Модернизация ва жадал ўсиш суръатлари
  • 20 Январь 2015

Модернизация ва жадал ўсиш суръатлари

Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция сиёсатининг ўзига хос хусусияти маҳаллий хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлашни таъминлайдиган, юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқаришларни ташкил этишга қаратилган инвестиция лойиҳаларига устувор аҳамият берилаётганида намоён бўлмоқда.

Пировардида илғор ускуналар билан жиҳозланган кўплаб йирик саноат корхоналари, кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, уларда тайёрланаётган рақобатбардош маҳсулотлар ички ва ташқи бозорда ўз харидорини топаяпти.
Жумладан, Қашқадарё вилоятида ўтган йилнинг охирги уч ойи мобайнида 2013 йилнинг шу давридагига нисбатан 6,7 фоиз кўп саноат маҳсулотлари тайёрланди. Бунда 85 та ишлаб чиқариш субъекти модернизация қилиниб, 229 та янги лойиҳа ҳаётга татбиқ этилгани айни муддао бўлди.
Шаҳрисабз туманидаги “Оқсарой текстиль” масъулияти чекланган жамияти ҳам олиб борилган ана шундай янгиланишлар натижасида ўз фаолиятини кенгайтиришга эришди. Ҳозир бу ерда тайёрланаётган калава ип ва турли тўқимачилик маҳсулотлари сифатлилиги боис хорижлик буюртмачилар эътиборига тушмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, корхонада 12 миллион АҚШ долларилик экспорт амалиёти бажарилганини ана шундай саъй-ҳаракатлар натижаси, деб баҳолаш мумкин.
Дарҳақиқат, вилоятда саноатни ривожлантириш, технологик жараёнларни такомиллаштириш, корхоналарни молиявий соғломлаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бераяпти. Мазкур жамият ҳам 2009 йилда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки тасарруфига ўтказилгач, бу ерда катта ҳажмдаги модернизациялаш тадбирлари амалга оширилди. Натижада у қисқа муддатда ҳудуддаги етакчи тадбиркорлик субъектларидан бирига айланди.
— Маҳсулотларимиз сифатини ошириш учун цехларимизни босқичма-босқич янги дастгоҳлар билан таъминлаб бораяпмиз, — дейди корхона иқтисодчиси Дилбар Юлдашева. — Масалан, яқинда Хитойдан замонавий технология харид қилганимиздан сўнг қадоқлаш материали ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Италиядан иккита қайта ўраш ускунасини келтирганимиз эса маҳсулот тайёрлаш ҳажмини ошириш баробарида, қўшимча иш ўринлари яратилишига асос бўлди. Ҳозир жамоамиз сафида меҳнат қилаётган 600 нафардан зиёд ишчи-мутахассис томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар Осиё ҳамда Европанинг ўнга яқин мамлакатларига экспорт қилинаяпти.
Таъкидлаш керакки, келгусида ҳудудда бу каби замонавий корхоналар сони янада ортади. Чунки Президентимизнинг 2013 йил 2 августдаги “2013 — 2016 йилларда Қашқадарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори воҳада яна кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбига кенг йўл очиши, шубҳасиз.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn