Кичик бизнеснинг ёрқин истиқболи
  • 21 Январь 2015

Кичик бизнеснинг ёрқин истиқболи

Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида алоҳида таъкидланганидек, ўтган йили иқтисодиётимиз ва унинг етакчи тармоқларини ривожлантириш борасида барқарор юқори ўсиш суръатларига эришилди.

Ялпи ички маҳсулот ҳажми 8,1 фоиз ошиб, жумладан, саноатда 8,3 фоиз, қишлоқ хўжалигида 6,9 фоиз, капитал қурилишда 10,9 фоиз, чакана савдода 14,3 фоиз ўсиш кузатилгани бунинг яққол далилидир.
Жаҳонда глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий таъсири ҳамон сезилиб турган мураккаб бир шароитда Ўзбекистон иқтисодиётида қўлга киритилган бундай ижобий натижалар барчанинг ҳавасини келтираётгани айни ҳақиқат. Экспертларнинг эътироф этишича, бу истиқлол йилларида тараққиётнинг ўзимизга хос ва мос бўлган “ўзбек модели” асосида босқичма-босқич ислоҳотлар олиб борилаётгани, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик равнақига кенг йўл очиб берилгани самарасидир.
Дарҳақиқат, мустақилликка эндигина эришган пайтимизда, аниқроғи, 1991 йилнинг 29 ноябрида Юртбошимизнинг “Республикада деҳқон (фермер) хўжаликларини янада мустаҳкамлаш ва тадбиркорлик фаолиятини давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони эълон қилиниб, унда аҳолининг тадбиркорлик ташаббусини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, банк кредитларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш каби устувор вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур тарихий ҳужжатнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганлик учун жиноий жавобгарликни белгиловчи, мулк эгаларининг ҳуқуқларини чекловчи қоидаларни амалдаги қонунлардан чиқариб ташлаш масаласи илк бор кун тартибига қўйилди. Шу тариқа мулкдорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, хусусий сектор фаолиятини тартибга солиш ва рағбатлантириш мақсадида кўплаб қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Соҳага қаратилаётган бундай эътибор, яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар туфайли кичик бизнес субъектлари ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, янги иш ўринларини ташкил этиш ва шу асосда аҳоли даромадларини кўпайтириш, турмуш фаровонлигини оширишнинг муҳим омили, мамлакат тараққиётининг фаол ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Юртимиз ялпи ички маҳсулотини шакллантиришда кичик бизнеснинг улуши 2000 йилдан буён 31 фоиздан 56 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 12,9 фоиздан 31,1 фоизга ўсгани бунга асос бўла олади, албатта.
Таъкидлаш керакки, иқтисодий ислоҳотларнинг турли босқичларида ижтимоий-иқтисодий ҳолатдан келиб чиқиб, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсати мунтазам равишда такомиллаштириб борилди. Мисол учун, истиқлолнинг дастлабки йилларида хусусий тадбиркорлик билан шуғулланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, тадбиркорлар ёрдамида ички бозорни зарур истеъмол товарлари, жумладан, хориждан келтириладиган маҳсулотлар билан тўлдириш рағбатлантирилган бўлса, ўтган асрнинг 90-йиллари охири ва 2000 йиллар бошларига келиб, маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳамда хизматлар кўрсатувчи кичик корхоналарга солиқ имтиёзларини жорий этиш, тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш тизимини соддалаштириш, йирик ва кичик саноат корхоналари ўртасида кооперация алоқаларини кучайтириш каби масалалар устувор йўналиш қилиб белгиланди. 2008 йилдан кейинги даврда, яъни жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида эса кичик бизнесни экспорт амалиётига жалб қилиш, ишлаб чиқаришга инновацион технологиялар жорий этилишига кўмаклашиш, уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига назорат органлари аралашувини қисқартириш, солиқ ставкаларини мунтазам камайтириш масалаларига биринчи даражали вазифа сифатида жиддий эътибор қаратилди.
Бу каби тизимли чора-тидбирлар туфайли кичик бизнес йил сайин тараққий этиб, у кириб бормаган жабҳа деярли қолмади. Қишлоқ хўжалиги, қурилиш, савдо, хизмат кўрсатиш соҳаси, уй-жой фонди тўлиқ хусусий мулк эгалари тасарруфига ўтказилди. Бундан ташқари, истеъмол товарлари, озиқ-овқат, тикувчилик маҳсулотлари, тўқимачилик, чарм-пойабзал, мебель ва фармацевтика саноати тармоқларида давлатнинг улуши тобора камайтирилиб, кичик бизнес вакилларига кенг ўрин берилаётир. 
Иқтисодий ривожланишнинг барча босқичида кичик бизнеснинг мамлакат ялпи ички маҳсулоти таркибидаги улушини ошириш, иқтисодиётда таркибий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини кўпайтиришга қаратилган механизмлар жорий этилди. Бунинг самарасини бандлик масаласида ҳам  кўриш мумкин.
Гап шундаки, 2014 йили кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида 480 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилди. Бу — республикамизда яратилган жами иш ўринларининг ярми, демакдир. Бошқача айтганда, бугунги кунда иш билан банд бўлган аҳолининг 76,5 фоиздан зиёди шу соҳада меҳнат қилмоқда.
Глобал инқироз оқибатида дунёнинг кўпгина давлатларида иқтисодий ўсиш суръатлари пасайиб, ишсизлик муаммосини жиловлашнинг имкони бўлмай қолганидан хабардорсиз. Ана шундай паллада бандлик масаласини ҳал қилишнинг турли йўллари изланди. Улар орасидан энг мақбули сифатида деярли барча давлатларда кичик бизнес ривожига кўмаклашиш, деб топилиб, шу асосда дастурлар қабул қилинди.
Ўзбекистонда эса бу тажриба аллақачон амалиётга муваффақиятли татбиқ этилгани, Инқирозга қарши чоралар дастурида ҳам масаланинг ушбу жиҳати эътибордан четда қолдирилмагани иқтисодиётимизга бўлган қизиқишни янада оширди. Шунинг учун ҳам, кўплаб хорижий экспертлар бизнинг тажрибамизни ўрганиш керак, деган фикрни илгари сура бошлади. Хусусан, франциялик мутахассис Даниель Куэдбек шундай деган эди: “Глобал молиявий инқироздан жаҳон давлатлари иқтисодиёти жуда катта зиён кўрди. Муаммо ечими бўйича турли вариантларни, жумладан, Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни чуқур ўрганиш керак”.
Чиндан ҳам, айнан кичик бизнес соҳаси Ўзбекистонда инқироз оқибатларини юмшатиш ва иқтисодиёт тармоқлари барқарорлигини таъминлашда муҳим омиллардан бири бўлди. Агар инқироз энг чуқурлашган 2008/2009 йилларда мамлакатимиз иқтисодиётининг ўртача йиллик ўсиши 8 фоиздан юқори бўлган бўлса, шу даврда кичик бизнес субъектлари томонидан хизмат кўрсатиш 15-16 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш эса 23-24 фоиз ошди.
Президентимизнинг 2011 йил 25 августдаги “Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, айтиш мумкинки, ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Унга биноан, хусусий мулкчиликни ривожлантириш йўлида ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик фаолияти кўламини кенгайтириш, маҳсулотларни экспортга етказиб беришда яқиндан кўмаклашиш бўйича янги механизмлар жорий қилинди.
Бизнес юритиш жараёнида тартиботларнинг изчиллик билан соддалаштирилаётганини, айниқса, тадбиркорлар кундалик фаолиятида чуқур ҳис этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти томонидан республика ҳудудларида ишбилармонлик муҳитини ўрганиш мақсадида ўтказилган сўров натижалари буни яққол тасдиқлайди. Чунки унда иштирок этган ишбилармонлар кейинги йилларда солиқ тўловлари учун сарфланадиган вақтнинг қисқаргани, маҳаллий ҳокимият органларида давлат рўйхатидан ўтиш осонлашгани, солиқ ҳисоботларини интернет орқали топшириш ва давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган тендер савдоларида қатнашиш имкониятлари кенгайганини алоҳида эътироф этишди.
Эндиликда кичик бизнес вакилларининг статистика ва солиқ ҳисоботларини тақдим қилиш учун ортиқча вақт сарфлашларига ҳожат қолмади. Ҳозирги пайтда тадбиркорларнинг 98 фоизи солиқ ва статистика ҳисоботларини топшириш, божхона декларацияларини расмийлаштиришни эски усулда, яъни қоғоз тўлдириш йўли билан эмас, балки электрон шаклда амалга оширмоқда.
Кўрсатилаётган молиявий хизматлар ҳажмининг кенгайтирилаётгани эса истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, янги саноат тармоқларини ўзлаштириш имконини бераяпти. Жумладан, сўнгги беш йилда кичик бизнесни кредитлаш ҳажми қарийб 5 баробар кўпайган бўлса, биргина 2014 йилда соҳага йўналтирилган сармоялар ҳажми 9 триллион сўмдан ортди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича кўрилган бундай чора-тадбирлар натижасида ўтган йили 20 мингдан зиёд янги субъектлар ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 195 мингтадан ошди. Бу 2000 йилдагига нисбатан 2 баробар кўпдир.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳаракати бундан кейин ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Президентимиз томонидан белгилаб берилган 2015 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалардан бири — хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, соҳага тўлиқ эркинлик бериш, бу йўлда ғов бўлиб турган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш масаласи эканлиги ана шундан далолат беради. Зотан, мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал суръатларда ривожланиши, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати юксалиши кўп жиҳатдан кичик бизнес истиқболи билан чамбарчас боғлиқдир.

Сайидфозил ЗОКИРОВ,
иқтисод фанлари номзоди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn