Идоралараро комиссия йиғилиши
  • 27 Декабрь 2014

Идоралараро комиссия йиғилиши

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссияси ҳамда унинг доимий фаолият кўрсатувчи таҳлилий ишчи гуруҳи аъзолари, Бош прокуратура ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Ички ишлар вазири, прокурори, Сирдарё вилояти ҳокими, прокурори ва ички ишлар бошқармаси бошлиғи иштирок этди.
Мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси ва Сирдарё вилоятида одам савдосига қарши курашишга доир қонунчилик ижроси юзасидан ўтказилган мониторинг натижалари, шунингдек, республикада аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда белгиланган тартибда чет давлатларда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий ҳимояси масалалари муҳокама этилди.
Одам савдосига қарши курашиш бўйича ушбу ҳудудларнинг идоралараро комиссиялари, давлат органлари, жамоат ташкилотлари ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан соҳадаги қонунчилик ижросини таъминлашда муайян ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.
Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш, унинг оғир оқибатлари ҳақида аҳолини хабардор қилиш мақсадида “Одам савдоси — давр муаммоси” тарғибот лойиҳаси доирасида 1,5 мингдан ортиқ тадбирлар ўтказилиб, уларда 120 мингга яқин фуқаролар қатнашди. Жамоат жойларида одам савдоси жиноятларидан огоҳ этувчи кўргазмали тарғибот воситаларини ўрнатиш ҳамда тарқатишга алоҳида эътибор берилган. Натижада ушбу ҳудудларда одам савдоси жиноятларининг камайиши кузатилган.
Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини яратиш одам савдосининг олдини олишда муҳим омил экани инобатга олиниб, бу борада тасдиқланган дастурлар ижросини таъминлаш мақсадида муайян ишлар амалга оширилган.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 11 ойида 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига мувофиқ, республика бўйича 930,5 мингта янги иш ўрни яратилди ҳамда 1,1 мингта бўш иш ўринлари ярмаркасида 60,8 минг нафар фуқарога ишга йўлланма берилган.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси ва Сирдарё вилоятидаги айрим туман ҳамда шаҳар комиссияларида одам савдоси жиноятларининг олдини олиш ва унга қарши курашишда ҳамда мамлакатда иш ўринларини ташкил этиш, аҳоли, айниқса, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлашда хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги танқид остига олинди.
Тадбирда жойларда ҳудудий идоралараро комиссиялар, давлат идоралари, жамоат ҳамда нодавлат ташкилотлари бу борадаги фаолиятни янада жадаллаштиришлари, ўзаро ҳамкорликни кучайтиришлари лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Йиғилиш якунида мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва ушбу йўналишдаги фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган қарор қабул қилинди.

Одам савдосига қарши курашиш бўйича
Республика Идоралараро комиссияси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn