Изчил ривожланишнинг нурли уфқлари
  • 10 Январь 2015

Изчил ривожланишнинг нурли уфқлари

Мустақиллик йилларида иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларидан бири — темир йўл тизимида улкан ўзгаришлар рўй бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг юксак эътиборини ҳис этган ҳолда, астойдил меҳнат қилаётган соҳа вакилларининг қўлга киритаётган салмоқли ютуқлари, шу жумладан, рўёбга чиқарилаётган кўплаб истиқболли лойиҳалар бунга яққол мисол бўла олади.

Зеро, умумий узунлиги 342 километрни ташкил этувчи “Навоий — Учқудуқ — Мискин — Нукус”, 223 километрлик “Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон” темир йўл магистраллари, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қарши шаҳарлари орасида қатнаётган тезюрар поездлар — буларнинг барчаси бугун ҳар биримизнинг қалбимизда чексиз ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотмоқда.Президентимизнинг 2013 йил 18 июндаги “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линияси  қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари  тўғрисида”ги қарори тизимдаги бунёдкорлик ишларининг навбатдаги босқичини бошлаб берди. Умумий узунлиги 123,1 километрдан иборат ушбу лойиҳага биноан, 19,1 километрлик туннель, 285 та сунъий иншоот, 22 та кўприк, 6 та йўлўтказгич, шунча темир йўл станцияси ва иккита вокзал биноси қурилиши режалаштирилган. Айни пайтда бу жараён жадал суръатларда давом эттирилмоқда. Биргина туннель қазиш ишларига минг нафардан ортиқ хитойлик ҳамда беш юз нафардан зиёд маҳаллий мутахассислар жалб қилингани ана шундан далолат беради.
— Ўзбекистон халқи, чин маънода, бунёдкор эканлигига биргаликдаги ҳамкорлигимиз доирасидаги тадбирлар чоғида тўлиқ амин бўлдик, — дейди Хитойнинг “Chinarailway Tonnel Groop” компанияси бош менежери Жоу Уао Конг. — Хусусан, ёшларингизнинг ғайрат-шижоати ҳайратимизни оширмоқда. Чунки улар темир йўллар мамлакат тараққиётини белгиловчи омиллардан бири эканлигини чуқур англаб, туннель қурилишида бор билим ва маҳоратини намойиш этаяпти.
Таъкидлаш керакки, бу ерда бизга, аввало, давлатингиз раҳбарияти, қолаверса, “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК томонидан барча шарт-шароит яратиб берилган. Қурилиш учун зарур бўлган хом ашё ва техникалар ҳам етарли. Туннелнинг Ангрен тарафидаги қисмида 2 та пармалаш ускунаси узлуксиз ишлаб турган бўлса, ер ости йўлини бетонлаш ва мустаҳкамлашда мавжуд техникалардан самарали фойдаланилмоқда. Натижада ҳозирги кунгача ҳар икки томондан
7,3 километр узунликдаги туннелни қазишга муваффақ бўлдик. Ўтган йил охирида эса пўлат излар туннелгача келтирилганлигини инобатга олсак, темир йўлнинг белгиланган муддат — 2016 йилгача битказилиши янада ойдинлашади. Чунки эндиликда барча зарур жиҳозлар янги темир йўл орқали ташилмоқда. 
Дарҳақиқат, денгиз сатҳидан 2 минг 200 метр баландликда жойлашган “Қамчиқ” довонида қурилаётган улкан темир йўл линияси инсон тафаккури ва кучи нечоғли беқиёс эканлигини яна бир карра исботламоқда. Мислсиз бунёдкорлик ишларида 3 минг нафардан ортиқ тажрибали қурувчилар ва мутахассислар меҳнат қилаётир. Улар томонидан шу кунга қадар 600 га яқин замонавий техникалар ёрдамида 86 километрлик пўлат излар ётқизилди.
Лойиҳага мувофиқ, шунингдек, бунёдкорларимиз жами 43 миллион кубметр тупроқ ҳамда 16,3 миллион кубметр бурғилаш-портлатиш ишларини амалга оширишни мўлжалламоқдалар.
Тошкент ва Наманган вилоятлари чегарасида, Ангрен дарёси бўйида эса “Орзу” деб  номланган муҳташам вокзал биноси қад ростлаяпти. Бир йўла 100 нафар йўловчини қабул қилиш имконига эга ушбу масканда кенг ва ёруғ кутиш зали, оналар ва болалар учун мўлжалланган махсус хоналар, тиббиёт пунктлари барпо этилади. Мутахассисларнинг фикрича, вокзал йўловчиларга бетакрор ва фусункор табиати билан завқ-шавқ бағишлаши баробарида, уларни ана шундай қулайликлардан ҳам баҳраманд этади.
Ўзингиз ўйланг, мустабид тизим даврида “Тошкент билан Фарғона водийси вилоятларига довондан темир йўл орқали ўтиш мумкин”, дейилса, кўпчилик бунга ишонармиди? Асло! Буни фақат афсона сифатида қабул қилиши турган гап эди. Аммо бугун — Истиқлол йилларида бунёдкор темир йўлчиларимиз афсонани ҳақиқатга айлантириб, эзгу орзуларимиз ушалишини тобора яқинлаштирмоқда. “Қамчиқ” довонидан ўтган ҳар бир йўловчи бунга  гувоҳ.
— “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўли қурилиши бошланиши билан ташкилотимизнинг техника парки ҳам янгиланиб, замонавий техникалар билан тўлдирилди, — дейди 13-кўприк қурилиш отряди бош муҳандиси Константин Пеньков. — Пировардида иш унумдорлиги сезиларли даражада ортмоқда. Энг муҳими, жамоамиз аҳли Ангрен йўналишида умумий узунлиги 1500 метрлик 9 та  кўприк ва бир нечта туннель кўринишидаги йўлўтказгичларни барпо этиб, 2014 йил учун белгиланган вазифани ўз вақтида уддалашга эришди.
Шу билан бирга, янги темир йўл қурилишида  компания таркибидаги “1-энергомонтаж поезди” унитар корхонасининг 300 нафардан зиёд ишчи-мутахассислари ҳам фаол иштирок этмоқда. Бугунги кунгача жамоа аъзолари томонидан 2 мингдан кўпроқ темир-бетон устунлари, 600 дан ортиқ металл “тўсин”лар ўрнатилиб, “Ангрен” ва “Кўл” станциялари оралиғидаги 17 километр масофага электр симлари тўлиқ тортиб бўлинди. Қолган станцияларда эса электрлаштириш ишлари олиб борилаяпти.
Бундан ташқари, туннелнинг Шарқий портали, яъни Поп томонида ҳам иш қизғин тус олган. Бу ерда “Темирйўлобод” юк ортиш ва юк тушириш маскани барпо этилиши натижасида пойтахтдан ёки бошқа ҳудудлардан водий вилоятларига ташилаётган юкларни “Поп” станциясигача олиб боришга ҳожат қолмади.
Мухтасар айтганда, “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линияси қурилиши ниҳоясига етказилгач, йилига 30 миллион тоннадан ортиқ халқ хўжалиги юкларини ташиш, аниқроғи, бу юмушни бажариш муддатини икки баробар қисқартириш имконияти юзага келади. Муҳими, у мамлакатимизнинг Марказий Осиё ва дунёнинг бошқа минтақалари билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
Мирзо МУРОТОВ.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn