Тараққиётнинг дадил одимлари
  • 07 Январь 2015

Тараққиётнинг дадил одимлари

Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришган дастлабки кунлардан бошлаб инсон ва унинг манфаатларини таъминлашга қаратилган эзгу ислоҳотлар ҳаётга изчил татбиқ этиб келинмоқда.

Аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишда ҳар йилга олижаноб мақсадга йўналтирилган ном берилиб, Давлат дастурлари қабул қилинаётгани ва амалга оширилаётгани, айниқса, муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Президентимиз ташаббуси билан 2015 йил мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилингани ана шу хайрли  ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
“Ҳар қандай жамиятнинг ёши улуғ одамларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги унинг маданий даражасини белгилайди, десак, янглишмаган бўламиз, — дея таъкидлади давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида. — Соддагина, ўзбекона қилиб айтганда, кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг том маънода ажралмас қисмига айланган”.
Пиру бадавлат кексаларимизни қадрлаш, уларни эъзозлаш халқимизга хос фазилатдир. Оила муҳитида шаклланадиган ота-онага ҳурмат, уларнинг олдида бир умр қарздорлик бурчи одамийликнинг ёрқин ифодасидир. Шундай экан, кўпни кўрган, Ватанимиз равнақи, шаҳар ва қишлоқларимиз  ободлиги йўлида беқиёс ҳисса қўшган мўътабар отахон ва онахонларимизга ҳар томонлама эҳтиром кўрсатсак, улар олдидаги фарзандлик бурчимизни садоқат билан адо этиб, бошимизга кўтарсак арзийди. Ушбу йўналишда юртимизда кўп ва хўп савобли ишлар қилинмоқда.
Ҳозирги даврда аҳолининг турмуш даражаси, айниқса, ҳаёт сифати одамларнинг ўртача умр кўриш кўрсаткичи билан ҳам ифодаланади. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсонни ривожлантириш концепциясида қайд этилган энг муҳим мезонлардан биридир. Мустақиллик йилларида халқимизнинг ўртача умр кўриши 1990 йилдаги 67 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида эса 75,8 ёшга етди.  Бугунги кунда республикамизда 60 ёшдан ошган қарийб 2,9 миллион киши истиқомат қилади. Улар орасида 3 минг 109 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 69 минг 994 нафар фронт ортида меҳнат қилган инсонлар борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ўзбекистон узоқ умр кўрувчилар мамлакатига айланаётганлигини мамнуният билан қайд этса бўлади. Буни юртимизда яшаётган табаррук отахон ва онахонларимизнинг 225 минг  нафари  80 ёшдан, 44 минг  нафари 90 ёшдан, 8700  нафари эса 100 ёшдан ошганлиги ҳам исботлаб турибди.
Республикамизда фаҳрийларнинг “Нуроний” жамғармаси ташкил этилган. Ушбу жамоат ташкилоти  томонидан кекса авлод вакилларига кейинги икки йил давомида 1 миллиард  163 миллион сўм, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан эса 2013 йилда 3 миллиард 211 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Бевосита катта ёшдагиларга мўлжалланган санаторийлар, дам олиш уйлари ҳам фаолият юритмоқда.
Ўзбекистонда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти шакллантирилиб, ривожлантириб борилаяпти. Жаҳон миқёсида глобал молиявий инқироз давом этаётган бир шароитда ҳам мамлакатимизда давлат бюджети харажатларининг  60 фоизи ижтимоий соҳага ажратилаётганлиги бутун дунёда тан олинган “ўзбек модели” асосий хусусиятининг амалий ифодасидир.
Аслида ижтимоий соҳага йўналтирилаётган харажатлар — келажакка сармоя ҳисобланади. Ўзбекистонда таълим соҳасига кўпгина ривожланган давлатлардагидан ҳам анча кўп — ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизи сарфланмоқда. Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг изчил амалга оширилиши, 12 йиллик мажбурий таълимнинг жорий этилиши, олий ўқув юртларида, шу жумладан, жаҳоннинг энг нуфузли университетлари филиалларида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш жараёни такомиллаштириб борилиши юртимизда ижобий маънодаги “портлаш эффекти”ни бермоқда. Буни  мустақиллик йилларида иқтисодиётимиз қарийб 5 баробар ортгани исботлаб турибди. Мана шундай ижобий ҳолатни, шунингдек,  миллий иқтисодимизнинг барқарор юқори суръатларда — кейинги ўн йил давомида муттасил 8 фоиздан зиёдга ўсиши таъминланиши билан бир қаторда унинг сифат кўрсаткичлари ортаётганлигида ҳам кўришимиз мумкин.
Саноат ишлаб чиқаришининг умумий таркибида юқори қўшимча қийматга эга бўлган рақобатбардош маҳсулотлар — телекоммуникация ускуналари, компьютер техникаси ва мобиль телефонлар, кенг турдаги маиший электроника ва бошқа турдаги маҳсулотларнинг ҳажми 78 фоизга етди. Мамлакат индустрияси ўз ички бозорини импорт ўрнини босадиган сифатли маҳсулотлар билан таъминлашни йўлга қўйиш асносида, бугунги кунда хорижга, шу жумладан, саноати ривожланган давлатларга “Cobalt” ва “Gentra” русумидаги енгил, шунингдек, юк автомобиллари, автобуслар, двигателлар, мис асосли қотишмалар, полиэтилен, калава ип, трикотаж полотно ва бошқа харидоргир товарларни экспорт қилмоқда. Давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз боис кўпгина давлатларда истеъмол талаби пасайиб бораётган бир шароитда 2014 йилнинг ўзида республикамиздаги 322 та янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилиб, улар илк бор ўз маҳсулотларини  51 давлатга  етказиб беришни йўлга қўйди.
Истиқлол йилларида юртимиз аҳолиси бир ярим баробар кўпайди. Аҳоли жон бошига ўртача даромад эса 8,7 маротаба ошди.  Ўз Ватани, оиласи манфаати йўлида фидокорона меҳнат қилган фахрийларимизнинг ҳам қарилик гаштини суришлари учун моддий шарт-шароитлар яратилган.
Мустақиллигимизнинг илк йиллари — мустабид тузумдан бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтилаётган, маблағ етишмаётган,  ишлаб чиқариш ҳажмлари, фуқароларнинг даромади камайиб бораётган мураккаб даврда Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмини ҳамда  пенсионерларни  моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш  йўлга қўйилди. 1993 йилда қабул қилинган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонун  фуқароларнинг қариганда ижтимоий таъминланишга оид конституциявий ҳуқуқлари рўёбга чиқарилишининг кафолатларини яратди.
Мамлакатда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда рўй бераётган туб ўзгаришлар ҳисобга олиниб, 2004 йилда “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, айниқса, муҳим аҳамиятга эга бўлди.  Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда иккита: асосий — бирдамлик принципига асосланган давлат ҳамда  2005 йил 1 январидан эътиборан жорий этилган мажбурий, жамғариб бориладиган пенсия тизими амал қилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадалларининг тўланиши натижасида ишлаётган фуқаролар учун иш ҳақидан (даромадидан) бирор  йўқотиш бўлмайди. Ҳар ойлик пенсия мажбурий бадаллари ушбу ходимнинг даромадига Қонунда белгиланган тартибда ҳисобланган жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан чегириб қолинади. Фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларида тўпланган маблағлар учун ҳисобланган фоизлар ҳамда бу маблағлар ҳисобига берилган пенсиялар солиқ тўлашдан озод қилинади. Шу билан бирга, жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Халқ банкидаги фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ихтиёрий равишда йўналтирилган суммаларига солиқ солинмайди.
2014 йилнинг ўзида давлат бюджети ҳисобидан кекса ёшдаги фуқароларга 11 триллион 618 миллиард сўмдан ортиқ пенсия, 105 миллиард сўмдан зиёд нафақалар тўланди. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 13 октябрда қабул қилинган Фармонига асосан, уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш мақсадида уларнинг йилда бир марта ўзлари учун мақбул муддатларда санаторий-соғломлаштириш муассасаларида давлат ҳисобидан даволанишларига имконият  яратилди.
Матонати, иродаси ва фидойилиги билан Ватанимизни равнақ топтиришга беқиёс ҳисса қўшган, бугунги кунда ҳам тарихимизнинг ўчмас саҳифаларини, аждодларимизнинг буюк меросини, қадрият ва урф-одатларимизни ёшларимизга етказиш, уларни тарбиялашда ибрат бўлаётган кекса авлод вакилларига эҳтиром кўрсатиш, уларнинг сиҳат-саломатликлари, турмушлари фаровонлигини таъминлаш, умрларини узайтириш учун барча шарт-шароитни яратиш — ҳаммамизнинг бурчимиздир.

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,
иқтисод фанлари доктори, профессор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn