Тежамкор ва фойдали
  • 07 Январь 2015

Тежамкор ва фойдали

Балиқ гўштининг фойдали жиҳатлари жуда кўп. Масалан, у инсон хотирасини мустаҳкамлашда, айниқса, болаларнинг соғлом улғайишида муҳим унсур ҳисобланади.

Шу боис ҳар бир кишининг балиқ маҳсулотлари истеъмол қилиш меъёри ишлаб чиқилган. Бироқ ушбу парҳез маҳсулотни етиштириш осон иш эмас. Бунинг учун кишидан мустаҳкам ирода, тажриба ва омилкорлик талаб этилади.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Навоий вилоятида ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, балиқ етиштириш мақсадида тизимга замонавий технологиялар изчил татбиқ қилинмоқда.  Бунга Қизилтепа туманидаги “Аква Тўдакўл” қўшма корхонаси жамоасининг фаолияти яққол мисол бўла олади.
Гап шундаки, мазкур жамоа балиқ етиштиришда ўзига хос “садоқ” (қафас) усулини қўллаб, юқори самарага эришмоқда. Корхона раҳбари Дилшод Худоёровнинг айтишича, бу усулнинг афзал жиҳати, аввало, қўшимча ер ёки сувга эҳтиёж сезилмайди. Шунингдек, қафас махсус енгил материаллардан тайёрлангани боис  балиқларни озиқлантириш, назоратга олиш ва қўриқлаш ҳам жуда қулай. Бу эса уларнинг кўпайиши учун муҳим омилдир.
Республикамиздаги сунъий ҳавзаларнинг аксариятида бир куб метрдан ўртача 100 килограммгача балиқ етиштирилаётганини, қафас  усули ёрдамида эса бу кўрсаткични 200 килограммгача етказиш мумкинлигини инобатга олсак, жамоанинг мазкур ташаббуси қанчалик аҳамиятга эга эканлигини англаш мушкул эмас.
Ҳозирги кунда умумий майдони 21 минг гектардан иборат “Тўдакўл” ҳавзасида зоғора, оқ амур, оқдўнгпешона, карас, лаққа каби 12 турдаги балиқлар парваришланмоқда. Бу ерда амалга оширилаётган модернизация тадбирлари боис эса парҳезбоп маҳсулотлар етиштириш ҳажми йил сайин кўпаймоқда. Хусусан, бундан ўн йил аввал ушбу ҳавзада 150 — 170 тонна балиқ етиштирилган бўлса, эндиликда мазкур кўрсаткич 1000 тоннага етказилди. “Аква Тўдакўл” қўшма корхонаси жамоаси ҳам келгусида янада юқори натижаларга эришиш истагида балиқ боқиш хўжалигининг инкубация цехида балиқнинг 4 та янги турини кўпайтирмоқда.
Ҳудудда, шунингдек, балиқчиликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли “Аква Тўдакўл” сингари хўжаликлар сони тобора кўпаймоқда.
Вилоятдаги энг катта ҳавзалардан бири — Айдаркўлда ҳам балиқчилик тобора ривожланаяпти. Ҳозирги кунда бу ерда балиқчиликка ихтисослаштирилган ўнлаб хўжаликлар самарали фаолият юритмоқда. Қишлоқ хўжалигининг ушбу сердаромад тармоғига янги технологик усулларнинг жадал татбиқ этилаётгани эса аҳоли дастурхонини парҳезбоп маҳсулотлар билан янада бойитишга хизмат қилиши муқаррар.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn