«Ўзбекистон темир йўллари»: модернизация — юксалиш гарови
  • 25 Декабрь 2014

«Ўзбекистон темир йўллари»: модернизация — юксалиш гарови

Президентимизнинг Конституциямиз қабул қилинганининг йигирма икки йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида мамлакатимизда ўтган йиллар давомида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди.

Дарҳақиқат, юртимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларининг кўлами ниҳоятда кенг. Рўёбга чиқарилаётган ҳар бир лойиҳа замирида, аввало, халқимиз манфаати, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашдек эзгу мақсадлар мужассам. Буни темир йўл тармоғида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.
Айтиш жоизки, “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси томонидан темир йўл транспорт-коммуникация тизимини мустаҳкамлаш, ташувларнинг ишончлилик ва хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кейинги йилларда мазкур соҳа вакилларининг фидойи меҳнати туфайли 1100 километрдан зиёд янги темир йўл тармоқлари барпо этилгани, 3800 километрлиги модернизация қилингани, қарийб 1000 километрлик темир йўл магистраллари электрлаштирилгани ана шундан далолат беради.
Темир йўлларимиздаги бу каби янгиланишлар ҳақида сўз борганда, Президентимизнинг “2011 — 2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорига алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Негаки, ушбу ҳужжат ижроси доирасида компания томонидан амалга оширилаётган устувор лойиҳалар қаторида “Мароқанд — Қарши” ҳамда “Қарши — Термиз” участкаларини электрлаштириш ишлари бошланган эди. Бугунги кунга келиб лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 140,8 километрлик “Мароқанд — Қарши” участкасида йўллар таъмирланиб, тупроқ кўтарма ишлари якунига етказилди. 3800 та темир-бетон таянчига пойдевор бетонлари ўрнатилди. Шунингдек, 981 дона анкер пойдевор ўрнатилди. Темир йўлнинг эгри қисмларини тўғрилаш учун 1 миллион 448,5 минг куб метр тупроқ ишлари бажарилиб, темир-бетон таянчларига 2 минг 579 та консол монтаж қилинди. Электр симларини ўтказиш ишлари ҳам жадал давом эттирилмоқда. Яъни айни пайтда “Мароқанд”, “Гумбаз”, “Улус”, “Жом” станциялари ва уларнинг оралиқларидаги таянч ҳамда консолларга 70,6 километрдан ортиқ электр симлари тортилди.
— “Мароқанд — Қарши” ҳамда “Қарши — Термиз” участкаларининг электрлаштирилиши нафақат мазкур тармоқ, балки  мамлакатимиз иқтисодиёти тараққиётида ҳам муҳим аҳамият касб этади, —  дейди “1-сонли энергомонтаж поезди” унитар корхонаси раҳбари ўринбосари Абдураззоқ Қодиров. — Шу боис бу линияларда фаолият юритаётган темир йўлчилар масъулиятни яхши англаган ҳолда, электрлаштириш жараёнларини ўз вақтида бажаришмоқда.
Шу билан бирга, айни пайтда “Қарши — Термиз” линиясининг “Тошгузар” ва “Деҳқонобод” станцияларига темир-бетон таянчлар ва уларнинг пойдеворларини ўрнатиш ишлари ниҳоясига етказилган бўлса, “Қарши — Дашт”, “Дашт — Шўртан”, “Шўртан — Тошгузар”, “Қайирма — Бўзахўр”, “Жарқудуқ — Деҳқонобод” каби манзилларда темир-бетон таянч пойдеворлари қуриб битказилди. “Оқработ”, “Деҳқонобод” ва “Бойсун” станцияларида лойиҳадаги 192,086 минг куб метр тупроқ ишидан 98,97 минг куб метри бажарилди.
Албатта, темир йўлларни электрлаштиришда симларни ушлаб турувчи консоллар, мустаҳкам темир конструкциялар, таянчлар ва уларнинг пойдеворлари асосий мезон саналади. Эътиборлиси шундаки, илгари бу каби маҳсулотлар хориждан келтирилар эди. Эндиликда эса улар маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилиб, қурилиш объектларига мунтазам етказиб берилаяпти. Масалан, пойтахт вилоятидаги “Binokor temir-beton servis” қўшма корхонаси томонидан мазкур электрлаштирилаётган участкалар темир-бетон маҳсулотлар билан таъминланаётган бўлса, станцияларга ўрнатилаётган металл конструкциялар “Йўл электр механик устахоналари” очиқ акциядорлик жамиятида тайёрланмоқда. Электр симлари учун консоллар эса “Metal polimer technologies” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаяпти. Буларнинг бари ишнинг сифатли ва белгиланган муддатларда амалга оширилишида айни муддао бўлаётир.
Мухтасар айтганда, мазкур лойиҳа тугаллангач, поездлардан фойдаланиш сарф-харажатлари 40 фоиз камайиб, йўловчи ҳамда юкларни манзилга етказиш тезлиги 1,3 баробар ошади, бу эса, табиийки, темир йўлнинг ўтказиш имкониятини ҳам юксалтиради. Шу нуқтаи назардан қараганда, у нафақат Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, балки қўшни мамлакатлар, қолаверса, бутун минтақанинг ҳар томонлама тараққий этишига хизмат қилади.


М. МУРОТОВ.
А. МАМАДАМИНОВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn