Истеъмолчи манфаатлари ва масъулият
  • 15 Февраль 2014

Истеъмолчи манфаатлари ва масъулият

Шофиркон туманида яшовчи Ҳусниддин Шодмонов табиий газ тўловидан 250 минг сўм миқдорида қарздор эканидан хабар топиб, таажжубга тушди. Аниқлик киритиш учун туман газ таъминоти идорасига борди. Аммо бундан наф чиқмади.

У ердагилар “250 минг сўм қарздорсиз, тамом-вассалом”, деб туриб олишди. Бироқ емаган сомсага кимнинг ҳақ тўлагиси келади?! Ҳусниддин ака ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билади. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти деган ташкилот борлигини ҳам. Ҳ. Шодмонов шу жамиятга мурожаат қилди. Аризани ўрганиб чиққан мутахассислар масалага ойдинлик киритишди. Асоссиз равишда ҳисобланган тўқсон минг сўмни аризачи фойдасига қайтаришди. Шу тариқа бир истеъмолчининг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди. Туман газ таъминоти идорасидагилар ҳам ўзларига тегишли хулоса чиқаришган бўлса ажаб эмас.
— Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин, — дейди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси ижрочи директори Илҳом Қиличев. — Бирлашмамиз ва туман жамиятларига ўтган йили фуқаролардан 600 дан ортиқ ариза ва шикоятлар келиб тушди. Улар   “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларидан келиб чиққан ҳолда жойида ўрганилди. Натижада  мурожаат қилганлар ҳақ эканлиги аён бўлди ва пировардида 100 миллион сўмдан зиёд маблағ улар фойдасига ҳал этилди.
Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, тушган ариза ва шикоятларнинг ўн фоизи коммунал хўжалиги, 21 фоизи савдо, 35 фоизи табиий газ таъминоти билан боғлиқ масалаларга дахлдордир. Бу вилоятда айнан шу соҳаларда ўз ечимини кутаётган масалалар борлигидан далолат беради.
Бирлашма тизимида ҳозир 13 та шаҳар ва туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари фаолият кўрсатмоқда. Мазкур жамиятлар негизида 187 та таянч гуруҳи мавжуд. Уларнинг аксарияти маҳаллаларда, корхона ҳамда ўқув муассасаларида ташкил этилган. Жамият аъзолари сони эса салкам йигирма минг нафардир. Бу ҳақда алоҳида тўхталишимиз бежиз эмас. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган амалдаги қонун ҳужжатлари тарғиботи билан шуғулланишда мазкур гуруҳлар таянч вазифасини ўташмоқда. Чунончи, ўтган йили жойларда 250 га яқин давра суҳбатлари, бешта ўқув-семинар ташкил этилди, оммавий ахборот воситаларида мақолалар чоп қилинди. Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, амалга оширилаётган бу каби тадбирлар, шубҳасиз, аҳолининг билим ва тушунчаларини бойитишга хизмат қилаётир.
— Асосий вазифаларимиздан бири истеъмолчи сифатидаги ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятлари нимадан иборат эканлигини фуқароларимиз онгига сингдиришдир, — дейди И. Қиличев. — Шу мақсадда вилоятдаги умумтаълим мактабларида ўқув-семинарлар ҳамда давра суҳбатлари ўтказаяпмиз. Хусусан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ёшлар — чекишга қарши” лойиҳаси бўйича қатор маърифий тадбирлар уюштирилмоқда.
Соҳа мутасаддисининг айтганича бор. Ҳар биримиз кунига турли хизматлардан фойдаланамиз, ҳаётий эҳтиёжларимизни қондириш учун савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига кирамиз. Қисқача айтганда, истеъмолчига айланамиз. Шундай экан, бу борадаги ҳақ-ҳуқуқ ва бурчларимизни билиб қўйсак, фойдадан холи бўлмайди. Қолаверса, истеъмолчи сифатида ҳеч ким ҳимоясиз эмас. Буни ҳам ёдда тутган маъқул.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn