Автомобилсозларимиз муваффақияти
  • 24 Декабрь 2014

Автомобилсозларимиз муваффақияти

Ўзбекистонлик бир гуруҳ мутахассислар Японияда ўтказилган “Isuzu” автомобилларига техник хизмат кўрсатиш бўйича халқаро танловда фахрли учинчи ўринни қўлга киритдилар. Бу юртимиз автомобилсозларининг юксак салоҳият, бой тажрибага эга эканлигининг яна бир амалий тасдиғи бўлди.

Автомобилсозлик юртимиз саноатининг энг навқирон, шу билан бирга, жадал ривожланаётган тармоғи ҳисобланади. Чунки мамлакатимизда жуда қисқа вақт ичида енгил автомобиллар, юк машиналари ва автобуслар ишлаб чиқариш муваффақиятли ўзлаштирилди. Уларнинг техник кўрсаткичлари ва сифати юқорилиги боис ташқи бозорда ҳам талаб катта.
2007 йилда Самарқанддаги “СамАвто” автомобиль заводида Япониянинг “Isuzu” компанияси томонидан тайёрланган шассилар асосида юк ташиш машиналари ва автобусларнинг тизимли ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилгани соҳадаги навбатдаги ютуқ бўлди. Орадан кўп ўтмай, аниқроғи, 2008 — 2010 йилларда тармоқда яна бир янги саҳифа очилди: “Isuzu”нинг оғир юк ташувчи ва ўзи тортувчи машиналари тайёрлана бошланди.
Айни пайтда корхонада автомобиль моделларини кўпайтириш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Газ двигателлари ёрдамида ҳаракатланувчи автомобиллар билан бир қаторда, автобусларнинг янги авлодини ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу каби ижобий ўзгаришлар эса завод мутахассисларини 2005 йилдан буён мунтазам равишда ўтказиб келинаётган мазкур халқаро танловда иштирок этишга руҳлантирди, десак, асло муболаға бўлмайди.
Шу ўринда айтиш жоизки, Кунчиқар юртнинг Кавасаки шаҳрида жойлашган “Isuzu” малака ошириш марказида уюштириладиган ушбу танловда “Isuzu” гуруҳига кирувчи барча завод ва хизмат кўрсатиш марказларининг энг сара мутахассислари қатнашади. Бунинг учун улар саралаш босқичларида синовдан ўтказилади. Эътиборлиси, ўзбекистонлик мутахассислар — автомобиллардан фойдаланиш назарияси инструктори Михаил Фирсов ҳамда автомобиль йиғиш бўлимининг усталари Алишер Қобилов ва Даврон Абулқосимов дастлабки синовданоқ хорижлик мутахассислар назарига тушиб, якуний босқич йўлланмасини қўлга киритган эди.
Техник мусобақа назарий (ёзма) ва амалий машғулотлардан иборат бўлиб, уни жамоалар белгиланган муддат ичида бажариши шарт. Вақт тиғизлигига қарамасдан, Ўзбекистон жамоаси таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш қўлланмаси талаблари асосида шасси, двигатель ва ёритиш мосламаларидаги мавжуд носозликларни тўғри аниқлаб, маҳоратларини намойиш этдилар. Ўз навбатида, механика, электрик манба, двигателлар назариясини қамраб олган саволларга ҳам тезкорлик билан жавоб беришди. Пировардида юртдошларимиз энг юқори кўрсаткич (60 балл)дан атиги 6 балл кам тўплаб, учинчи ўринга лойиқ, деб топилди.
Япониялик ҳакамлар бундай юксак натижага эришилишини Ўзбекистонда ҳар бир мутахассисни юксак салоҳиятли, ўз касбининг устаси этиб етиштиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани, ёшларга эса пухта билим олиб, уни амалиётда қўллаш учун барча зарур шарт-шароит яратилгани билан изоҳлашмоқда. Бундай эътироф ҳар бир юртдошимиз қалбида қувонч ва ифтихор ҳиссини уйғотиши, шубҳасиз.

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn