллақачон киришилган. Уни рўёбга чиқариш жараёнида 700 та, якунда эса 200 дан зиёд янги иш ўринлари яратилиши баробарида, яна 2 та тезюрар электропоезд қатнови йўлга қўйилади.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn