Қишлоқ хўжалиги: Инновацион технологиялар — муваффақиятлар гарови
  • 22 Январь 2015

Қишлоқ хўжалиги: Инновацион технологиялар — муваффақиятлар гарови

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, уни таркибий янгилаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар амалда ўз самарасини бермоқда. Кейинги йилларда деҳқонларимиз қишлоқ хўжалигининг барча тармоғида юқори ҳосил олишга эришаётгани ана шундан далолат беради, албатта.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, ўтган йили 255,8 минг гектар ерга асосий ва оралиқ экинлар сифатида сабзавот, 81,5 минг гектар ерга картошка ва 57,1 минг гектар майдонга полиз экинлари экилиб, 5,6 минг гектар ерда интенсив боғ, 2,4 минг гектарда маҳаллий  янги боғлар  ва 422 гектарлик иссиқхона ташкил этилгани айни муддао бўлди.

Сархил неъматлар йилга татийди
Бугун юртимиз бозорларидаги сероблик, расталарда тартиб билан териб қўйилган ноз-неъматларнинг турли-туманлиги ҳар қандай кишининг эътиборини жалб қилмасдан қолмайди. Ёзнинг жазирама иссиғи бўладими ёки қишнинг қаҳратон чилласими, биз бундай манзарага истаган вақтда дуч келамиз. Дармондориларга бой ана шу маҳсулотларнинг сифати юқори эканлиги баробарида, нархи арзонлигини айтмайсизми?!
Албатта, бунда иссиқхона хўжалигида орттирилган тажриба муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, сўнгги пайтларда улар қишлоқ хўжалигининг энг сердаромад жабҳасига айланиб, бу ерда етиштирилган маҳсулотларнинг бир қисми, ҳатто, экспортга ҳам жўнатилмоқда. Соҳага илғор технологияларнинг изчил татбиқ этилаётгани, ишлаб чиқаришда тежамкор ва самарали усуллардан унумли фойдаланилаётгани туфайли дастурхонимиз йил бўйи тўкис бўлиши таъминланаяпти.
— Ҳозирги кунга қадар республикамиз бўйича 8 минг гектардан зиёд майдонда иссиқхона яратилган, — дейди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Сабзавот-полизчиликни, боғдорчиликни, узумчиликни ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бошқармаси бошлиғи Зафар Ортиқов. — Ушбу майдоннинг 2 минг гектари фермер хўжаликларига тегишли бўлса, қолгани аҳоли ва деҳқон хўжаликлари ихтиёридадир. Улар томонидан йилига 500 минг тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда.
Эътиборлиси шундаки, деҳқончиликнинг бу турига кейинги йилларда қизиқиш янада ортмоқда. 2012 йилда иссиқхона билан шуғулланувчи субъектлар 31297 тани ташкил этган бўлса, айни пайтда уларнинг сони салкам 55 мингтага етгани бунинг тасдиғидир. Бу, албатта,  тижорат банклари томонидан уларга Марказий банк қайта молиялаш ставкасидан оширилмаган ҳолда, имтиёзли шартлар асосида кредит ажратилаётгани самарасидир. Натижада кам маблағ сарфлаб, юқори даромад олишга эришилмоқда.
— Ўтган йили ҳовлимизда замонавий иссиқхона қурдик, — дейди Чуст туманининг Шоён қишлоғида яшовчи  Муниба Қодирхўжаева. — Бунда “Микрокредитбанк”дан олинган сармоя қўл келди. Ҳозирги кунда икки сотихлик “иссиқ томорқа”мизда помидор, бодринг сингари қишлоқ хўжалиги экинлари ва кўкатларни парваришлаяпмиз. Муҳими, етиштираётган маҳсулотимизга буюртмачилар кўп. Шу боис келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириш ниятидамиз.

Изланиш ва самара
Президентимизнинг 2011 йил 24 ноябрдаги “Корея Республикаси Ҳукумати грантини жалб қилган ҳолда, “Ўзбекистонда дастлабки иссиқхоналарни яратиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ажратилган 4 миллион АҚШ долларилик грант ҳисобига 2012 йилнинг кузида бир нечта намунавий иссиқхоналар барпо этилиб, ишга туширилди. Эндиликда Зангиота туманида жойлашган Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институтидаги майдони 1500 куб метр бўлган иссиқхонада помидор ва бодринг кўчатлари, Қибрай туманидаги Тошкент давлат аграр университетининг илмий тадқиқот ва ўқув-тажриба ҳамда Юқори Чирчиқ туманидаги Аҳмад Яссавий номли сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудида ҳар бирининг майдони 5000 куб метр бўлган 2 та иссиқхонада худди шу кўчатлар гидропономика усулида етиштирилиб, аҳолига тортиқ қилинмоқда.
Ҳар бир экин ҳосилининг самарадорлиги кўп жиҳатдан унинг нави ёки уруғига боғлиқ. Бу борада Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти мутахассисларининг изланишлари, айниқса, эътиборга молик. Гап шундаки, ушбу институт жамоаси кейинги йилларда бундай экинларнинг янги навларини яратиш, уларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш, етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, касаллик ёки зараркунандаларга чидамлилигини ошириш бўйича муайян ютуқларга эришмоқда. Хусусан, ўтган даврда олимлар томонидан яратилган сабзавот, полиз ва картошка экинларининг 115 нави давлат реестрига киритилгани, Халқаро сабзавотчилик маркази (АЦИРО, Тайвань), Халқаро картошкачилик маркази (CIP, Перу), Озарбайжон сабзавотчилик илмий тадқиқот институти сингари хорижий илмий муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатилганининг амалий натижасидир.
Институтнинг замонавий иссиқхонасида деҳқону фермерларимизга бир мавсумда 240 минг тупдан зиёд помидор ва бодринг ниҳоллари етказиб бериш имконияти мавжуд.
Қисқача айтганда, замонавий технологияларга асосланган бу каби лойиҳалар давлат томонидан қўллаб-қувватланиб, кенг имтиёзлар бериш орқали ҳаётга татбиқ этилаётгани ютуқлар салмоғини оширмоқда. Келгусида эса илғор ускуналар билан жиҳозланган истиқболли иссиқхоналар яна кўплаб қурилиши, шубҳасиз. Демак, иссиқхона хўжаликлари жадал ривожланиб, халқимиз дастурхони сара ва сархил маҳсулотлар билан бойиб бораверади.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn