Янгича ишлашнинг беқиёс самаралари
  • 30 Январь 2015

Янгича ишлашнинг беқиёс самаралари

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Биз танлаган ва машҳур беш тамойилга асосланган тараққиёт моделининг нақадар ҳаққоний ва самарали экани биз қураётган янги демократик тизимда, иқтисодиётимиз ривожланишининг барқарор, барчани ҳайратда қолдираётган суръатларида, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати ортиб бораётганида ўзининг амалий тасдиғини топмоқда”, деб алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда бутун дунёда тан олинган, “ўзбек модели” деб ном олган жамиятимизни тубдан ислоҳ этиш, эркинлаштириш, демократик янги давлат қуриш, уни модернизация қилиш бўйича пухта ўйланган тараққиёт йўлимизнинг беқиёс самараларини — мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 5 баробар, аҳоли даромадлари жон бошига ўртача 8,7 баробар ўсганини, экспорт ҳажми, олтин-валюта захираси барқарор суръатларда ошиб бораётганини нафақат юртдошларимиз кўриб-билиб турибди, балки чет эллик экспертлар ва мутахассислар ҳам буни эътироф этмоқда.
Зеро, бундай улкан натижалар, осмондан ёғилган чалпакдек, ўз-ўзидан қўлга киритилмаганига ҳар бир киши тўла иқрор бўлади. Сабаби, тарихдан маълумки, СССР парчаланиб кетганидан кейин собиқ совет ҳудудида жуда кескин ва таҳликали вазият юзага келган эди. Бу эса бошбошдоқликнинг олдини олиш, ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ва аҳолининг энг зарур, биринчи галда, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш бўйича зудлик билан тегишли чоралар кўришни талаб қиларди.
— Шу ҳақда ўйласам, — дейди “Қўқон механика заводи” акциядорлик жамиятининг директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шарифжон Йўлдошев, — Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Девонининг давлатимиз мустақиллигининг 16 йиллигига бағишланган қўшма мажлисидаги маърузаси ёдимга тушаверади. Юртбошимиз ўз маърузасида ана шу кескин ва таҳликали вазиятни холисона тарзда чуқур таҳлил этаркан, “Табиийки, бундай ҳол, аввало, бутун совет тизимига хос бўлган марказлаштирилган усулда режалаштириш ва тақсимлашдек иллатларнинг таъсири эди”, дея қайд этган эди. Бугун ҳам ўша қалтис ва мураккаб давр ҳамманинг кўз ўнгида турибди. Айниқса, биздан катта авлод вакиллари, менинг тенгқурларим, 40-50 ёшли ватандошларимиз ўтмишдаги аччиқ кунларни яхши хотирлайдилар.
Чиндан ҳам, бутун совет тизимига хос бўлган марказлаштирилган усулда режалаштириш ва тақсимлашдек иллатларнинг таъсири нечоғли аянчли оқибатларга олиб келганини мана бу статистик маълумотлар ҳам тасдиқлаб турибди. Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида аҳоли жон бошига АҚШда
1250-1300 килограмм, Францияда 1030-1050, Венгрияда
1200-1220 килограмм ғалла ва ун маҳсулотлари тўғри келган бўлса, ушбу кўрсаткич собиқ иттифоқда 700-750 килограммни ташкил этарди. Ўзбекистон нуфусининг эҳтиёжини қондириш учун эса ана шу маҳсулотнинг 80 фоизидан ортиғи хориждан олиб келинарди. Нега деганда, республикамиз СССРнинг мустамлакаси бўлиб, бу ерда, асосан, пахта хом ашёси етиштирилар, бошоқли дон экинлари учун кам ер ажратилар, устига-устак, унинг ҳосилдорлиги ҳаминқадар эди. 1988 йилда гектар ҳисобига атиги 13,5 центнердан ғалла тайёрлангани бунинг далилидир.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нима, умумий майдони 447,4 минг квадрат километрдан иборат бепоён юртимизда экин майдонлари йўқмиди? Бўлганда қандоқ! Масалан, 1989 йил 1 январь ҳолатига кўра, 4 миллион 160 гектар ерга экин-тикин экиларди. Ачинарлиси шуки, унинг 95 фоизидан кўпроғи жамоа ва давлат хўжаликлари ихтиёрида эди. Шаҳар аҳолисига томорқа учун 4 сотихдан, қишлоқ жойларда эса 8-12 сотихдан ер ажратилган бўлиб, бу жами майдоннинг бор-йўғи 3 фоизини ташкил этарди.
Ваҳолонки, биргина шу томорқа хўжалигини тартибга солиш нафақат йиллар мобайнида йиғилиб қолган муаммоларни, жумладан, ғалла таъминоти масаласини ҳал этибгина қолмасдан, балки вужудга келган кескин вазиятни юмшатиш, муҳими, ижтимоий адолатни ўрнига қўйиш имконини берарди.
Шуни ҳисобга олиб, 1989 йилдаёқ Ислом Каримов деҳқонларга ер бериш масаласи кўрилаётган йиғилишда жиддий қаршилик кўрсатган раҳбарларга босиқлик билан қатъий ва қақшатқич жавоб бера билди: “Келинглар, энди янгича ишлайлик. Энди Москвага қараб эмас, халқимизни ўйлаб яшайлик. Ўзимизни ҳам, халқимизни ҳам алдамайлик”.
Орадан тўрт йил ўтгач эса, давлатимиз раҳбари сирдарёлик деҳқонлар билан учрашув чоғида яна мазкур масалани кун тартибига ўта кўндаланг тарзда қўйди: “Аввал одамларнинг қорни тўқ, устини бут қилайлик. “Аввал иқтисод, кейин сиёсат” деганларидек, оч одам мусиқани ҳам қорни билан эшитади. Қулоғига гап кирмайди. Ахир, ислоҳотлардан мақсад одамларнинг ҳаётини яхшилаш эмасми? Бошқа гаплар кейин бўлаверади. Хулоса шуки, бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтишда биз ишлаб чиққан биринчи, асосий тамойилда кўзда тутилганидек, иқтисодиёт сиёсатдан устун туриши керак”.
Янгича ишлаш, халқни ўйлаб яшаш сиёсати, “Иқтисодиёт сиёсатдан устун туриши керак” деган биринчи — асосий тамойилнинг самараси шу бўлдики, ҳукуматимизнинг 1989 йил 15 августдаги “Колхозчилар, совхоз ишчилари, фуқаролар шахсий томорқа хўжаликлари ва индивидуал уй-жой қурилишини янада ривожлантириш тўғрисида”ги махсус қарорига мувофиқ, аҳолига томорқа участкаси учун ер бериш бошланди. Жумладан, фақат ўша йилнинг 4 ойи мобайнида одамларга қўшимча равишда 90,7 минг гектар майдон ажратилди. Бошқача айтганда, қисқа муддат ичида 1,5 миллиондан зиёд оиланинг томорқа участкаси кенгайтирилган бўлса, яна 580 мингта янги оиланинг азалий орзуси ушалди.  Бундан ташқари, 1990 йилда томорқа майдонлари 76,2, 1991 йилда 38 минг гектарга кўпайди. Бугунги кунда эса аҳоли 724 минг гектар ердан томорқа участкаси сифатида фойдаланмоқда. Бу 1989 йилдаги кўрсаткичдан бир неча баробар ортиқдир.
Хўш, деҳқон хўжаликларини ривожлантириш пировардида нима берди? Аввало, 1991 — 1999 йиллар давомида республикамизда дон етиштириш ҳажми 6 баробар ошди. Ҳосилдорлик 12,5 центнердан 31,5 центнерга кўтарилди. Қувонарлиси, якунланган йилда эса мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тарихида биринчи марта 8 миллион 50 минг тонналик юксак ғалла хирмони уйилди. Натижада бир пайтлари аҳоли эҳтиёжини қоплаш мақсадида четдан 4 миллион тоннадан зиёд дон келтирилган бўлса, эндиликда ўзимизни ўзимиз шу маҳсулот билан таъминлаб, ҳатто, уни хорижга ҳам экспорт қилаяпмиз. Буларнинг ҳаммаси ислоҳотлар натижаси, “Иқтисодиёт сиёсатдан устун туриши керак” деган биринчи — асосий тамойилнинг меваси эмасми?!
Яна шуни ҳам айтиш керакки, республикамизда деҳқон хўжаликлари негизида фермер хўжаликлари пайдо бўлди. Қиёс: 1992 йилда мамлакатимизда 10 мингтадан кўпроқ шундай субъект тузилган бўлса, ҳозирги кунда 73 мингдан ортиқ қишлоқ мулкдори фаолият юритмоқда. Улар тимсолида эса замин ўзининг ҳақиқий эгасини топди, одамлар тафаккурида мулкка соҳиблик туйғуси ўзгарди.
Қолаверса, бундай хўжаликларда иш юритиш тобора яхшиланиб, уларнинг молиявий аҳволи янада мустаҳкамланиб бораётгани диққатга сазовор. Чунки, Президентимиз таъкидлаганидек, “фермерлик — бу фақат қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қиладиган кучли омилгина эмас. Фермерлик, аввало, ерга эгалик қилиш, ердан фойдаланишнинг замонавий усули бўлиб, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг замонавий шаклидир”. Юртимизда бу ҳаракатга кенг йўл очилгани, фермер хўжаликларининг фаолияти давлат миқёсида қўллаб-қувватланаётганининг боиси шунда. Фермерлар эса бунга жавобан ҳамиша изланиб, кўп тармоқли хўжаликларга асос солган ҳолда, ўзларининг нималарга қодир эканлигини амалда исботламоқдалар.
Мухтасар айтганда, ўтган даврда деҳқон хўжаликлари негизида фермер хўжаликлари тўлиқ шакллангани танлаган йўлимиз нақадар тўғрилигини яна бир карра исботлади.


Икром ЎТБОСАРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn