Ўзбекистон ҳаво йўллари: Юксак марралар сари парвоз
  • 28 Январь 2015

Ўзбекистон ҳаво йўллари: Юксак марралар сари парвоз

Мустақил тараққиёт йилларида қўлга киритган улкан муваффақиятларимизни ифодаловчи мисоллар ҳам, қиёслар ҳам кўп. Муҳими, уларнинг барчаси пировардида бир ҳақиқатни англатади. Яъни Ватанимиз жуда қисқа даврда забт этган юксак марраларнинг бош омили — юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осудаликдир.

Шу боис ҳам мамлакатимиз байроғи тасвири туширилган самолётларимиз мусаффо осмонимизнинг пўлат турналарига қиёс этилганда, бундан ҳеч ҳам ажабланмаймиз. Чунки мана, йигирма уч йилдирки, айнан шундай осойишталик сабаб Ўзбекистон ҳаво лайнерлари дунёнинг кўплаб давлатларига хавфсиз парвозларни амалга ошириб келмоқда.
Зеро, мустақилликнинг илк йилларидаёқ давлатимиз раҳбари ташаббуси билан республикамиз замонавий миллий авиакомпаниясига асос солинганида, худди шундай устувор мақсадларга эришиш кўзда тутилган эди. Айниқса, Президентимизнинг 1992 йил 28 январдаги Фармони бунда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилди. Натижада ҳаво йўллари тизимида замонавий авиаташув хизмати ташкил этилиши баробарида, кучли рақобатга мос, миллионлаб йўловчилар хавфсизлигини таъминлашга қодир самарали инфратузилма яратилди. Бинобарин, Ўзбекистон халқаро авиация алоқаларини ривожлантириш асносида Европа ва Шарқий Осиё ўртасидан жой олган истиқболли халқаро транспорт тармоғи бўла олишини исботлади. Йўловчи ва юк ташиш бўйича минтақанинг юксак салоҳиятли транспорт-коммуникация ҳамда транзит марказига айланди.
Янги терминаллар дейсизми, шинам авиалайнерлару сўнгги авлод тренажёрларими, техник ва технологик янгиланишлару малакали кадрлар — буларнинг барчасида изчил тараққиёт суръатлари, замонавий инновацияларга гувоҳ бўласиз. Нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан билдирилаётган юксак эътирофлар кундан-кун кўпайиб бораётганининг боиси ҳам шунда.
Узоққа бормайлик. Ўтган йили “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси (МАК) IOSA аудитидан муваффақиятли ўтди. Айни чоғда дунёдаги энг нуфузли ташкилотлардан бири, 270 дан ортиқ авиакомпанияни ўзида бирлаштирган Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA)нинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлди. Шунинг ўзиёқ МАКнинг жаҳондаги обрў-эътибори нечоғли мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.

Илғор авиапарк
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиапарки босқичма-босқич модернизация қилиниб борилмоқда. Хусусан, сўнгги уч йилнинг ўзида ўнта “А-320”, тўртта “Boeing-767-300ER” самолёти харид қилинди. Юртимизда ишлаб чиқарилган олтита замонавий ва маҳаллий шароитга мос “Ил-114-100” ҳаво кемаларидан ҳам самарали фойдаланилаяпти.
2016 йилда сўнгги русумдаги иккита “Boeing-787-8 Dreamliner” лайнери қабул қилиб олинади. Бу ҳам миллий ҳаво йўлларимиз салоҳиятини янада ошириши, шубҳасиз.
Дарвоқе, маънан эскирган иккита йўловчи самолётининг илғор юк авиалайнерларига айлантирилиши ҳам тизим ривожида яна бир муҳим қадам бўлди. “Boeing-767-300BCF” моделидаги мазкур ҳаво транспорти воситалари тижорий юкланиши 53 тоннага тенг бўлиб, бугунги замон талабларига тўла жавоб беради. Яқинда янги модификациядаги ана шу самолётлардан бири “Урумчи — Тошкент” йўналиши бўйича биринчи юк қатновини муваффақиятли амалга оширди. Келгусида улар орқали “Навоий” халқаро аэропортидан Дубай, Тяньцзинь, Франкфурт, Актобе, Деҳли шаҳарларига ҳафтасига ўртача 13 та қатнов йўлга қўйилиши мўлжалланаётир. Бу эса Зарафшон воҳасидаги, юртимизни Европа, Ҳиндистон, Хитой ва Жануби-Шарқий Осиё билан боғлайдиган халқаро логистика маркази салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланиш имконини беради. Кези келганда айтиш лозимки, мазкур маскан ташкил этилганидан буён ўтган вақт мобайнида 200 минг тоннадан зиёд юк ташилди.

Хавфсизлик — устувор мақсад
Ҳаво лайнерларининг созлиги, учишга яроқлилигини таъминлаш авиакомпания фаолиятидаги муҳим вазифалардан биридир. Шу боис ҳозир юртимизда нафақат МАК, балки хорижий авиакомпаниялар самолётларига ҳам барча турдаги сифатли техник хизмат кўрсатилаяпти. Бунинг учун юқори даражадаги техник базага эга, малакали ходимлар билан таъминланган “Uzbekistan airways technics” авиакорхонаси фаолият юритмоқда. Ҳозир унинг негизида композицион материаллардан тайёрланган самолётлар конструкциясининг йирик қисмларини таъмирловчи, Марказий Осиёда ягона минтақавий марказ очиш бўйича “Boeing” компанияси билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳа рўёбга чиқарилаётир.
Ҳар бир жабҳада бўлгани каби ҳаво йўллари тизимида ҳам соҳа мутахассислари малакасини узлуксиз ошириш талаб этилади. Шу мақсадда миллий авиакомпания Ўқув-машқ маркази янги Тренажёр мажмуасида “Boeing-757/767”, “А-320” русумидаги самолётларнинг замонавий тренажёрлари, “Ил-114-100” лайнерининг мукаммал “Full-flight” симулятори ўрнатилган. Айни пайтда “А-320” самолёти хусусиятлари, жумладан, уни бошқариш бўйича машқларни ўзлаштиришга кўмак берадиган яна бир илғор қурилмани ўрнатиш устида иш олиб борилмоқда.

Замонавий аэропортлар
Мамлакатимизга келаётган сайёҳлар сонининг ортиши, ички туризмнинг жадал ривожланиши, қолаверса, мижозлар талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, кейинги йилларда республикамиздаги барча аэропортларда замонавий шарт-шароит яратилиб, улар халқаро мақомга эга бўлди. Халқаро сифат менежменти тизими, янги ва қулай текширув техникалари жорий этилди. Хизмат кўрсатиш савияси ва сифати ошди. Йўловчи терминаллари сони кўпайтирилди.
Масалан, “Урганч” халқаро аэропортида соатига 300 йўловчига хизмат кўрсатувчи иккита терминал фойдаланишга топширилиши мустақиллигимизнинг 23 йиллигига муносиб туҳфа бўлди. Мазкур иншоотларни бунёд этишда нафақат замонавий, балки миллий меъморчилик ютуқларидан ҳам кенг фойдаланилди. Шунингдек, бу ерда сайёҳларнинг виза ҳамда бошқа масалалар бўйича тезкор маълумотлар олиши учун махсус хона ташкил этилди.
Шунингдек, “Тошкент”, “Бухоро”, “Навоий”, “Самарқанд”, “Фарғона” аэропортларидаги имкониятлар ҳам эътирофга лойиқ. Хусусан, пойтахт аэропорти хизматидан йилига 2,8 миллиондан ортиқ йўловчи баҳраманд бўлмоқда. Шулар инобатга олиниб, сафарга отланганлар учун халқаро талабларга мос равишда жиҳозланган янги блок, маҳаллий йўналишлар учун янги терминал, транзит зали фойдаланишга топширилди. Ҳозир аэропортнинг “VIP” ва “CIP” заллари реконструкция қилинмоқда. Қолаверса, ҳадемай, “Наманган” аэропортида барча турдаги самолётларни қабул қилиш имкониятига эга учиш-қўниш йўлаги ишга туширилади.
“Бухоро”, “Самарқанд” ва “Урганч” аэропортлари Фуқаро авиацияси “Аэропорт” ассоциациясининг “МДҲ мамлакатларида йилнинг энг яхши аэропорти” нуфузли танловида турли номинациялар бўйича кўп маротаба ғолибликни қўлга киритиб келаётгани ҳам ана шундай янгиланишлар самарасидир.

Қатновлар кўлами ошмоқда
Миллий авиакомпания томонидан парвозлар жуғрофияси кенгайтириб борилаётгани турли мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш учун замин яратмоқда. Жумладан, ўтган йили пойтахтимиздан Сингапур, Хабаровск ва Ригага тўғридан-тўғри ҳаво қатновлари йўлга қўйилди. Сўнгги йилларда Урганчга Милан ва Париждан рейслар амалга оширилмоқда. Яқин кунларда уларнинг сафига Франкфурт ҳам қўшилади. Бу эса европалик сайёҳлар учун қулай ва жозибали йўналишлар бўлиб, юртимизда туризм индустриясини изчил тараққий эттиришда муҳим аҳамият касб этади. “Тошкент — Минск” йўналишида қатновларни йўлга қўйиш ҳам истиқболдаги муҳим режалар сирасидандир. Шунингдек, йўловчилар талабидан келиб чиқиб, ҳозир пойтахтимиздан Урумчига амалга ошириладиган авиақатновнинг қўшимча иккинчи частотаси жорий этилган бўлса, Амритсар ва Деҳлига эса кунлик парвозлар сони кўпайтирилди. Маҳаллий миқёсда янги — “Бухоро — Фарғона” йўналиши ташкил қилингани ҳам диққатга сазовор.

Халқаро тажриба ва амалиёт
Маълумки, ҳаво ҳаракати бошқарувисиз парвозларни ўз вақтида кузатиб, назорат қилиб бўлмайди. Шу боис мазкур тизимга энг сўнгги ютуқлар изчил татбиқ этилмоқда. Бугун миллий авиакомпаниямиз дунё тажрибасида тан олинган ICAO бирликлари тизимини қўллаб келаётгани бунинг тасдиғидир. Мазкур халқаро стандартда парвозлар баландлиги ҳисоботи ўртача денгиз сатҳига тенглаштирилган босимга нисбатан олиб борилади. Бу, ўз навбатида, қатновлар хавфсизлигини янада кучайтириб, мамлакатимиз ҳаво кенглиги ҳамда миллий авиакомпания хизматларидан фойдаланувчилар сонининг янада ортишига олиб келмоқда.

Самарали фаолият
Авиакомпания молиявий ҳолати унинг фаолияти самарадорлигини ифодаловчи муҳим кўрсаткичидир. Глобал иқтисодий инқироз ҳамон давом этаётган бир шароитда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг 2014 йилни ҳам барқарор ўсиш суръатлари билан якунлагани бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар кутилган натижаларни бераётганидан далолатдир. Рақамларга мурожаат қилайлик: ўтган йили 23 минг 811 қатнов бажарилиб, 2 миллион 625 минг нафардан зиёд йўловчига хизмат кўрсатилди. Юк ташиш ҳажми 126 миллион 300 минг тонна-километрни ташкил қилиб, 2013 йилдагига нисбатан 8,5 фоиз ошди. Шулар қаторида “Навоий” аэропорти негизидаги халқаро логистика маркази орқали  30,9 минг тоннадан ортиқ юк белгиланган манзилга етказиб берилди.
Келгусидаги мақсадлар ҳам аниқ: парвозлар бехатарлиги ва доимийлигини таъминлаш, давр талаблари ҳамда бозор иқтисодиёти тенденцияларини таҳлил қилган ҳолда, хизмат кўрсатиш миқёсини кенгайтириш ва сифатини янада ошириш шулар жумласидан. Албатта, буларнинг бари юртимиз ҳаво йўллари тизимининг жаҳонда тутган ўрнини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимиз нуфузи ва сайёҳлик салоҳиятини юксалтиришда зарур пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Саиджон МАХСУМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn