Илғор ускуналар ва юқори сифат
  • 20 Декабрь 2014

Илғор ускуналар ва юқори сифат

Қарши шаҳридаги “Қарши таъмирлаш заводи” масъулияти чекланган жамияти “Ўзагромашсервис” тизимида қишлоқ хўжалиги агрегатлари ва уларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи йирик корхоналардан бири ҳисобланади.

Кейинги йилларда бу ерда амалга оширилган модернизация тадбирлари туфайли бир қатор янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Шу билан бирга, корхона жамоаси Япония, АҚШ, Германия сингари давлатларнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари тажрибасига асосланган замонавий бошқариш усулини тўлиқ эгаллади. Бошқача айтганда, улар эндиликда қишлоқ хўжалиги техникасини таъмирлаш баробарида, эҳтиёт қисмлар, шунингдек, металл конструкциялар ва халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш борасида биринчилардан бўлиб жаҳон андозаларига мос сифат менежменти тизимини йўлга қўйишди.
— Бундан бир неча йил аввал заводимизнинг барча ускуналари эскирган, бинолари таъмирталаб бўлиб қолган, хом ашё ва материаллар таъминоти деярли издан чиққан эди, — дейди унинг раҳбари Комил Жўраев. — Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқариш жараёнининг тўхташига олиб келганди. Ана шундай мураккаб бир шароитда ҳукуматимиз кўмаги ва банкдан олинган 720 миллион сўмлик кредит эвазига хориждан замонавий ускуналар харид қилиб, уларни тубдан таъмирланган металл қуйиш, темирчилик, механика, пайвандлаш, йиғиш каби цехларимизга ўрнатдик. Мутахассисларимизни замонавий технологияларни бошқариш бўйича ўқитиб, малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратдик. Ишчи-ходимларга етарлича шарт-шароитлар яратилди. Натижада корхонамиз қишлоқ хўжалиги техникаларининг барча тури учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи йирик саноат корхонасига айланди.
Шу кунларда эса пластмасса деталлар тайёрлашга мўлжалланган янги линияни ишга тушириш арафасида турибмиз. Бунинг учун Хитойдан  умумий қиймати 35 миллион АҚШ долларилик асбоб-ускуналар сотиб олдик.  
Дарҳақиқат, корхонада ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда. Юқори малакали муҳандис ва мутахассисларнинг саъй-ҳаракатлари боис харидорлар буюртмаси ўз вақтида бажарилаяпти.
Айни пайтда корхонада 230 киши меҳнат қилаётган бўлса, Қарши шаҳридаги саноат, қишлоқ хўжалиги ва политехника коллежлари битирувчилари ҳам амалиётни шу масканда ўташмоқда. Пировардида уларнинг аксарияти келгуси меҳнат фаолиятини мазкур корхонада давом эттираяпти. 
Мухтасар айтганда, бугунги кунда “Қарши таъмирлаш заводи” масъулияти чекланган жамиятида тайёрланаётган маҳсулотлар фермер ва деҳқонларимиз оғирини енгил қилиш билан бирга, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Шифобахш экстрактлар Табиий ранглар жилоси »