«Ўзбекистон — жадал ривожланаётган ва салоҳияти юксак мамлакат»
  • 30 Январь 2015

«Ўзбекистон — жадал ривожланаётган ва салоҳияти юксак мамлакат»

2015 йил — Кексаларни эъзозлаш йили юртимиз ижтимоий сиёсатидаги, аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш йўлидаги навбатдаги янги саҳифадир. Давлатимиз раҳбарининг мазкур ташаббуси халқаро жамоатчиликнинг ҳам юксак баҳосига сазовор бўлди.

Стефан ПРИСНЕР, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:

— Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги ҳамкорлик турли соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Бугунги кунга келиб, республикада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўнта тузилмаси фаолият юритаяпти.
Юртингизда Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар эътирофга лойиқ. Хусусан, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳоли фаровонлигини ошириш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда.
Ўзбекистон — жадал ривожланаётган ҳамда салоҳияти юксалиб бораётган мамлакат. Юртингизда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида ҳамиша инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари туради. Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ана шу янгиланишларга катта туртки берди. Улар БМТ мақсадлари билан ҳам уйғундир.
Ҳар бир давлат ривожланиш йўли ва стратегиясини ўзи танлайди. Шу маънода, Ўзбекистон кўплаб мамлакатларга намуна бўла олади. Юртингизда ҳар бир йилга ном берилиб, тегишли давлат дастурлари қабул қилинади. Бу одамлар турмуш ободлиги босқичма-босқич ва изчил ўсиши учун хизмат қиладиган жуда яхши амалиёт бўлиши қаторида, ўзаро ҳамкорлик учун ҳам янги имкониятлар тақдим этади.
Мамлакат раҳбари томонидан жорий йилга Кексаларни эъзозлаш йили деб ном бериш таклиф этилгани диққатга сазовордир. Шу даврда ёши улуғлар, айниқса, ёлғиз қариялар, ногиронларга янада катта эътибор, ғамхўрлик кўрсатилади. 2015 йилда Ўзбекистон билан ижтимоий-иқтисодий йўналишлардаги ҳамкорлигимизни изчил давом эттирамиз. Хусусан, республикада пенсия тизимини жаҳон стандартлари асосида янада ислоҳ қилиш ва такомиллаштиришни қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, кекса авлод вакиллари саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликлар профилактикаси, тиббий ва реабилитация хизматларини кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Буларнинг барчаси Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришишда катта аҳамият касб этади.

Криста ПИККАТ, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:
— Қайсидир давлат қачондир маълум бир йилни Кексаларни эъзозлаш йили деб атаганини илгари ҳеч эшитмагандим. Ўзбекистонда эса Президент ташаббуси билан ҳар бир йилга аниқ йўналишдан келиб чиқиб ном берилаётгани юқори баҳога лойиқ, албатта. Юртингизда икки йилдан буён фаолият юритаётган бўлсам, бундай ёндашув жамоатчиликнинг кенг қўллаб-қувватлаши билан кутиб олинаётгани, давлат органлари ва уларнинг ҳамкорлари куч-ғайратини ана шу йўлда сафарбар этаётганига гувоҳ бўлаяпман. Чунончи, 2015 йилда кексаларни янада эъзозлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани чуқур мазмунга эга. Бу катта ҳаётий тажрибага эга ёши улуғ инсонларга ҳар томонлама ҳурмат-эҳтиром кўрсатишдек халқингизга хос фазилатнинг яна бир ёрқин тасдиғидир. Ўз навбатида, юқорида айтиб ўтганларимиз ЮНЕСКОнинг саъй-ҳаракатлари билан муштаракдир.
Ишончим комилки, ушбу йилда кексаларга ғамхўрлик кўрсатишдек эзгу одат жамиятда янада мустаҳкамланиб, ёши катталар қариндошлари ва яқин инсонлари эътиборида, меҳру муҳаббати оғушида умргузаронлик қилишлари учун янада кўпроқ шароитлар яратилади.

Асмус ХАММЕРИХ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:
— Президент Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатингизда ҳар бир йилга ном берилиб, тегишли давлат дастурлари ҳаётга татбиқ этилади. Бу юртингизда ижтимоий-иқтисодий тараққиёт суръатларини таъминлашга комплекс ёндашилаётганини яққол кўрсатади. Шу асосда аҳоли турмуш даражаси ва сифатини янада юксалтириш, унинг саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш каби устувор йўналишларда муҳим чора-тадбирлар рўёбга чиқарилмоқда. Мамлакатда ўтган Соғлом бола, Мустаҳкам оила, Обод турмуш, Баркамол авлод, Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йилларида ижтимоий соҳага алоҳида эътибор қаратилганидан, шу бўйича комплекс чора-тадбирлар амалиётга жорий этилганидан хабарим бор.
Мана, бу йил Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилинди. Ёши катталар ҳамиша меҳру эътиборга муҳтож бўлади. Уларга эҳтиром кўрсатиш, саломатлиги ҳақида қайғуриш, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш, ҳаётини яхшилаш бурчимиздир.
ЖССТ вакили сифатида юртингизда мазкур жабҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларни қўллаб-қувватлайман. Ташкилотимиз Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари ҳамда бошқа давлат институтлари билан ҳамкорликда иш юритмоқда. Шу асосда республикада соғлиқни сақлаш секторидаги саъй-ҳаракатлар қўллаб-қувватланаяпти.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, соғлиқни сақлаш тизимини тиклаш йўлида қийинчиликларга дуч келди. Шунга қарамасдан, уларни енгиб ўтиб, охирги йигирма йилда соҳада салмоқли ижобий ўзгаришларни амалга ошира олди. Айни пайтда мамлакатда аҳоли соғлиғини асраб-авайлаш, шу жумладан, кексалар саломатлигини мустаҳкамлаш ва профилактика қилиш, соғлиқни сақлаш миллий тизимини такомиллаштириш ва бошқа қатор йўналишлардаги ислоҳотлар жараёнида яқин ҳамкорлик қилиб келаяпмиз. Ўзаро ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам изчил давом этишига ишонаман.


С. МАХСУМОВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn