Муқобил энергия манбалари ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан наф келтиради
  • 07 Январь 2015

Муқобил энергия манбалари ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан наф келтиради

Бугунги шиддат билан тараққий этаётган даврни замонавий технологияларсиз тасаввур қилиш мушкул. Шу боис ҳар бир соҳада янгиликка қўл уриб, илғор ва тежамкор ишланмаларни амалиётга изчил татбиқ этиш ҳаётий заруратга айланмоқда.

Жумладан, кейинги йилларда жаҳон энергетика тизимида самарадорликни ошириш, табиий захираларни тежаш мақсадида қайта тикланувчи энергия манбаларидан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Гап шундаки, жаҳон иқтисодиётини электр энергияси билан таъминлашда нефть-газ тизими энг юқори ўринда туради. Яъни дунё бўйича табиий ёнилғи сарфи миқдори йилига 12 миллиард тонна нефть эквивалентига тенг. Бу — ҳар бир киши эҳтиёжи учун тахминан 1,8 тонна шундай ёнилғи ишлатилаяпти, дегани. Бунинг ҳам моддий томони, ҳам экологияга таъсири қай даражада эканини ҳисоб-китоб қилиш эса ўзингизга ҳавола. Шу жиҳатдан қараганда, қайта тикланувчи энергия манбалари самарадорлиги билан ажралиб туради. Ҳозир истеъмол қилинаётган барча энергиянинг 13,5 фоизини, электр энергиясининг 18 фоизини муқобил энергия манбалари ташкил этаётгани, 2,5 миллион нафардан зиёд киши ушбу соҳада бандлиги ана шундан далолат беради.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда ҳам истиқлол йилларида энергетиканинг мазкур тармоғи изчил ривожлантирилаяпти. Ўтган давр мобайнида “Электр энергетикаси тўғрисида”ги, “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда бошқа бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани бу борадаги ташкилий-ҳуқуқий ишларни янада жадаллаштирмоқда. Чунончи, Марказий Осиёда ўхшаши йўқ илмий-экспериментал марказ — Фанлар академиясининг “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасида муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича тадқиқотлар олиб бориш юзасидан салмоқли тажриба тўпланган бўлса, ўтган йили пойтахтимизда ташкил қилинган Халқаро қуёш энергияси институти мутахассислари қайта тикланувчи манбаларни илғор ва самарали технологиялар асосида иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўллашга оид таклифлар тайёрлаб, йирик лойиҳаларга доир ҳужжатларни ишлаб чиқиш сингари долзарб вазифаларни сидқидилдан адо этмоқдалар. 
Мутахассисларнинг фикрича, ҳозирги кунда дунё миқёсида шамол ва қуёш нури ёрдамида муқобил энергия ҳосил қилиш ускуналарига бўлган талаб тобора ошмоқда. Хусусан, қуёш панеллари атиги олтита давлатда ишлаб чиқарилишини инобатга олсак, уларни тайёрлашни янада жадаллаштириш навбатдаги муҳим вазифалар сирасига киради.
Мамлакатимизда ушбу йўналишдаги ишларга аллақачон киришилгани диққатга сазовор. Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрдаги тегишли қарори асосида ишлаб чиқилган махсус дастур доирасида биргина  “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси тизимида умумий қиймати 5 млрд. 272,7 млн. АҚШ долларилик 44 та инвестициявий лойиҳа амалга оширилаётгани, кўплаб ишбилармонларимиз томонидан шамол генератори ва қуёш панеллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар ташкил этилаётгани бунинг тасдиғидир.
Пойтахтимиздаги “Интеллект диалог” масъулияти чекланган жамияти шулардан бири бўлиб, мана, бир неча йилдирки, у аҳоли ва ташкилотларга бу борада ёрдам бериб келмоқда.
— Юртимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имконияти жуда юқори, — дейди жамият раҳбари ўанижон Солиев. — Фаолиятимизни 2008 йилда йўлга қўйган бўлсак, ўтган давр мобайнида аҳоли ва турли ижтимоий объектларга 200 дан зиёд қуёш панеллари ва шамол генераторларини ўрнатиб бердик. Масалан, Сариосиё туманидаги Бобур, Узун туманидаги “Янгиобод”, Денов туманидаги “Ўзбекистон” қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда  кўплаб фермер ва деҳқон хўжаликлари шулар жумласидандир. ЎзФА Энергетика ва автоматика институти олимлари билан ҳамкорлик ўрнатганимиз, шунингдек, Тошкент давлат техника университетида махсус лаборатория ташкил этганимиз эса фаолиятимизни янада кенгайтиришда қўл келмоқда.
Айни пайтда корхонамизда 300 ваттдан 20 киловаттгача бўлган қувватга эга, бошқача айтганда, хонадонни ёритишдан тортиб, кичик ишлаб чиқариш субъекти учун зарур электр энергияси етказиб берувчи ускуналар тайёрланаяпти. Ўтган йилда эса гибрид — шамол-қуёш қурилмаси ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик. Бу ускунанинг афзаллиги шундаки, у бир вақтнинг ўзида ҳам офтоб нуридан, ҳам шамолдан энергия олиш имкониятига эга. Бундан ташқари, булутли кунларда шамол, шамолсиз кунларда эса қуёш нуридан ҳам фойдаланиш мумкин.
Қолаверса, янги қурилманинг иссиқхоналарни иситиш, энергияни йиғмасдан туриб, насос ёрдамида сув чиқаришга мўлжаллангани эътиборга лойиқ.  Буларнинг барчаси аҳолини “келажак энергияси” дея таъриф берилаётган муқобил энергия манбалари билан таъминлашга хизмат қилаётгани эса, айниқса, аҳамиятлидир.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда муқобил энергетика тизими инновацион ривожланишнинг муҳим омилига айланмоқда. Унинг анъанавийларига нисбатан тежамкорлиги ва экологик жиҳатдан безарарлиги бу борада асосий мезондир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn