Муқобил энергия истиқболлари
Версия для печати
  • 24 Декабрь 2014

Муқобил энергия истиқболлари

Пойтахтимизда мамлакат энергетика тизими истиқболига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети, Фанлар академиясининг Энергетика ва автоматика институти, “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси ҳамда “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда юртимиз олимлари, чет эллик мутахассислар, соҳага ихтисослаштирилган корхоналар раҳбарлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, профессор-ўқитувчилар ҳамда ёшлар қатнашди.
Маълумки, ҳозирги кунда республикамизда саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш, уларда  тежамкор технологияларни қўллаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини татбиқ этиш борасида улкан ишлар амалга оширилаяпти. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бунда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, диёримизда йилнинг аксарият даврида қуёш чарақлаб туради. Бу эса унинг нуридан саноат миқёсида электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Қолаверса, мамлакатимизнинг барча ҳудудида тинимсиз эсиб турувчи шамолдан  ҳам электр қуввати ҳосил қилишда фойдаланиш мумкин.
Демак, Ўзбекистонда ушбу йўналишда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун шарт-шароитлар етарли. Бу борада Тошкент давлат техника университетида малакали кадрлар тайёрланиб, унинг илмий тадқиқот марказларида илғор ишланмалар, самарали изланишлар олиб борилаётгани диққатга сазовордир.
Анжуманда олимларимизнинг муқобил энергетика соҳасидаги изланишларига бағишланган маърузалари тингланди, илм-фан ютуқлари намойиш этилди. Мазкур ишланмалар хорижлик мутахассисларда ҳам катта қизиқиш уйғотди ва келгусида бу борада ҳамкорликни йўлга қўйиш  муҳимлиги таъкидланди.
— Энергетика соҳасини янада равнақ топтириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир, — дейди университетнинг энергетика факультети декани Тўлқин ўойипов. — Шу боис саноат корхоналари билан таълим муассасамиз ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришга катта эътибор қаратаяпмиз.
Анжуманда иштирокчилар муқобил энергияни ишлаб чиқариш ва унинг иқтисодий самарадорлигини ошириш хусусида фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

Д. СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn