Кичик бизнес: Экспорт салоҳияти ошмоқда
  • 30 Декабрь 2014

Кичик бизнес: Экспорт салоҳияти ошмоқда

Президентимиз Ислом Каримовнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси катта қизиқиш билан ўрганилаяпти.

2008 йилда бошланган глобал молиявий-иқтисодий инқироз ҳали-ҳануз жаҳон иқтисодиётига ўзининг салбий таъсирини ўтказмоқда. Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, қатор давлатларда, ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам ишсизлик даражаси юқорилигича сақланиб турибди, молия-банк соҳасидаги қийинчиликлар, ташқи қарз билан боғлиқ муаммолар долзарблигича қолаяпти. Нуфузли халқаро таҳлилчи ва экспертларнинг таъкидлашича, дунё иқтисодиётида вазият шу қадар мураккаблашиб бораяптики, бу кетишда таназзулнинг навбатдаги тўлқини пайдо бўлиши ҳеч гап эмас.
ХВЖ экспертларининг фикрига кўра, тараққий этган давлатларда қарздорлик ва ишсизликнинг юқорилиги жаҳон иқтисодиётининг барқарор ривожланишига халал бермоқда. Бундан ташқари, дунё бўйича узоқ вақт давомида инвестициялар оқими ҳам кутилганидан анча паст бўлди. Шу боис ўсиш суръати жуда суст кечмоқда.
Умуман, халқаро миқёсдаги мавжуд аҳволдан аён бўлиб турибдики, инқироздан чиқиш жараёни ҳали узоқ давом этади ва унинг қачон барҳам топиши ҳақида олдиндан бир нима дейиш мушкул.
— Мана шундай мураккаб шароитда ҳам мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ривожланаётгани, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати тобора ортиб бораётгани ҳар қанча ғурурланса, фахрланса арзийдиган ҳолат, — дейди Тошкент молия институти кафедра мудири, иқтисод фанлари доктори Бибисора Тошмуродова. — Бу Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган, дунёда “ўзбек модели” деб ном қозонган тараққиёт йўлимиз нақадар тўғри ва самарали эканининг амалий тасдиғидир. Ушбу модель машҳур беш тамойилга асосланади. Яъни иқтисодиётни мафкурадан холи қилиш, давлатнинг бош ислоҳотчи вазифасини бажариши, қонун устуворлигини таъминлаш, мамлакатимизнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, шунингдек, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширишдан иборат.
Албатта, биз Ўзбекистонимизнинг мустақил бўлиб, қисқа вақт ичида жаҳонда муносиб ўрнини топганини, барчанинг ҳавасини келтирадиган марраларни эгаллаётганини чексиз ифтихор билан тилга оламиз. Бу табиий. Лекин унутмаслигимиз керакки, бундай ютуқлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолаётгани ёки осмондан тушаётгани йўқ. Бунинг замирида нақадар улкан меҳнат ва машаққат ётибди. 
Ёши катталар яхши билишади: мустабид тузум даврида Ўзбекистонимиз фақатгина хом ашё етказиб берадиган, иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган, қолоқ аграр республика эди. Аҳолининг турмуш даражаси талабга жавоб бермасди. Халқимизни боқиш учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини четдан, кимларгадир ялиниб олиб келардик. Мустақиллик остонасидаги ўша оғир, тасаввур этиш қийин бўлган мураккаб, таҳликали пайтда Президентимизнинг кўрсатган жасорати ва қатъияти туфайли юртимизда аниқ йўл белгилаб олинди. Истиқлол қўлга киритилди. Барча соҳада кенг қамровли ислоҳотлар бошланди. Тез орада мамлакатимиз саноати жадал ривожланиб, иқтисодий салоҳияти юксалиб бораётган мамлакатга айланди.
Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, жаҳон миқёсидаги глобал иқтисодий инқироз ҳали-бери давом этаётганига қарамасдан, дунёнинг саноқли давлатлари қаторида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръатлари сўнгги 10 йил давомида 8 фоиздан зиёд бўлиб келмоқда. Янги — 2015 йилда ҳам ана шундай юксак ўсиш суръатлари кўзда тутилмоқда.
Бу юртимизнинг бугунги салоҳияти, куч-қудратини яққол ифодалайди.
Дарҳақиқат, биз ўз вақтида танлаб олган иқтисодий тараққиёт модели нақадар тўғри ва ишончли эканлигини жорий йилнинг тўққиз ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳам яна бир карра тасдиқлади. Эътибор беринг: ўтган давр мобайнида республикамизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8,1 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,4 фоиз, истеъмол товарлари 11,3, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 6,8, чакана савдо айланмаси 14,2, пуллик хизмат кўрсатиш 11,1 ва жами хизматлар ҳажми 14,7 фоиз ошди. Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини фаол амалга ошириш натижасида 777,8 мингта янги иш ўрни яратилди.
Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Хўш, бунинг сабаби нимада? Президентимиз қайд этиб ўтганидек, тузилишига кўра ихчам, қарорлар қабул қилишда тезкор ва ҳаракатчан, янги тартиб-қоидаларни қисқа муддатда ўзлаштирадиган кичик бизнес жаҳон ва минтақалар бозорларидаги талаб ҳамда конъюнктура ўзгаришларига анча тез мослашади. Кичик бизнесни ташкил қилиш ва юритиш катта харажат ҳамда капитал қўйилмаларни талаб этмайди. Бу эса ишлаб чиқаришни тез ва осон модернизация қилиш, техник ҳамда технологик қайта жиҳозлаш, янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш, уларнинг номенклатурасини мунтазам янгилаб бориш ва рақобатдошлигини таъминлаш имконини бермоқда. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг таҳдид ва салбий оқибатларига йирик корхоналарга нисбатан ушбу соҳанинг бардош бера олиш қобилияти анча юқоридир.
Тадбиркорларимиз фаолияти мисолида бу амалда тўлиқ ўз исботини топаяпти. Яъни яратиб берилаётган солиқ имтиёзлари ҳамда молиявий преференциялар туфайли ишбилармонларимиз замонавий технологиялар асосида маҳаллий хом ашёдан янги турдаги сифатли, рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаб, ҳам ички бозорни тўлдиришга, ҳам экспортга ўз ҳиссаларини қўшишаётир.
Ишбилармонларимизнинг ўз маҳсулотлари билан жаҳон бозорига янада дадил кириб боришини таъминлаш мақсадида кейинги йилларда юртимизда ҳуқуқий асослар мустаҳкамланиб, шу асосда зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Хусусан, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилгани бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
— Жамғарманинг асосий вазифаси мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилишда зарур ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий ёрдам кўрсатишдан иборатдир, — дейди Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бўлим бошлиғи Азизбек Исламов. — Айни пайтда Жамғарма юздан ортиқ хорижий ташкилот билан ҳамкорлик ўрнатган. Улар билан биргаликда халқаро савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни ривожлантириш, хусусий секторнинг ташқи бозордаги фаолиятини кенгайтириш, юртимиз экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилган қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Натижалар эса кўнгилга алоҳида мамнуният бахш этади. Масалан, жорий йилнинг январь — сентябрь ойларида Жамғарма кўмагида 667 та тадбиркорлик субъекти (булардан 57 таси янги экспортчи корхона) қурилиш, тўқимачилик, кимё, озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шунингдек, туризм, транспорт, маркетинг, консалтинг хизматларини экспорт қилди. Уларнинг умумий қиймати 678,6 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Хорижий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида ўтган давр мобайнида Корея Республикаси, Хитой, Сингапур, Испания, Бельгия, Литва, Латвия каби қатор давлатлар ишбилармон доиралари билан учрашувлар, бизнес-форум ва кооперация биржалари ўтказилди. Ана шу тадбирларда 200 дан ортиқ тадбиркорлар иштирок этди ва ўзаро ҳамкорлик бўйича 11 меморандум, шунингдек, умумий қиймати 74,5 млн. АҚШ долларига тенг келишув битимлари имзоланди.
Таъкидлаш жоизки, турли мамлакатлар ишбилармонлари билан савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатиш, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, маҳсулот ва хизматлар экспорти бўйича келишувларга эришишда халқаро кўргазмалар ҳам қулай имконият туғдиради. Шуни инобатга олиб, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тадбиркорларимизнинг халқаро кўргазмаларда иштирокини таъминлашда ҳам яқиндан кўмаклашмоқда. Биргина шу йилнинг ўзида ўзбекистонлик бир гуруҳ ишбилармонлар Германиянинг Берлин шаҳрида ўтказилган озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро кўргазмаси, Хитойнинг Сиань шаҳрида бўлиб ўтган халқаро саноат кўргазмаси, Гонгконг ҳамда Шанхай шаҳарларида ташкил этилган озиқ-овқат саноати халқаро ихтисослаштирилган кўргазмасида қатнашишди. Бу хориж бозорини янада чуқурроқ ўрганиш ҳамда бошқа давлатлар бизнес вакиллари билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш учун қулай шароит яратди.
Бундан ташқари, жамғарма Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Япониянинг “JETRO” халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда 2015 йилнинг март ойида Японияда бўлиб ўтадиган озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро кўргазмаси — “FoodExJapan — 2015”да маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг иштирокини имтиёзли шартлар асосида ташкиллаштириш чораларини кўрмоқда. Бу “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи туширилган маҳсулотларни жаҳон бозорида янада кенг тарғиб этиш, экспортчи корхоналаримиз сафини кенгайтиришга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимда “Бизнинг эътиборимиз марказида туриши керак бўлган энг муҳим масалалардан яна бири — бу Конституциямизга мувофиқ кўп тармоқли иқтисодиётимизнинг устувор соҳалари бўлмиш хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни тез суръатлар билан ривожлантириш йўлидан барча ғов ва тўсиқларни йўқ қилиш, уларнинг эркинлигини таъминлашдир”, дея алоҳида таъкидладилар.
Бундай оқилона сиёсат, ғамхўрлик мулкдорлар, кичик бизнес эгалари ва хусусий тадбиркорлар, умуман, бутун халқимизнинг руҳини кўтаришга, эртанги кунга янада катта ишонч билан қарашига асос бериши, шубҳасиз.
Яна бир жиҳат. Келгуси йилда мамлакатимизда 987,5 мингта иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Бу эса юрт ободлиги, оилалар фаровонлигини ошириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлади. Зеро, мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Шавкат ОРТИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn