Сармоявий ҳамкорликнинг янги уфқлари
  • 31 Декабрь 2014

Сармоявий ҳамкорликнинг янги уфқлари

Кейинги йилларда жадал ўсиш суръатлари кузатилаётган Ўзбекистон иқтисодиётига бўлган қизиқиш тобора ошмоқда. Ўз бизнес фаолиятини юртимиз билан боғлаётган хорижий сармоядорларнинг сафи йил сайин кенгайиб бораётгани шундай дейишимизга асос бўла олади.

Бинобарин, бугунги кунда сармоявий ҳамкор мамлакатларнинг сони 90 дан, уларнинг капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар эса 4 мингтадан ошди.
Хорижлик экспертларнинг эътироф этишича, бундай юқори натижага эришилишида чет эллик ишбилармонларнинг эркин фаолият юритиши учун барча шарт-шароит яратилгани, иқтисодиётимиз салоҳияти юксалиб, инвестициявий жозибадорлиги таъминланаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Дарҳақиқат, иқтисодиётимизга жалб қилинаётган хорижий инвестициялар оқими кўпайиб, кўплаб истиқболли лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаяпти. Айниқса, дунёда ном қозонган йирик компаниялар билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани нафақат маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, балки биз учун тамомила янги бўлган саноат тармоқларини йўлга қўйиш имконини бераётгани қувонарлидир. Швейцариянинг “Rieter” компанияси кўмагида тўқимачилик машинасозлиги ўзлаштирилгани бунга мисол бўла олади.
Гап шундаки, бундан тўрт йил муқаддам Тошкент шаҳрида “Rieter Uzbekistan” хорижий корхонаси иш бошлаган эди. Ўтган даврда унинг биринчи ва иккинчи босқичлари муваффақиятли амалга оширилиб, импорт ўрнини босувчи тараш, пилталаш ва ҳалқали ип йигириш машиналари тайёрлаш ўзлаштирилди. Бунинг учун 12 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб этилди.    
Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ушбу корхонани чет эллик ҳамкорлар билан самарали амалга оширилган лойиҳалар қаторида алоҳида эътироф этди. Зеро, тўқимачилик машиналари ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи компаниянинг юртимизда заводи очилиши чиндан-да саноатимиз равнақи йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 220 йиллик тарихга эга мазкур компаниянинг Хитой, Ҳиндистон, Чехия, Германия каби чет давлатларда заводи мавжуд. Улар сафига бешинчи бўлиб қўшилган Ўзбекистонда рўёбга чиқарилган лойиҳа энг истиқболли, деб баҳоланмоқда.
Албатта, хорижлик инвесторларни, айниқса, саноатнинг янги тармоғига жалб этиш осон эмас. Бунинг учун, энг аввало, ҳамкорларда лойиҳа истиқболига ишонч ва қизиқиш уйғота олиш ўта муҳим. 
— Очиғи, дастлаб бизда иккиланишлар ҳам йўқ эмасди, аммо юртингизга келиб, бу ердаги шарт-шароитни кўриб, тўғри қарор қабул қилганимизга яна бир карра иқрор бўлдим, — деган эди корхонанинг очилиш маросимида иштирок этган “Rieter AG” компаниясининг бошқарувчи раиси Петер Гнеги. — Аввало, эътиборимни тортган жиҳат шу бўлдики, Ўзбекистонда саноатни ривожлантиришга давлатингиз томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади. Қолаверса, ижро интизоми кучли эканлиги, қулай инфратузилманинг мавжудлиги сармоявий ҳамкорлигимиз ривожида янги уфқлар очилишида мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. 
Мутахассисларнинг айтишича, лойиҳа аҳамиятини хориж капитали иштирокида амалга оширилгани билан боғлаш ноўрин. Негаки, бу каби харажатларни молиялаштириш учун иқтисодий салоҳиятимиз ҳам, ички имкониятимиз ҳам етарли. Бунинг замирида енгил саноатимиз равнақи учун ғоят зарур бўлган техника илмини ўзлаштириш, олий таълим муассасаларини битираётган ёш мутахассисларнинг тўқимачилик машинасозлигида малака орттириши учун қулай шарт-шароит яратишдек эзгу мақсад-муддаолар мужассамлиги унинг қадр-қимматини янада оширади.
Ҳозирги пайтда республикамизда 3000 та енгил саноат корхонаси фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан 300 таси “Ўзбекенгилсаноат” давлат-акциядорлик компанияси тизимида бирлашган йирик ишлаб чиқариш субъектларидир. Уларни замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозламасдан туриб, юқори сифатли маҳсулот тайёрлашнинг имкони йўқ. Эҳтимол, саноатнинг бошқа йўналишларида сифати бузилган хом ашёни яна қайта ишлаб, харидоргир маҳсулот тайёрлаш мумкиндир. Аммо “оқ олтин”имизни қайта ишлаш жараёнида сифат кўрсаткичларига путур етказмаслик жуда муҳим. “Rieter Uzbekistan” машиналари толани юқори сифат билан қайта ишлашдан ташқари, электр энергияси сарфини ҳам тежаш имконини беради. Шу туфайли унга бўлган талаб ниҳоятда юқори.
Корхонанинг 55 кишилик аҳил жамоаси ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш суръатини йил сайин ошириб бормоқда. Масалан, 2014 йил давомида 62 та тараш, 55 та пилталаш, 31 ҳалқали ип йигириш машинаси ишлаб чиқарилиб, буюртмачиларга етказиб берилди.
“Rieter Uzbekistan”нинг ишлаб чиқариш цехига кирган киши у ердаги озодалик, саранжом-саришталикдан бир қувонса, бу ерда меҳнат қилаётган ёшларни кўриб, ўн чандон севинади. Улар ўтган қисқа вақт ичида техника илмини пухта ўзлаштириб, эндиликда ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини швейцариялик мутахассисларга инглиз тилида дадил ифода этишмоқда. Бу эса бугунги кунга қадар корхонага ташриф буюрган хорижлик ҳамкорларда ҳавас ва ҳайрат ҳиссини уйғотгани айни ҳақиқат.
Мустақиллик тенгдоши Шерзод Абдураҳмонов — ана шундай илғор ёшлардан бири. Ишлаб чиқариш цехи бошлиғи ўринбосари лавозимида меҳнат қилаётган бу интилувчан мутахассис яқинда Ҳиндистонда малака ошириб қайтди.
— “Rieter” компаниясининг Ҳиндистондаги заводида бўлиб, у ерда меҳнат қилаётган мутахассислар билан ўзаро тажриба алмашдик, — дейди у. — Бу жараёнда Президентимиз айтганидек, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигига яна бир бора ишонч ҳосил қилдим. Негаки, биз, ўзбекистонлик ёшларнинг ишимизни кузатган мутахассислар фаолиятимизга юқори баҳо беришди. “Қандай қилиб қисқа вақт ичида бундай натижага эришдингиз?” дея сўрашди. Ўшанда уларга юртимизда ёшларнинг ўз касбининг моҳир усталари бўлиб етишишлари учун барча шарт-шароит яратиб берилгани, хусусан, биз ҳам олий таълим муассасасида назарий билимларни пухта ўрганганимизни, эндиликда уни амалиётда муваффақиятли қўллаётганимизни айтганимизда, суҳбатдошларимиз ҳайратини яшира олишмади.
Чиндан ҳам, Шерзод сингари уқувли ёшлар томонидан ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик машиналарининг сифат кўрсаткичлари жаҳон стандартларига тўла жавоб беради. Шунинг учун буюртмачилар сафи тобора кенгаймоқда. Келгуси йилдан ишлаб чиқариш ҳажми янада оширилиши режалаштирилганининг боиси шунда.
Дарвоқе, яна бир янгилик. Айни кунларда корхонанинг учинчи босқичи ижросига ҳам киришилди. Унинг доирасида 5 миллион АҚШ доллари миқдорида чет эл инвестицияси жалб қилиниб, тўқимачилик машиналари ҳамда асбоб-ускуналари учун зарур эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Режага кўра, янги линиянинг дастлабки маҳсулотлари 2015 йил охирига қадар ишлаб чиқарилса, навбатдаги йилдан бошлаб у тўлиқ қувват билан фаолиятини бошлайди. Ана шунда яна 30 нафар  йигит доимий иш билан таъминланади.              
Президентимизнинг 2011 йил 21 февралдаги замонавий тўқимачилик асбоб-ускуналари ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш бўйича чора-тадбирларга доир қарорига мувофиқ, ҳаётга татбиқ этилаётган ушбу йирик лойиҳа тез орада Ўзбекистонни тўқимачилик машиналари ишлаб чиқарилаётган саноат марказларидан бирига айлантириши, бундай ускуналарга бўлган ички эҳтиёжни тўлиқ таъминлашдан ташқари, экспорт қилиш имкониятини юзага келтириши муқаррардир.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn