Илғор технологиялар ва иқтисодий юксалиш
  • 08 Январь 2015

Илғор технологиялар ва иқтисодий юксалиш

Кейинги йилларда иқтисодиётимизнинг бошқа соҳалари сингари енгил саноат тармоғи ҳам жадал ривожланмоқда.

Бунда тизим корхоналари изчил модернизация қилиниб, ишлаб чиқаришга илғор технологиялар жорий этилаётгани муҳим ўрин тутаяпти. Қувонарлиси, бутунлай замонавий кўринишда фаолият юритаётган тўқимачилик корхоналарида тайёрланаётган маҳсулотлар жаҳон бозорларига ҳам дадил кириб бораётир. Жумладан, Фарғона вилоятидаги “ДЭУ текстайл Фарғона” хорижий корхонаси хусусида худди шундай фикр билдириш мумкин.
2006 йилда иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолган “Кабултекстайл” қўшма корхонаси ўрнида ташкил этилган мазкур фабрика бугунги кунга келиб нафақат вилоятдаги, балки республикамиздаги етакчи ишлаб чиқариш субъектларидан бирига айланди.
Айни пайтда бу ерда вилоятда тайёрланаётган пахта толасининг салкам 45 фоизи ёки 36 минг тоннаси қайта ишланиб, ундан калава ип ҳамда газлама тайёрланмоқда. Жамоа ҳам кичик эмас: қарийб 3 минг 500 нафар кишидан иборат. 
— Юртингизда хорижий инвесторларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар туфайли йилдан-йилга яхши натижаларга эришаяпмиз, — дейди корхона директори Чой Жонг Жин. — Масалан, фақатгина 2013 йилнинг ўзида модернизация ишларига 2 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ сарфладик. Бу бетакрор заминдаги фаровонлик бизни янги марралар сари ундамоқда. Шу боис яқинда бош офисимизда бўлиб ўтган йил якунларига бағишланган йиғилишда Фарғонадаги корхонада келгуси йилларда амалга ошириладиган ишларнинг иккинчи ва учинчи лойиҳа босқичлари тасдиқланди. Мазкур лойиҳаларга, асосан, ишлаб чиқариш қувватларини кенг миқёсда янгилаш, модернизациялаш масалалари устувор вазифа сифатида киритилган. Бу сингари ҳаётбахш ўзгаришлар маҳсулотларимизга жаҳон бозоридаги эътиборни янада кучайтиради, албатта.
Бизни яна бир қувонтирган жиҳати, Президент Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимда мамлакатингизда самарали ишлаётган кўплаб корхоналар қаторида Жанубий Кореядаги бош корхонамиз — “ДЭУ текстиль” номи ҳам алоҳида эътироф этиб ўтилди. Бу ғайратимизга ғайрат, ишимизга унум ва барака қўшди, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.
Дарвоқе, корхонага кираверишдаги тахтачада қайд этилган экспорт йўналишлари ҳаракатига назар ташласангиз, “ДЭУ текстайл Фарғона” ёрлиғи остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Голландия, Бельгия, Португалия, Испания, Италия, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Эрон сингари ўндан ортиқ мамлакатларга жўнатилаётганлигини билиб оласиз. Бу ислоҳотлар самарасидир.
Ўтган йилда корхонада биринчи инвестициявий лойиҳа доирасида 2 миллион АҚШ долларилик замонавий дастгоҳлар, тўқимачилик ускуналари олиб келинди. Жорий йилда эса лойиҳанинг иккинчи босқичига киришилади ва бунинг учун 8,5 миллион доллар миқдорида инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилган. Ушбу маблағ, асосан, ип йигириш, тароқлаш сингари ишлаб чиқаришнинг мураккаб жараёнларини янгилашга йўналтирилади. Шундан сўнг бу ерда йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми салкам 11,5 миллион долларга кўпайиб, олинадиган соф фойда эса 2 миллион 477 минг долларни ташкил этади.
Таъкидлаш жоизки, корхонада жамоанинг халқаро миқёсдаги узоқ муддатли мақсадли стратегияси ҳам ишлаб чиқилган. Унда кўзда тутилган энг муҳим йўналишлардан бири дунё тўқимачилик саноатида корхона рейтинги юқори бўлишига эришишдир. Айни пайтда бу ерда меҳнат қилаётган ҳар бир ходим ушбу эзгу мақсад йўлида астойдил интилмоқда.
Умуман, бугунги кунга келиб, вилоятда енгил саноат тармоғида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 539 тага етказилди. Улар томонидан ҳудуд аҳолисининг тайёр газламаларга бўлган эҳтиёжининг 91 фоизи, тикув маҳсулотларига бўлган талабининг эса ярмидан кўпроғи қондирилаяптики, бу соҳада амалга оширилаётган ишлар нечоғли юксак самара бераётганини яққол тасдиқлайди. Зеро, қулай ишбилармонлик муҳити, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳамкорлик иқтисодий ютуқларнинг бош омили бўлмоқда.
Корхонада 35 минг тоннадан ортиқ пахта толаси қайта ишланиб, 17 минг тоннадан зиёд калава ип тайёрланди. 38 миллион погонметр газлама ишлаб чиқарилди. Ўтган йилнинг ўн бир ой ичида эса 90,2 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспортга йўналтирилди.

Набижон СОБИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Хурсандбек АРАББОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn