Озиқ-овқат саноати: Мақсадли дастурлар самараси
  • 14 Февраль 2014

Озиқ-овқат саноати: Мақсадли дастурлар самараси

Президентимиз Ислом Каримов мамлакатни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида  таъкидлаганидек, Ўзбекистонимиз бир пайтлардаги аграр республикадан босқичма-босқич равишда саноати ривожланган замонавий давлатга айланиб бораяпти.

Шубҳасиз, бу иқтисодиёт тармоқлари, айниқса, саноатда амалга оширилаётган чуқур таркибий ўзгаришлар ва ҳаётий дастурларнинг юксак самарасидир.
Дарҳақиқат, истиқлол йилларида саноатнинг тамомила янги тармоқларига асос солиндики, пировардида қўшимча қийматга эга рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш ҳажми муттасил кўпайиб бораяпти. Буни биргина мисол, яъни ялпи ички маҳсулот таркибида саноатнинг улуши 24,2 фоиздан ошганида ҳам кўриш мумкин. Ҳолбуки, ушбу кўрсаткич 2000 йилда 14,2 фоизга тенг эди, холос.
2013 йил, айниқса, саноатимиз салоҳиятини юксалтириш, таъбир жоиз бўлса, жабҳада янги саҳифа очиш даври бўлди. Бу унинг юқори технологияларга асосланган тармоқлари, хусусан, озиқ-овқат саноатида ҳам кўзга яққол ташланмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ички ва ташқи инвестициялар жалб этилган ҳолда, янги корхоналар ишга туширилаётгани, мавжуд қувватлар изчил модернизация қилинаётгани ютуқлар гарови бўлаётир.
Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмасидан маълум қилишларича, 2013 йили тизим корхоналари томонидан таққослама нархларда 3,3 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, барқарор ўсишга эришилди. Жумладан, рафинацияланган ёғ, маргарин, қандолат маҳсулотлари, шакар, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, сариёғ, бринза ва пишлоқ каби муҳим озиқ-овқат неъматлари тайёрлаш борасида кескин ўсиш кузатилди. Шубҳасиз, бунда давлатимиз раҳбари томонидан 2010 йил 15 декабрда имзоланган “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан кўрилган чора-тадбирлар муҳим омил бўлди.
 Таъкидлаш керакки, бугунги кунда ички бозор, асосан, ўзимизда ишлаб чиқарилган истеъмол товарлари билан тўлдирилаяпти. Илгари юртдошларимизнинг айрим маҳсулотларга бўлган эҳтиёжи импорт эвазига таъминланган бўлса, эндиликда улар “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан экспорт ҳам қилинаяпти. Поёнига етган Обод турмуш йилида экспорт ҳажми аввалги йилдагига нисбатан қарийб 15 фоиз ошгани бунга далил бўла олади. 
— Президентимиз сармоясиз тараққиёт йўқ, дея кўп бор таъкидлайди. Чиндан ҳам, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш дейсизми, янги корхона барпо этишми — буларни  инвестициясиз тасаввур қилиб бўлмайди, — дейди Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси эксперти Фахриддин Калонов. — Шу боис соҳага инвестицияларни жалб этиш, чет эллик сармоядорлар иштирокида янги лойиҳаларни амалга ошириш масаласи доимий эътиборда. 2013 йил давомида уюшма таркибидаги корхоналарда умумий қиймати 78,9 миллион АҚШ долларилик 32 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилгани ушбу саъй-ҳаракатлар туфайлидир. Шу ўринда бу борадаги кўрсаткич аввалги йилдагига нисбатан қарийб 3 баробар кўпайгани, уларда озиқ-овқат саноатининг барча йўналишлари қамраб олинганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Таҳлилларнинг кўрсатишича, инвестициявий лойиҳалар рўёбида нафақат сармояларни жалб қилиш, балки чекка ҳудудларга саноатни олиб кириш, соҳанинг янги йўналишларини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби жиҳатлар ҳам инобатга олинган. Айтайлик, Ургут туманидаги “Спектрум транс” масъулияти чекланган жамиятида 3,1 миллион АҚШ долларилик лойиҳа шарофати туфайли йилига 10 минг тонна мева-сабзавот қайта ишланса, Сайхунобод туманидаги “Раҳматулла Чорвадор” фермер хўжалиги қошида 3,8 миллион АҚШ доллари эвазига бунёд этилган корхонада 800 тонна сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Шунингдек, Термиз шаҳрида ишга туширилган “Сурхондарё савдо импекс” масъулияти чекланган жамияти аҳоли дастурхонига 2 минг тонна қандолат маҳсулотлари тортиқ қилиш имкониятига эга.
Республикамизнинг чекка ҳудудларида ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган кўплаб шундай замонавий корхоналар барпо этилаяпти. Бинобарин, иқтисодиётимизга жалб қилинаётган инвестицияларнинг асосий қисми, биринчи навбатда, ишлаб чиқариш объектларини қуриш, уларни энг илғор ускуналар билан жиҳозлашга йўналтирилмоқда. Жумладан, 2013 йилги ҳудудий дастурлар доирасида жойларда 1545 та инвестициявий лойиҳа якунланиб, салкам 17 минг 500 та иш ўрни яратилди.  
Оролбўйи минтақасида янгидан ташкил этилган “Қўнғирот натрий сульфат” шуъба корхонаси ўтган йили муваффақиятли амалга оширилган йирик лойиҳалардан биридир. Бу ерда 5,1 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилиб, хорижнинг юқори унумли технологик линиялари ўрнатилди. Айни пайтда 50 кишилик аҳил жамоа томонидан кунига салкам 150 тонна юқори сифатли ош тузи тайёрланиб, харидорларга пешма-пеш етказиб берилмоқда.     
Корхонанинг тез орада фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган иккинчи босқичида импорт ўрнини босувчи натрий сульфат ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади. Агар республикамизда бундай муҳим саноат хом ашёсига бўлган эҳтиёж катта эканлигини инобатга оладиган бўлсак, лойиҳа нечоғлиқ наф келтириши ойдинлашади. Дастлаб саноатнинг металлургия, тўқимачилик, терини қайта ишлаш, ювиш воситалари, шиша ишлаб чиқариш каби тармоқларига йилига 21 минг тонна маҳсулот етказиб берилса, кейинчалик бу кўрсаткич 3-4 баробар оширилади. Бунинг учун Устюрт кенгликлари зарур минерал — мирабилит тузларининг бой захирасига эга.
Рақобат тобора кучайган ҳозирги шароитда соҳага замонавий технологияларни татбиқ этишга устувор вазифа сифатида қаралаётгани бежиз эмас, албатта. Чунки юқори унумли ва тежамкор ускуналарни қўлламай туриб, харидорлар дидига мос маҳсулот тайёрлашнинг иложи йўқ. Шунинг учун уюшма тизимидаги корхоналарда маънавий жиҳатдан эскирган ускуналар такомиллаштирилганлари билан босқичма-босқич алмаштирилаяпти. Бу иш унумдорлигини оширишдан ташқари, хом ашё ва ёрдамчи материаллар сарфини камайтириш, электр энергияси ва бошқа табиий ресурсларни тежаш, маҳсулот таннархини пасайтириш имконини бераётир.  
Шу билан бирга, инсон саломатлиги учун фойдали бўлган истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, бу жараёнда ноанъанавий хом ашёлардан фойдаланиш борасидаги изланишлар ҳам изчил давом эттирилмоқда. Бунинг самараси сифатида ёғ-мой корхоналари томонидан 61,7 минг гектар лалми майдонда махсар, суғориладиган 34,7 минг гектар ерда такрорий экин сифатида кунгабоқар, минг гектар ерда соя парваришланиб, қарийб 42 минг тонна ҳосил олинганини айтиш кифоя.
— Жорий йилда ҳам бундай истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиб, ишлаб чиқариш ҳажми янада ортишига эришилади, — дейди Ф. Калонов. — Сабаби, Инвестиция дастури бўйича уюшма тизимидаги корхоналарда 42 та, ҳудудий дастурлар асосида эса қарийб 1200 та лойиҳанинг тўлиқ ижроси таъминланади. Шу мақсадда инвестицияларни жалб қилиш, технологик ускуналарни келтириш чора-тадбирлари кўрилаяпти.
Ҳар қандай давлатнинг иқтисодий тараққиёти, аҳолисининг турмуш даражаси яхшиланиши бевосита саноат ривожига боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонимизда иқтисодиётнинг бошқа соҳалари қаторида озиқ-овқат саноати ҳам йил сайин ривожланаётгани пишиқ-пухта ислоҳотлар меваси бўлиб, бу барчамизда мамнуният туйғусини уйғотаётгани ҳақиқат.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn