Дастур ижроси ва банклар фаолияти
  • 08 Январь 2015

Дастур ижроси ва банклар фаолияти

Кеча Тошкент шаҳрида “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда банк тизимининг иштирокига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда тижорат банклари, ишбилармон доиралар вакиллари, хорижлик мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидландики, Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Давлат дастурининг изчил ижросини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш учун қулай шароит, зарур инфратузилма объектларини барпо этиш борасида банк тизими томонидан муайян ишлар рўёбга чиқарилди. Бу жараёнда, айниқса, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган кичик ва оилавий бизнесни ривожлантириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорликка жалб этиш, оилаларнинг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда Марказий банк томонидан дастурга киритилган лойиҳаларни молиялаштириш юзасидан  мониторинг юритилгани натижасида кредит маблағларини ажратиш бўйича прогноз кўрсаткичлари тижорат банкларининг ҳар бир филиалида тўлиқ бажарилди.
— “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида 1 триллион 810,6 миллиард сўм миқдорида банк кредитлари ажратилиши кўзда тутилган эди, — дейди республика Марказий банки департаменти бошқарма бошлиғи Адҳам Ражабов. — Амалда эса йўналтирилган кредитлар ҳажми 3 триллион 766,9 миллиард сўмдан ортди. Бу пировардида белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш имконини берди. Масалан, хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 600 миллиард сўм ўрнига 960,2 миллиард сўм миқдорида молиявий кўмак кўрсатилди. Бунинг ҳисобига нафақат тадбиркор опа-сингилларимиз, балки ишчиларининг камида 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этадиган кичик бизнес субъектларининг фаолиятини ҳам кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга эришилди. 
Юртимиз банк тизимининг тадбиркорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш борасида олиб бораётган бу каби муваффақиятли фаолияти халқаро миқёсда ҳам юксак баҳоланмоқда. Хусусан, Халқаро Молия корпорацияси ва Жаҳон банки томонидан 2014 йилнинг октябрь ойида эълон қилинган янги ҳисоботида Ўзбекистонда кредитлаш тизими рейтинг кўрсаткичи дунёнинг 189 та давлати ичида 130-ўриндан 104-ўринга кўтарилди. “Кредит алмашинуви индекси” кўрсаткичи бўйича эса мавжуд 8 баллик тизимда 7 баллга баҳоланди.
Ўтган йили аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, хусусан, замонавий тураржойларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш масаласи ҳам банкларнинг диққат-эътиборида бўлди. Гап шундаки, 2 триллион 313,5 миллиард сўмлик кредитлар қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида 11 мингта уй-жой қурилишига йўналтирилди.
Шу ўринда айтиш жоизки, юртимиз ёшларининг иқтисодий билим ва кўникмаларини юксалтириш, уларнинг бандлигини таъминлашда банк тизимининг роли тобора ошмоқда. Буни ўтган йили касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес-режалари ижроси учун белгиланганидан 1,7 баробар кўп, яъни 200,9 миллиард сўм маблағ ажратилгани яққол тасдиқлаб турибди. Пировардида минг-минглаб йигит-қизлар мустақил равишда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, уларнинг ҳар бири эса камида 4-5 нафар тенгқурини ёнига олиб, аҳоли бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишга муваффақ бўлди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn