Мақсадимиз — сайёҳлик ривожига муносиб ҳисса қўшиш
  • 24 Январь 2015

Мақсадимиз — сайёҳлик ривожига муносиб ҳисса қўшиш

Президентимизнинг Ўзбекистон халқига йўллаган Янги йил табригида мамлакатимизда барча соҳаларда эришилган ютуқлар, фаровонлигимизнинг юксалиш суръатлари ҳақида сўз юритилиб, бунда шу азиз заминда яшаётган ҳар бир инсоннинг муносиб ҳиссаси борлиги алоҳида таъкидланган.

Бу эътирофдан қалбимиз ғурурга тўлди, дилимизда янгидан-янги режалар, орзу-мақсадлар пайдо бўлди. Зеро, юрагида эл-юрт равнақига дахлдорлик ҳисси борлигини туйган киши юқори марраларни кўзлайверади.
Ортга назар ташлаб, босиб ўтилган йўлни сарҳисоб қилар эканмиз, қўлга киритилган муваффақиятлар кўз олдимиздан бир-бир ўта бошлайди. Негаки, истиқлолимизнинг ҳар бир йили барқарор ривожланиш даври сифатида тарих саҳифаларидан жой олаяпти. Биргина туризм соҳасида эришилган ютуқлар бунга яққол мисол бўла олади.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан иқтисодиётнинг мазкур жабҳасида изчил олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ортиб, жаҳон туризм бозоридаги мавқеи кун сайин мустаҳкамланмоқда. Юртимизнинг қадимий ва навқирон кентларига ташриф буюраётган чет эллик меҳмонлар сафи тобора кенгайиб бораётгани ана шундан далолат беради, албатта.
Йилнинг қайси фасли бўлмасин, Хоразм заминидан сайёҳларнинг қадами узилмайди. Қадимий осориатиқалар, маданий обидалар, замонавий шаҳарсозлик намуналари, қулай инфратузилма объектлари, сифатли сервис хизматлари — буларнинг барчаси хорижликларнинг гўзал юртимизни бир келиб кўришга бўлган  иштиёқини оширмоқда. Шу боис вилоятимизда туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш, сайёҳлик маданиятини юксалтириш, хизмат кўрсатиш сифати ва савиясини бугунги кун талаби даражасига келтириш, меъморий обидаларни таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига алоҳида масъулият билан ёндашилаяпти. Бунда Президентимизнинг 2013 йил 20 мартдаги “2013 — 2015 йилларда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Сайёҳлар оқимини кўпайтиришга бизнинг жамоамиз ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келаётганидан доимо фахрланиб юрамиз. Масалан, 2014 йилда хорижий давлатлардан ташриф буюрган 2 минг 224 нафар сайёҳга хизмат кўрсатдик. Жорий йилда ушбу кўрсаткични 2 баробар оширишни мўлжаллаб турибмиз. Бунинг учун Хивада 64 ўринли замонавий меҳмонхона қураяпмиз. Шунингдек, давр талабларига тўла жавоб берадиган автобус харид қилиш ниятидамиз.
Қисқача айтганда, юртимизда иқтисодиётнинг истиқболли тармоғи — туризмни ривожлантириш, янги сайёҳлик йўналишларини очиш учун ички имконият ниҳоятда катта. Соҳага қаратилаётган эътибор, яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар эса уни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқиш, пировардида аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилаётгани билан янада аҳамиятлидир.

Маҳмуд РЎЗМЕТОВ,
Хива туманидаги «Бектур» сайёҳлик агентлиги раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn