Устувор вазифалар белгилаб олинди
  • 22 Январь 2015

Устувор вазифалар белгилаб олинди

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ҳайъатининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ҳамда тизим таркибига кирувчи таълим муассасалари ва марказларнинг раҳбарлари қатнашди.

Йиғилишда Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, давлат солиқ хизмати органларининг ўтган йилги фаолияти сарҳисоб қилинди. Асосий эътибор йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этишнинг аҳволи, солиқлар йиғимини ошириш, солиқ қарзи ҳамда ортиқча тўловни қисқартириш борасидаги ишлар самарадорлигига қаратилиб, ушбу масалалар юзасидан Андижон, Наманган, Жиззах, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятлари давлат солиқ бошқармалари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Шунингдек, Адлия вазирлигида 2012 йил 15 мартда 2342-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома талабларининг бажарилишини назорат қилиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг натижалари Сурхондарё ва Наманган вилоятлари мисолида танқидий кўриб чиқилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори асосида жорий йилдан эътиборан солиқ қонунчилигига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, бир қатор имтиёзлар жорий қилинди. Уларнинг ижросини изчил таъминлаш, янгиликларни кечиктирмасдан ҳаётга татбиқ этиш юзасидан давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди. Ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари зиммасига 2015 йилда нақд пул тушумларининг тўлиқ тушишини таъминлаш, пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш бўйича тижорат банклари билан ҳамкорликдаги ишларни кучайтириш, деҳқон бозорларида асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нарх-наволари ўсишининг олдини олиш бўйича маҳаллий ҳокимлик ҳамда тегишли идоралар билан биргаликда доимий назорат тадбирларини олиб бориш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.
Муҳокама натижалари бўйича марказий аппарат тузилмалари ва ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари раҳбарларидан 2 нафари фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, 31 нафарига тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Якунда давлат солиқ хизмати органлари зиммасига юклатилган долзарб вазифаларни бекаму кўст бажариш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Йиғилишдан сўнг 2015 йилдан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартишлар мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ташкил этилди. Унда иштирокчиларга тарқатма материаллар, слайдлар ва видео-роликлар воситасида солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn