Кокос пўстлоғида қулупнай пишади
  • 25 Декабрь 2014

Кокос пўстлоғида қулупнай пишади

Жомбой туманилик тадбиркор Равшан Равшанов саъй-ҳаракати билан Жанубий Корея технологияси асосида замонавий иссиқхона мажмуаси қурилиб, ишга туширилди.
Айни пайтда бу ерда қулупнай етиштирилмоқда. Тадбиркорнинг таъкидлашича, қишнинг айни қорли-қировли кунларида ички бозорга 30 тоннагача шу турдаги маҳсулотни чиқариш мўлжалланаяпти. 

— Умумий қиймати 350 минг АҚШ долларилик инвестиция ҳисобига амалга оширилган мазкур лойиҳа “KUTeC” Ўзбекистон — Жанубий Корея қўшма корхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилди, — дейди Р. Равшанов. — Қизиғи шундаки, иссиқхонада қулупнай етиштириш жараёнида тупроқдан фойдаланилмайди. Кўчатлар Шри-Ланкадан махсус келтирилган кокос пўстлоғига экилади.
— Бундай усул кўчатнинг озиқланишини яхшилайди, — дейди Жанубий кореялик агроном Сон Ун Сок. — Ниҳоллар махсус тайёрланган витаминли озуқалар билан тўйинтирилган сувдан, томчилатиш йўли орқали суғорилади. Бу усул ёрдамида қулупнайдан 2-2,5 ойда ҳосил олиш мумкин. Қолаверса, ушбу экин ҳосилга кириши учун иссиқхона ҳарорати 5 даражадан юқори бўлса, кифоя. Эътиборлиси, ҳозирданоқ қўшни мамлакатлардан ушбу сервитамин мевага буюртмалар кела бошлади.


Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn