Истиқболли лойиҳа шарофати
  • 30 Декабрь 2014

Истиқболли лойиҳа шарофати

Халқимизда “Сув келтирган элда азиз”, деган нақл бор. Шу боис ушбу бебаҳо неъматнинг ҳар томчисидан оқилона фойдаланишга интиламиз. Хонадонимизга ўнлаб, юзлаб чақирим масофадан обиҳаёт тармоқларини тортиб келган бунёдкорлар меҳнатини қадрлаймиз.

Қувонарлиси, бугун мамлакатимизнинг нафақат марказий ҳудуд ёки шаҳарлари, балки чекка қишлоқ ва овуллари аҳолиси ҳам узлуксиз равишда ичимлик суви билан таъминлаб келинмоқда. Тураржойлар, ижтимоий ва иқтисодий соҳа объектларидан кечаю кундуз зилол сув узилмайди. Хусусан,  Жиззах вилоятидаги кўплаб қишлоғу маҳаллалар аҳолиси обиҳаёт неъматидан баҳраманд бўлибгина қолмай, ундан тежамкорлик билан фойдаланиш масъулиятини ҳам чуқур ҳис этадилар.
Шу ўринда бир мисол: “Қўйтош” сув тақсимлаш иншооти Зафаробод ва Арнасой туманлари аҳолисига хизмат кўрсатади. Бироқ ҳудудда ичимлик суви таъминоти борасида жиддий муаммолар юзага келган эди. Шу боис Президентимизнинг 2012 йил 15 февралдаги қарорига мувофиқ, бу ерда кенг кўламли модернизациялаш ва реконструкция ишларини амалга оширишга киришилди.
— Натижада 100 мингдан ортиқ аҳоли хонадонида ичимлик суви таъминоти тубдан яхшиланади, — дейди лойиҳа раҳбари Собир Абдусатторов. —  Бунда Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган қарийб 26 миллион долларлик инвестиция ҳамда давлатимизнинг 6,3 миллион доллар миқдоридаги маблағи қўл келмоқда. Қолаверса, бу соҳада катта тажрибага эга пудратчи корхоналарни жалб этиш мақсадида халқаро миқёсда тендер эълон қилиниб, унда ғолиб чиққан Жанубий Кореянинг “GS Neotek.Itd” ва “Sihgdoh.co.ltd” компанияларидан иборат консорциум бинокорлари қурилиш ишларига масъул этиб белгиланди.
2016 йилнинг ёзида якунланадиган лойиҳага кўра, 100 километрлик узунликдаги сув тармоқлари, 15 та сув тақсимлаш иншооти реконструкция қилиниб, 5 та тик қудуқ қайта таъмирланади ва яна 5 та қудуқ янгидан қазилади. Жорий йилнинг ўтган даврида ушбу йўналишда қарийб 8,9 миллион АҚШ долларига тенг маблағ ўзлаштирилиб, 18,5 километрлик тарқатувчи сув тармоқлари ётқизилди, 26 километрлик асосий сув тармоқларида эса қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилмоқда.
Айтиш жоизки, лойиҳа доирасида “Қўйтош” туманлараро сувоқова корхонаси моддий-техник имкониятлари янада яхшиланиб, бу ерга 39 та замонавий машина-механизм олиб келиш режалаштирилган. Ҳозиргача улардан 19 таси келтирилди. Бундан ташқари, ҳадемай, корхонадаги сув тақсимлаш-таъминлаш иншоотларига энергия тежовчи илғор ускуналар ўрнатилади. Автоматлаштирилган диспетчерлик хизмати, электрон бошқарув тизими жорий этилади. Натижада нафақат Арнасой ва Зафаробод, балки Жиззах ва Дўстлик туманларидаги қатор аҳоли пунктлари ҳам узлуксиз равишда ичимлик суви билан таъминланади. Бу эса истиқболда мазкур ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли турмуш фаровонлиги янада юксалади, деганидир.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.





Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn