Нуфузли халқаро ярмаркада иқтисодий салоҳиятимиз намойиш этилмоқда
  • 22 Январь 2015

Нуфузли халқаро ярмаркада иқтисодий салоҳиятимиз намойиш этилмоқда

Германия пойтахтидаги “Messe Berlin” кўргазмалар мажмуида “Grune Woche 2015” анъанавий халқаро ярмаркаси очилди. Дунёдаги энг йирик қишлоқ хўжалиги ярмаркаси ҳисобланадиган ушбу халқаро тадбирда жаҳоннинг 70 дан ортиқ мамлакатидан 1600 дан зиёд компания ҳамда фермер хўжаликлари, жумладан, республикамиз вакиллари ҳам қатнашмоқда.

Жаҳонга машҳур бўлган мазкур агросаноат форуми 1926 йилдан буён ўтказиб келинади.
Навбатдаги глобал форумда иштирокчи давлатларнинг қишлоқ хўжалиги вазирлари ва қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат саноатида фаолият кўрсатадиган компанияларнинг 500 нафар раҳбари ҳозир бўлди. Мазкур анжуман доирасида қишлоқ хўжалиги вазирларининг саммити ҳам уюштирилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Э. ўаниев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ҳам иштирок этди.
Мамлакатимиз вакиллари ярмарка доирасида турли давлатлар қишлоқ хўжалиги вазирлари билан учрашувлар ўтказишни, шунингдек, ушбу соҳага оид турли мавзуларни қамраб олган семинар ҳамда конференцияларда қатнашишни режалаштирган.
“Grune Woche” — қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, боғдорчилик ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби соҳаларнинг сўнгги ютуқларини намойиш қилиш борасида жаҳондаги энг йирик ярмарка ҳисобланади.
Тадбирда асосий эътибор экологик тоза шароитларда етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилишига қаратилди.
Ярмарка доирасида ҳар йили симпозиум, семинар, форум ва бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилади. Уларда соҳа экспертлари, турли концерн ҳамда компаниялар бош менежерлари ва қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат саноати бошқаруви идораларининг раҳбарлари қатнашади. Бу йил ярмарка 400 мингдан ортиқ иштирокчини ўз атрофига жамлади.
Умумий майдони 200 квадрат метрни ташкил этадиган Ўзбекистон кўргазма павильони мутахассислар ва ярмарка меҳмонларида катта қизиқиш уйғотаётир. Унда серқуёш юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари — мева ва сабзавотлар, турли шарбатлар, қуруқ мевалар, қандолатчилик, шунингдек, тўқимачилик саноати маҳсулотлари намойиш қилинмоқда.
“Grune Woche 2015” анъанавий халқаро ярмаркаси 25 январга қадар ўз ишини давом эттиради.

«Жаҳон» АА.
Берлин

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn