Тадбиркорларга божхона қулайликлари
  • 25 Декабрь 2014

Тадбиркорларга божхона қулайликлари

Давлат божхона қўмитасида Президентимизнинг “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан божхона органларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда интернет орқали кўрсатилаётган интерактив хизматларга бағишланган анжуман ташкил этилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, жаҳон амалиётида қабул қилинган бизнесни юритиш шароитларини баҳолаш мезонларини жорий этиш ва шу асосда юртимизнинг халқаро рейтингини янада ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 15 апрелдаги мазкур қарори лицензиялашни ва рухсат бериш характерига эга ҳужжатларни тақдим этиш механизмларини янада соддалаштириш ва арзонлаштириш, шунингдек, тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш борасида дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Зеро, ушбу ҳужжатга мувофиқ, фаолиятнинг лицензияланадиган турларини ва рухсат этиш характерига эга тартиботларни расмийлаштиришнинг йиғимлари миқдори қисқартирилди. Жумладан, божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолияти билан шуғулланишга лицензия олиш ҳужжатларини кўриб чиқиш йиғими бекор қилинди. Шу билан бирга, мазкур фаолиятларни лицензиялашда ҳужжатларни “бир дарча” тамойили орқали тақдим қилиш механизми йўлга қўйилди.
Қарордан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг айрим ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 17 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг товарларни қайта ишлаш билан боғлиқ қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига тегишли ўзгартишлар киритилди. Яъни товарларнинг қайта ишлаш жараёни техник иқтисодий асосларини Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан келишиш ҳамда товарларни қайта ишлашнинг Ўзбекистон Республикаси иқтисодий манфаатларига мувофиқлиги тўғрисида хулосалар бериш эндиликда фақатгина устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши мавжуд корхоналар томонидан амалга оширилаётган қайта ишлаш операциялари учун талаб қилинади. Шунга мос равишда товарларни “вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш)” ва “реэкспорт” божхона режимига жойлаштиришда ҳужжатларни электрон равишда тақдим этиш бўйича тегишли дастурий таъминот ишлаб чиқилиб, ягона давлат интерактив хизматлари портали орқали амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.
Тадбирда божхона органлари томонидан кўрсатилаётган интерактив хизматлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Қайд этилганидек, сўнгги йилларда божхона соҳасининг турли йўналишлари бўйича ахборотларни реал вақт режимида йиғиш, назорат ва таҳлил қилиш, қайта ишлашга мўлжалланган 24 та ахборот дастури жорий этилиб, Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига бирлаштирилди, 14 таси давлат ахборот тизими сифатида рўйхатдан ўтказилди. Шунингдек, 2014 йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектлари учун интерактив хизматлар ташкил этишга асосий эътибор қаратилиб, Давлат божхона қўмитаси расмий веб-сайти орқали ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун 17 та интерактив хизмат амалиётга татбиқ этилди.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзига тегишли божхона тўловлари ҳақида маълумотларни, солиштирув далолатномаларини, автомобиль ёки темир йўлларда ташилаётган ўз юклари ҳолатини, Божхона омборлари тўғрисида маълумотларни олиш ва ташқи иқтисодий фаолиятга тегишли контрактларни электрон тақдим этишни амалга оширишга қаратилган 6 та интерактив хизмат ишлаб чиқилиб, Ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграция қилинди. Бу эса, ўз навбатида, божхона расмийлаштирувини соддалаштириш, ташқи савдо иштирокчилари ва божхона ходимлари учун қулайликлар яратиш, давлат бюджетини тўлдириш ҳамда божхона тўловлари йиғилувчанлигини ошириш, божхона қоидаларини бузиш ҳолатларини аниқлаш ва контрабандага қарши курашишда муҳим омил бўлмоқда.


З. ХОЛТЎРАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn