Обод манзиллараро кўприк
  • 24 Декабрь 2014

Обод манзиллараро кўприк

Йўллар азал-азалдан узоқ-яқин ҳудудлар ва давлатларни туташтириб, одамларнинг оғирини енгил, манзилини яқин қилиб келган. Шу боис йўл ва кўприклар қуриш энг эзгу, шарафли ҳамда савоб иш ҳисобланган.

Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда бу масалага, айниқса, алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида Навоий вилоятида халқаро ва давлат аҳамиятига молик янги йўллар қурилди, мавжудлари тубдан реконструкция қилинди. Бошқача айтганда, цемент-бетон, асфальт-бетон, тош-шағал қопламали йўллар икки баробар кўпайди.
“Навоийавтойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш корхонасида салкам 1400 киши меҳнат қилади. Улар воҳа ҳудуди, жумладан, Қизилқум кенгликларида амалга оширилаётган бунёдкорлик юмушларининг нечоғли масъулиятли, эл-юрт, она-Ватан равнақи учун фойдали эканлигини жуда яхши билишади. Шунинг учун ҳам, йўлларни таъмирлаш, қайта қуриш, янгидан бунёд этишда сифат ва самарадорликни оширишга ҳаракат қилишаяпти. Фақат жорий йилда қурилиш-монтаж ишларини бажаришда 2013 йилнинг шу давридагига нисбатан қарийб 30 фоиз ўсишга эришилгани ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.
— Бугунги кунда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 24 майдаги “2014 йилда умумфойдаланувдаги халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини тўла таъмирлаш дастури тўғрисида”ги қарори ижросини муваффақиятли таъминлашга асосий эътиборни қаратаяпмиз, — дейди  корхона бош мутахассиси Дилшод Пирназаров. — Унга кўра, вилоят ҳудудидаги халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини тўла таъмирлаш бўйича 7 та объектда иш олиб борилмоқда. Шу билан бирга, Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси буюртмасига мувофиқ, маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўлларидаги 8 та объект ва 5 та кўприкда ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаяпти.
Таъкидлаш керакки, яқинда фойдаланишга топширилган Навоий шаҳрининг Навоий ва Низомий кўчалари кесишувидан катта автомобиль йўлига туташувчи 3,4 километрлик янги йўл навоийликлар ва меҳмонлар учун ҳақиқий Янги йил совғаси бўлди. Уч йил мобайнида бу ерда қарийб 11 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари рўёбга чиқарилиб, турли хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари фаолияти йўлга қўйилди. Замонавий қиёфа касб этган 5 та кўприкни эса бунёдкорлар меҳнатининг юксак натижаси, дейиш мумкин.
Бундай эзгу ишларни адо этишда Навоий кўприк хўжалигини сақлашга ихтисослаштирилган таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси алоҳида намуна бўлмоқда. Бундан ташқари, 69 километрлик халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўллари ҳам ушбу жамоа тасарруфидадир.
Корхона директори Меҳриддин Сувоновнинг айтишича, йўлсозларнинг машаққатли меҳнати эвазига барпо этилаётган йўллар нафақат коммуникациянинг муҳим бўғини сифатида, балки вақтни тежаш, хавфсизликни таъминлаш, ҳудудлар қиёфасини кўркамлаштиришга хизмат қилаётганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Навоийлик йўлсозлар юқори натижаларга ўз-ўзидан эришаётгани йўқ. Корхонанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, жумладан, транспорт воситалари билан бойитишга етарли эътибор қаратилаётганлиги, таъмирлаш-қурилиш ишларида улардан самарали фойдаланилаётганлиги ютуқларнинг асосий омилларидан биридир. Гап шундаки, вилоят ҳудудидаги йўл қурилиш-таъмирлаш ишларида 250 тадан ортиқ турли техника имкониятлари қўл келмоқда. Биргина шу йилнинг ўзида корхонанинг Кармана, Нурота, Навбаҳор, Учқудуқ, Қизилтепа ва Хатирчи туманлари йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш ҳамда Навоийдаги кўприк хўжалигини сақлашга ихтисослаштирилган таъмирлаш-фойдаланиш корхоналарининг техника парки экскаватор, автосамосвал, юклагич, йўлсозлик ва сув сепиш машиналари каби 17 та техника воситаси ҳисобига кенгайтирилди. Бунёдкорлик юмушларининг ўз вақтида, сифатли бажарилишида, шунингдек, мавжуд 7 та асфальт-бетон цехининг тўла қувват билан ишлаётгани ҳам катта аҳамият касб этмоқда.
Мухтасар айтганда, навоийлик йўлсозларнинг машаққатли меҳнати ва давлатимизнинг соҳага қаратаётган беқиёс эътибори самараси ўлароқ, бугун шаҳарлару қишлоқларда равон йўллар қурилмоқда. Улар эса обод манзиллараро кўприк сифатида иқтисодиётимиз ривожига, халқимиз турмуш фаровонлиги янада юксалишига хизмат қилаётир.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn