Тадбиркор зиммасидаги масъулият
  • 07 Январь 2015

Тадбиркор зиммасидаги масъулият

Чиноз туманида фойдаланилмай келинаётган кўп қаватли бинолардан бири тадбиркорлик субъектига “ноль” қийматида берилди. Бу, ўз навбатида, маҳаллий ишбилармон Зайниддин Акромов зиммасига яқин икки йил мобайнида ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун бир миллиард сўмдан зиёд инвестиция киритиш мажбуриятини юклади.

Тадбиркор сармоянинг бир қисмини “Чиноз текстиль сервис” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини йўлга қўйиш учун йўналтирди. Хориждан замонавий тикувчилик дастгоҳлари келтирилиб, маҳаллий чеварлардан 22 нафари ишга қабул қилинди. Бизнес лойиҳага кўра, бу ерда босқичма-босқич янги тармоқлар очилиб, фаолият кўлами кенгайиб бораверади.
Корхона чеварлари ҳозир мавсумий кийим-кечак, мактаб формалари, саноат корхоналари ишчи-хизматчилари учун коржомалар тикишмоқда.
— Чеварликни туманимиздаги иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ўрганганман, — дейди тикувчи Дилноза Кароматуллаева. — Илғор дастгоҳларда ишлаяпмиз. Либосларимиз хорижникидан қолишмайдиган, энг сўнгги андозада. Шу боис уларга талаб ортмоқда.
Яқинда тадбиркор чет эллик ишбилармонлар билан шартнома имзолади. Ҳадемай,  “Чиноз текстиль сервис” маҳсулотлари хорижга ҳам сотилади.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn