Муқобил энергия — тежамкорлик омили
  • 20 Январь 2015

Муқобил энергия — тежамкорлик омили

Маълумки, ҳозирги кунда бутун дунёда фойдаланиб келинаётган энергия манбалари, асосан, кўмир, нефть, газ, сув ва бошқа табиий ресурслар ҳисобига ишлаб чиқарилади. Бу эса катта миқдордаги харажатни талаб этади. Шу билан бирга, ушбу жараёнда атроф-муҳитга путур етади, қайта ишланмайдиган чиқиндилар ҳосил бўлади. Шу боис қуёш, шамол ва бошқа муқобил манбалардан энергия олишни йўлга қўйиш масаласи долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Зеро, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит муҳофазаси ва тараққиёт халқаро комиссиясининг ҳисоботида “Келажакнинг ривожланиши, равнақи шундай энергиялардан фойдаланиш шакли, яъни атроф-муҳит ҳолатига зарар етказмайдиган, хавфсиз, кафолатланган, доимий ўсиб, тикланиб борувчи ва фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган энергияларга боғлиқ бўлиб қолади”, дея қайд этилгани сайёрамизда бу йўналишга алоҳида эътибор билан қаралаётганлигидан далолатдир.
Муқобил энергия манбаларидан бири, бу — қуёш энергияси ҳисобланиб, йилнинг асосий қисми очиқ ва иссиқ бўлиши назарда тутилса, Ўзбекистон ундан фойдаланиш бўйича катта имкониятларга эгалиги ойдинлашади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, қуёш иссиқлик қозонлари табиий газни ишлатишни 60 фоизгача камайтиради. Аниқроғи, кенг қўлланиладиган энергия манбаларига нисбатан 50 — 70 фоиз арзонга тушади. Бундан ташқари, нафақат қиш ойларида, балки йил давомида истеъмолчиларнинг иссиқ сувга бўлган эҳтиёжини қондириш учун бундай ускуналардан фойдаланиш юқори самара бериши амалда исботланган.
Навоий вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг 2014 йилги режасига кўра, 20 млн. сўмлик қуёш фотоэлектр станциялари ҳомийлик асосида Конимех туманидаги Холмурод қишлоғига ҳамда Нурота туманидаги 26-умумтаълим мактабига ўрнатиб берилди.
Қуёш энергиясидан фойдаланилгани натижасида эса Нурота туманининг марказий шифохонасида  жарроҳлик амалиётлари енгиллашиб, тиббий хизмат сифати ортди ҳамда бинода сув иситиш тизими яратилди. Ҳозирги кунда бу батареялардан истеъмол учун электр энергияси олинмоқда.
— Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган замонавий муқобил энергия батареялари ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам ўзига қўшимча қувват тўплаш хусусиятига эга, — дейди вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Хайрулла Бақоев. — Масалан, 100 киловольтлик қуёш батареясида 6-7 та хонани ёруғлик билан таъминлаш, телевизор ва радио учун энергия етказиб бериш имконияти мавжуд. Шундан келиб чиқиб, қўмитамизнинг 2008 — 2014 йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича дастурига мувофиқ, ўтган давр мобайнида Қизилтепа, Томди, Нурота, Конимех ва бошқа туманлардаги корхона, ташкилот ҳамда муассасаларда ҳам қуёш нуридан ток ҳосил қилувчи 15 дан ортиқ станцияларни ишга туширдик.
Кўриниб турибдики, муқобил энергия манбалари ишлаб чиқаришнинг ўзлаштирилиши мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бу атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаб, ер ости ва табиат бойликларини тежаш, асраб-авайлаш имконини бермоқда.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn