Кўркам дизайн ва юқори сифат корхоналар маҳсулотларининг харидоргирлигини ошираяпти
  • 23 Январь 2015

Кўркам дизайн ва юқори сифат корхоналар маҳсулотларининг харидоргирлигини ошираяпти

Президентимиз мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида ўтган йили 20 мингдан зиёд янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилгани ва уларнинг умумий сони 195 мингдан ортганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Табиийки, бунда юртимизда қулай инвестициявий муҳит яратилгани, ишбилармонлар учун кўплаб имтиёзлар берилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Пировардида мазкур соҳа мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоғига айланиб, экспорт салоҳиятини ошириш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашда фаол иштирок этаяпти.
Буни Жиззах вилоятида ушбу йўналишда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самараси мисолида ҳам кўриш мумкин. Зеро, кейинги йилларда мазкур ҳудудда барча соҳалар қатори саноат салоҳиятини юксалтириш борасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилаётир. Хорижий ва маҳаллий сармоядорлар ҳамда молия муассасалари иштирокида кўплаб саноат корхоналари ташкил этилиб, улар томонидан ўнлаб турдаги янги маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилмоқда.
Яқинда Fаллаорол туманида фаолият бошлаган “Наргизатекс” масъулияти чекланган жамияти ҳам ана шундай илғор ишлаб чиқариш субъектлари сафидан жой олди. Лойиҳа қиймати 6,5 миллиард сўмга тенг бўлган мазкур корхона хорижнинг энг замонавий технологик ускуналари билан жиҳозланган бўлиб, йилига 6 турдаги 3 миллион дона трикотаж маҳсулоти тайёрлаш имконига эга.
— Тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар ва ҳудудимиздаги мавжуд меҳнат ресурсларидан фойдаланиб, хорижда ҳам талаб катта бўлган трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни мақсад қилган эдик, — дейди жамият раҳбари Миржалол Азимов. — Банк кредити ва инвесторларимиз кўмаги билан замонавий фабрика бунёд этиб, чет давлатдан энг сўнгги русумдаги тикув дастгоҳлари олиб келиб ўрнатдик. Улар воситасида андоза олиш, моделлаштириш, матога ипли ҳамда бўёқли нақшлар солиш ишлари компьютерлаштирилган тарзда амалга оширилади.
Дарвоқе, корхонага хорижлик мутахассислар ҳам жалб этилган. Улар ускуналарнинг ишлаш жараёнини кузатиш билан бирга, маҳаллий хотин-қизлар, жумладан, коллеж битирувчилари малакасини оширишда яқиндан амалий ёрдам кўрсатмоқда.
— Маҳсулотнинг харидоргир бўлишида унинг дизайни алоҳида ўрин тутади, — дейди тикув цехи катта устаси Шаҳноза Каратаева. — Шу боис ҳар бир буюртмачининг талабидан келиб чиқиб, ўзига хос безаклардан фойдаланиш ҳар бир ишчимиздан юксак дид ва изланишни талаб қилади. Бу борада тажрибали дизайнерлар билан бирга, ёшларнинг иқтидори ва салоҳиятига ҳам таянаяпмиз. Хусусан, ҳозир ўзим бошчилик қилаётган ускунада бир йўла 15 та кийимга ипли нақш солинади.
Эътиборлиси, 170 та иш ўрни яратилган мазкур корхонада тайёрланаётган маҳсулотнинг 80 фоизини экспортга йўналтириш кўзда тутилаётир.

А. КАРИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn