Солиқ юкини пасайтириш мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий сиёсатнинг бош мақсадидир
  • 14 Январь 2015

Солиқ юкини пасайтириш мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий сиёсатнинг бош мақсадидир

Кеча “Ўзэкспомарказ” мажмуасида солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилги асосий йўналишларидан келиб чиқиб, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига яратилаётган қулай шарт-шароитлар мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланган кўргазмали семинар иш бошлади.

Унда Тошкент шаҳри ва вилоятида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ва бош бухгалтерлари, хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги элчихоналари вакиллари иштирок этмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилишида сўзлаган нутқида Ўзбекистонимиз учун яккаю ягона тўғри, яъни тадрижий, босқичма-босқич ривожланиш йўлини танлаб олганимиз, барчамиз — бу тадбиркорлар бўладими, мутахассислар бўладими — шундай мураккаб вазиятда 2015 йил ва ундан кейинги йилларда ўз олдимизга қўяётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичда давом эттириш, иқтисодиётимизни барқарор суръатлар билан ривожлантириш, юртимизни, Ватанимизни янада обод ва фаровон этишдек аниқ ҳамда эзгу мақсадларга эришиш йўлида оғишмай меҳнат қилишимиз кераклигини таъкидлади.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, бу жараёнда солиқ юкини пасайтиришга қаратилгандир. Шу маънода, Янги йил арафасида солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари доирасида бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилингани эътиборга молик. Жумладан, Президентимизнинг 2014 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 8 фоиздан 7,5 фоизга туширилди. Микрофирмалар, кичик корхоналар ҳамда фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 15 фоизга, қурилиш соҳасида фаолият юритувчи кичик бизнес субъектлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизга пасайтирилди.
Шу билан бирга, ушбу қарорга кўра, бир қатор солиқ имтиёзларининг муддатлари узайтирилди. Бу солиқларнинг рағбатлантирувчи роли ошиб бораётганидан далолатдир.
— Ўзбекистонда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, айниқса, солиққа тортиш соҳасидаги имтиёзлар чет эллик инвесторларнинг иқтисодиётингизга бўлган қизиқишини оширмоқда, — дейди пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган “Dongnam Uzmotors” хорижий корхонасининг молиявий директори Виталий Тен. — Корея Республикаси сармоядорлари иштирокида ташкил этилган корхоналар сони ортиб бораётгани бунга яққол мисол бўла олади. Масалан, бизнинг корхонамиз 10 йиллик фаолияти давомида солиқ имтиёзларидан унумли фойдаланиб, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратишга муваффақ бўлмоқда. Жорий йилда солиқ тўловларининг янада пасайтирилиши ҳисобига эса ҳар ойда ўртача 3 миллион сўм миқдоридаги маблағ ихтиёримизда қолиши кутилмоқда.
Тадбирнинг кўргазма шаклида ташкил этилгани иштирокчиларга солиқ қонунчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини чуқур тушуниш имконини бераяпти. Чунки ҳар бир йўналишга доир намойиш бурчакларидаги махсус стендлар, буклетлар, слайдлар, видеоролик ва бошқа кўргазмали воситалар орқали атрофлича маълумот олиш мумкин. Юзага келаётган саволларга соҳа мутахассислари шу жойнинг ўзида батафсил жавоб беришаётир.
2015 йилнинг 1 январидан эътиборан республикамизда тўрт поғонали солиқ ставкаларини қўллаш тартиби жорий этилгани ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотаяпти. Мутахассисларнинг айтишича, бу жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблашда энг кам иш ҳақининг бир бараваригача “0” даражали ставкани қўллаш тартибини назарда тутади. Бошқача айтганда, фуқароларнинг энг кам иш ҳақининг бир баравари (118400 сўм)гача даромадлари солиққа тортилмайди.
Яна бир янгилик сартарошлик ва бошқа шунга ўхшаш хизматлар кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари маиший хизмат фаолияти турлари  солиқ ставкалари таркибига киритилди ва солиқ ставкаси фаолиятнинг амалга оширилган жойига қараб, 2014 йилдагига нисбатан энг кам иш ҳақининг 0,5 бараварига пасайтирилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига биноан, Солиқ кодексининг 46 та моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида ҳам тушунтиришлар берилмоқда.
— Хусусан, Солиқ кодексининг 54-моддасига киритилган қўшимча менинг эътиборимни тортди, — дейди Тошкент шаҳридаги “Agro bio kimyo” МЧЖ молиявий директори Асадулла Ражабов. — Чунки эндиликда якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам юридик шахслар сингари давлат солиқ хизмати органига ёзма билдириш юбориб, текширувлар натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек, молиявий санкциялар суммаларини тўлашни олти ой мобайнида тенг улушларда амалга ошириш ҳуқуқи берилибди. Тадбиркорларнинг шу каби янгиликлар билан яқиндан таништирилиши ислоҳотлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади, албатта.
Солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларда ёшларнинг иқтисодий манфаатлари ҳам кўзда тутилгани диққатга сазовор. Яъни 2015 йилдан бошлаб касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилса, олти ой давомида қатъий белгиланган солиқдан озод этилади.
Умуман олганда, тўрт кунлик семинар асносида унинг ҳар бир иштирокчиси ўзини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоб олиши, солиқ соҳасига оид билимларини бойитиши учун барча шарт-шароит яратилган. Шу боис унинг биринчи иш куни самарали ва қизғин руҳда ўтди.  Тадбирда, шунингдек, солиқ мажбуриятларини ўз вақтида адо этиб келаётган намунали солиқ тўловчиларнинг бир гуруҳига Давлат солиқ қўмитасининг фахрий ёрлиқлари топширилди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn