Бизнесни самарали бошқаришга кўмак
  • 15 Февраль 2014

Бизнесни самарали бошқаришга кўмак

Кеча Тошкент шаҳрида бизнесни самарали бошқариш, жумладан, кичик ва хусусий корхоналарнинг барқарор ривожланишини таъминлаш салоҳиятига эга малакали тадбиркор ва менежерлар тайёрлашга кўмаклашишга қаратилган янги лойиҳанинг тақдимоти бўлиб ўтди.

“Бошқарув кадрларини тайёрлаш дастури — Ўзбекистон кичик ва ўрта бизнес корхоналари раҳбарларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш” деб номланувчи ушбу лойиҳа Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан бир қатор хорижий компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар алоҳида таъкидлаганидек, мамлакатимизда бизнес фаолиятини юритиш учун қулай муҳит яратилган. Соҳада қўшимча имтиёз ва преференцияларни қўллаш, айниқса, тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар кичик корхоналар сафи кенгайишида рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилаяпти. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан биргина 2013 йилнинг ўзида рухсат беришга оид 80 дан ортиқ тартиб-таомил, лицензияланадиган фаолият турларининг 15 таси, 65 турдаги статистик ҳисоботлар, 23 турдаги ҳисоботни тақдим этиш муддатлари қисқартирилиб, зарур рухсатномалар бериш муддати 2 марта, ушбу жараёнлар учун харажатлар қиймати эса 5 марта қисқартирилди. Бу, ўз навбатида, 26 мингдан зиёд кичик бизнес субъектларининг иш бошлашида катта мадад бўлди.
2016 йилгача давом этадиган мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад ҳам тадбиркорларнинг ўз бизнес фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга яқиндан ёрдам беришдир. Шу боис унинг доирасида ташкил этиладиган дастурларда барча машғулотлар бепул олиб борилади. “Тренерлар учун тренинг” дастури — уларнинг дастлабки ижросига ўзбек тренерлари ва менежерлари танлаб олингандан сўнг киришилади. Лойиҳа уч босқичдан иборат бўлиб, бу жараёнда юртимиз тадбиркорлари учун Европа мамлакатларида малака ошириш, тажриба алмашиш имконияти мавжудлиги кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда.
Сабаби, уларга жараёнда хорижий компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича амалий келишувларга эришиш учун барча шарт-шароит яратиб берилади.
— Лойиҳа биз, тадбиркорларга бизнес юритиш жараёнида илғор усулларни қўллаш, ички ва ташқи бозор талабларини чуқур ўрганиш имконини бериши билан аҳамиятлидир, — дейди пойтахтимиздаги “Резина Битум Мастика” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Носир Ҳасанов. — Бу импорт ўрнини босувчи ва экспортга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйган жамоамиз учун айни муддао. Гап шундаки, ўтган йили автомобиль йўллари ва аэродром қопламаларида ишлатиладиган резина битумли мастика ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилди. Айни пайтда кунига бир тоннадан зиёдроқ шундай маҳсулот тайёрланаётган бўлса, келгусида фаолиятимизни кенгайтириш ҳисобига маҳсулот турларини кўпайтириш ва маҳаллийлаштириш кўламини ошириш ниятидамиз.
Ташкилотчиларнинг айтишича, лойиҳа доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатаётган кичик бизнес субъектларини қамраб олиш кўзда тутилган. Бунинг учун унинг тақдимотларини Андижон, Қарши, Термиз ва Нукус шаҳарларида ҳам ўтказиш режалаштирилмоқда. Зеро, тадбиркорлик ҳаракати ривожида самарали бошқарув усулларининг изчил татбиқ этилиши муваффақиятлар гаровидир.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn