Инвестиция ва янги имкониятлар
Версия для печати
  • 16 Январь 2015

Инвестиция ва янги имкониятлар

Юртимизда чет эллик инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани боис хориж сармояси иштирокидаги корхоналар сони йил сайин кўпайиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, ички бозорни юқори сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш ҳамда ҳудудлар экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилаётир.

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида шу ҳақда тўхталиб, “Энг муҳими, Ўзбекистонда маҳаллий ва чет эллик инвесторлар нафақат маблағ сарфлаб, даромад олмоқда, балки корхоналарни биргаликда бошқармоқда, хорижлик муассислар қўшма корхонага, аввало, илғор технологияларни олиб кирмоқда, ишлаб чиқаришни замонавий асосда ташкил этиш ва бошқаришни жорий қилмоқда”, деб алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, жаҳоннинг нуфузли компаниялари билан йўлга қўйилаётган алоқалар миллий иқтисодиётимиз равнақида муҳим аҳамият касб этмоқда. Буни, жумладан, Швейцариянинг “Нестле” компанияси билан ҳамкорликда Наманган шаҳрида ташкил этилган “Нестле Ўзбекистон” қўшма корхонаси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу ерда тайёрланаётган юқори сифатли ичимлик сувлари, сут маҳсулотлари ва болалар озиқ-овқатлари истеъмол бозоридан мустаҳкам ўрин эгаллаган.
Айтиш жоизки, мазкур корхонада дастлабки йилларда фақат газланган ва газланмаган ичимлик сувлари қадоқланарди. Ишлаб чиқаришга илғор технологиялар кенг жорий этилгани натижасида маҳсулотлар тури кўпайди. Хусусан, хориждан қуруқ сут ишлаб чиқариш, минерал сув қадоқлаш ускуналари келтириб ўрнатилгач, “Нестле Ўзбекистон” ёрлиғи остида сут ва сут маҳсулотлари, болалар таомлари, турли ҳажмдаги минерал сувлар тайёрлана бошланди. Экологик жиҳатдан тоза маҳсулотларга эндиликда нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам талаб ортиб бораётир. Қўшма корхона 2011 йилда пойтахтимизда иккинчи тармоғини ҳам ишга тушириб, пластик идишларга ичимлик суви қуйишни йўлга қўйди. Умуман, айни пайтда ҳар икки фабрикада бир кеча-кундузда 260 тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлашга мўлжалланган қувватлардан унумли фойдаланилаяпти.
Дарвоқе, айни пайтда “Нестле Ўзбекистон”да 700 нафардан зиёд киши иш билан банд. Уларнинг аксарияти ёшлардир.
— Илғор технологияни жорий этиш — замон талаби, — дейди Намангандаги корхонанинг ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Отабек Абдулҳаев. — Айниқса, озиқ-овқат саноатида бу йўналиш муҳим ўрин тутади. Масалан, сувни тозалаш линиясини Франциядан олиб келганмиз. Унинг ёрдамида соатига 41 тонна сув юқори даражада тозаланади. Италиянинг қадоқлаш линияси эса қўл меҳнатини камайтириб, унумдорликни ошириш имконини берди. Бундан ташқари, ўров ва қадоқлаш материалларини маҳаллийлаштириш бўйича амалга оширилган тадбирлар туфайли маҳсулот таннархи бирмунча арзонлашди. Хусусан, болалар учун мўлжалланган махсус идишдаги сўрғичлар илгари хориждан келтирилган бўлса, эндиликда ўзимизда ишлаб чиқарилаётир. Қолаверса, мутахассисларимизнинг изланишлари орқали енгил вазнли, ўзига хос дизайндаги пластик идишлар тайёрлаш ҳам ўзлаштирилди.
Бугунги кунда замонавий технология билан тўла жиҳозланган қўшма корхонада йигирма турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Уларнинг бир нечтаси 2013 йили амалга оширилган 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги модернизациялаш тадбирлари натижасида ўзлаштирилди. “Nestle Sutim” савдо белгиси остидаги сут, “Nestle” сариёғи, “Nesquik” шоколадли, сутли коктейллари ана шулар жумласидандир.
— Тайёрланаётган маҳсулот харидоргирлиги, энг аввало, хом ашё сифатига боғлиқ, — дейди  сифат бўлими бошлиғи Азизбек Турсунов. — Шу боис жойлардаги сут қабул қилиш пунктларида талаб қатъий қўйилган. Зарур жиҳозларга эга лаборатория иши, сутни қабул қилиш, сақлаш ва ташиш жараёни юқори малакали мутахассислар томонидан мунтазам назорат қилиб борилади. Мана шундай тадбирлар натижасида икки йил аввал озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича республикада биринчи бўлиб халқаро FSSC 22000:2010 сертификатини олишга эришдик. Маҳсулотимиз экологик меъёрларга тўла жавоб бергани учун махсус халқаро стандарт сертификатини ҳам қўлга киритганмиз.
Хом ашё масаласида корхонанинг ўз дастури бор. Унга мувофиқ, қайта ишлашга мўлжалланган сут Фарғона водийсидаги фермер хўжаликларидан олинади. Шу мақсадда жойларда совутқич, махсус идиш ва бошқа зарур  воситалар билан жиҳозланган 39 та қабул қилиш шохобчаси ташкил этилган. 2011 йилда 102 та фермер хўжалигидан шартнома асосида 5069 тонна сут харид қилинган эди. 2013 йили ҳамкор хўжаликлар сони 118 тага етиб, улар томонидан 14 минг 640 тонна хом ашё етказиб берилди. Бунда  фермерларга қатор имтиёз ва имкониятлар ҳам яратилган. Жумладан, уларга олдиндан фоизсиз бўнак тўлови амалга оширилади. Сутнинг ёғлилик даражаси ортишига қараб, харид нархи ҳам кўтарилади. Қолаверса, фермер хўжаликларига корхона томонидан бепул ветеринария, агрономия хизматлари ҳам кўрсатилаяпти. Уларга озуқа таъминотида кўмак берилаётир.
“Нестле Ўзбекистон” қўшма корхонасида амалга оширилаётган бундай кенг кўламли тадбирлар унинг экспорт салоҳиятини ҳам юксалтирмоқда. Зеро, интилиш ва изланиш муваффақиятлар гаровидир.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn