Ёш тадбиркорларга молиявий кўмак бериш мамлакатимиз банк тизими фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир
  • 15 Январь 2015

Ёш тадбиркорларга молиявий кўмак бериш мамлакатимиз банк тизими фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир

Юртимиз ёшлари бугун ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг барча жабҳасида фаол қатнашиб, ташаббускор бўлмоқда. Улар ўз истеъдодини, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида намоён этиб, юксак натижаларни қўлга киритмоқда.

Ишбилармон йигит-қизлар сони кун сайин кўпайиб, улар ички бозорни сифатли саноат маҳсулотлари билан тўлдириш, аҳоли бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётгани бунга тўла асос бўла олади.
Зеро, ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эртамиз эгалари бўлган фарзандларимизни тадбиркорликка кенг жалб этиш, бунинг учун зарур шарт-шароитларни яратишдан иборатдир.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташаббуси билан ўтказилган анжуман банк тизимида ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар таҳлилига бағишланди. Унда тижорат банклари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати масъул ходимлари, хорижлик экспертлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори йигит-қизларимизнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Ушбу ҳужжатларда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг бизнес-режаларини муваффақиятли амалга оширишда молиявий кўмак кўрсатиш мақсадида эса банклар томонидан муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2014 йилда бу мақсадларга аввалги йилдагига нисбатан 1,4 баравар кўп, яъни 200,9 миллиард сўм миқдорида имтиёзли микрокредитлар йўналтирилди. Ёш тадбиркор, фермер ва ҳунармандларнинг истиқболли лойиҳалари ижросига эса 322,4 миллиард сўм ажратилди.
Шу билан бирга, банкларнинг 234,8 миллиард сўмлик ипотека кредитлари, 74,4 миллиард сўмлик истеъмол кредитлари эвазига минглаб ёш оилаларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжи таъминланиб, турмуш шароитларини яхшилашга эришилди.
Дарҳақиқат, Марказий банк томонидан тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот ишлари изчил олиб борилаётгани ёшларнинг тадбиркорликка бўлган қизиқиши янада кучайишига хизмат қилмоқда. Сабаби, ташкил этилаётган учрашувларда соҳага доир қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, ёш тадбиркорлар учун яратилган имтиёзлар, кўрсатилаётган микромолиявий хизматлар ҳақида батафсил маълумотлар берилмоқда. 
Тижорат банклари тегишли жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказиб келаётган “Менинг бизнес ғоям”, “Ёш тадбиркор — юртга мададкор” лойиҳалари эса наинки ёшларни тадбиркорликка йўналтириш, балки энг иқтидорлиларини тақдирлаш, уларнинг илғор ғояларини амалиётга жорий этишда ўзига хос кўрик вазифасини ўтаяпти. 2014 йилда мазкур лойиҳалар доирасида коллеж битирувчилари орасидан 260 нафардан зиёд  иқтидорли ёш йигит-қизларга имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи диплом ҳамда сертификатлар топширилди.
 Ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган яна бир хайрли иш — “Камолот” уйларининг қурилишики, бу кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир. Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида юқори натижаларга эришган ёш оилалар учун  мўлжалланган бундай кўп қаватли тураржойларни бунёд этишга банкларнинг 90 миллиард сўмдан зиёд маблағлари йўналтирилаётгани ана шундан далолат беради.
Шу ўринда банк тизими томонидан олис ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшларга алоҳида эътибор қаратилаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Мисол учун, Бойсун, Қораўзак, Мўйноқ, Қува, ўузор, Яккабоғ ва Марҳамат туманларидаги тадбиркор ёшларга ажратилган кредитлар ҳажми аввалги йилдагига нисбатан 40 фоиз кўпайтирилди.
Анжуманда, шунингдек, ёш тадбиркорларнинг бизнес-лойиҳаларини молиялаштиришдаги рағбатлантирувчи омиллар, яратилган қулайликлар, бу борада жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn